Қонуний киракашлик учун қанча харажат қилиш керак?

Ўтган йилнинг 11 апрель куни Президентимиз «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, 19 турдаги лицензияларни олиш тартиблари соддалаштирилиши назарда тутилган. Масалан, енгил автомобилга эга бўлган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор шаклида йўналишли такси сифатида йўловчиларни тижорат асосида ташиш ҳуқуқи берилган эди. Хўш, ўтган давр мобайнида  республикамизда энг кўп тарқалган меҳнат турларидан ҳисобланадиган киракашлик қилиш шартлари қай даражада ўзгарди? 

Ўз машинамни ўзим ижарага ҳайдайман

Кўп имтиёз ва имкониятлар яратилаётган бўлишига қарамай қоғозбозлик ҳамон камайгани йўқ, — дейди Тошкент шаҳрилик Шерзод Қосимов. — Ҳанузгача ўз машинамизда тирикчилик қилиш учун уни қайсидир фирма номига расмийлаштириб, кейин ижарага олишга мажбурмиз. Тўғриси, бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. Яқинда, енгил автомашинамда қонуний таксичилик қилишга қанча харажат ва вақт сарфлашим зарурлигини ҳисоблаб чиқдим. Аввало, автомашинамни йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ташкилотга ижарага берганимни нотариус орқали тасдиқлаб олишим керак. Мазкур хизмат бугунги кунда 430.000 минг сўм туради. Шундан сўнг,  машинамни сариқ рангга бўяшим зарур. Бу ҳам, албатта, текинга қилинмайди. Уста ҳақининг ўзига ўртача бир миллион сўм ажратасиз. Яна қўшимча саноқсиз ҳужжатлар бор. Уларни бир бошдан санаб ўтирмоқчи эмасман. Ҳужжатларни расмийлаштиришни кўтарасига етти юз минг сўм, деб ҳисобласа бўлади. Транспорт вазирлиги аризамни кўриб чиққани учун 223.000 сўм олади. Бир йиллик лицензияга 669.000 сўм тўланади. Мажбурий суғурта 44.000 минг сўм, йўловчиларни ташиш суғуртаси 661.000 сўм, шашка, наклейка, яшил чирок, таксометр 4.5-5 млн. сўм атрофида бўлади. Шуларнинг барини бажарсам, қонуний таксичига айланаман. Ана энди ўз машинамда таксичилик қилганим учун менинг машинамни ижарага олган ташкилотга кунига 33.000 сўмдан бериб борсам бўлади. Ташкилот эса менга фақат меҳнат дафтарчаси очади, иш стажим ёзилади.

Киракашлик ҳавас эмас

Ҳозирда аҳолини доимий иш билан таъминлаш масаласига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиляпти. Шубҳасиз, киракашлик қилиб ўзини иш билан таъминлаш ҳам мамлакатимиздаги соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади. Бу соҳадаги қоғозбозлик, жаримабозликни кўпайтириш эса умумий мақсадга фақат зиён етказиши тайин.

— Бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида қонуний рўйхатдан ўтиб ишлайдиган беш мингдан ортиқ такси автомашиналари мавжуд, — дейди «Тошшаҳартранс» АЖ ахборот хизмати бўлими бошлиғи Равшанбек Ёқубжонов. — Лекин ўрганишлар пойтахтликларнинг такси хизматларига бўлган эҳтиёжи 9 мингдан ортиқни ташкил қилишини кўрсатмоқда. Вилоятларда ҳам вазият тахминан шунга яқин. Аммо бу таксичилик фаолияти билан шуғулланадиганлар етишмайди дегани эмас. Зеро, бугун автомашина эгаларининг аксарияти аҳолига такси хизматларини кўрсатиши, ноқонуний фаолият олиб бориши ҳеч ким учун сир эмас. Албатта, лицензия олиш қоидаларининг мураккаблиги ҳам мазкур ҳолат авж олишининг сабабларидан бири саналади. Соҳада чалкашликлар ҳамон мавжуд. Ҳозирда уларни бартараф қилиш борасида ҳукумат идоралари иш олиб бормоқда. Таксичилик қилиш учун қисқа муддатли лицензияларни жорий этиш услублари муҳокама қилиняпти. Бунда қисқа муддат таксичилик қилишни истайдиган ҳайдовчига рухсатнома бир, икки ёки ўн кунга давлат хизматлари марказлари орқали тақдим қилинади. Ўша жойнинг ўзида ташкил этиладиган банк кассасига прогноздаги даромаддан солиқ, суғурталар ва бошқа бадалларни ўз ичига оладиган тўлов амалга оширилади. Тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг ўндан бири ёки бошқа суммада белгиланади. Узоқ муддатли лицензиялар олишни истайдиган фуқароларга эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш таклиф қилинади.

Фармон ижроси нега пайсалга солиняпти?

Шу ўринда Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талабларини мутасаддиларга яна бир бор эслатиб қўйиш лозим. Зеро, фармонга кўра мазкур масалаларни тартибга солиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга белгиланган уч ой вақт аллақачонлар ўтиб кетган. Аммо мутасаддилар ҳамон «режалаштирмоқдалар». Режаларнинг тезроқ амалга ошиши кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўларди.

 Улуғбек ИБОДИНОВ

 «Mahalla»

Изоҳ 1
Ғулом Х

2019-10-10 16:10:18

Қизиқ мавзу

Изоҳ қолдириш