Виртуал тиланчилик — янги иллатни ким ривожлантиряпти?

Технологик тараққиёт глобал интернет тармоғини инсон ҳаётига симсиз улаб қўйди. Энди ундан кечиб ҳам, четлаб ҳам ўтиб бўлмайди. Интернет янги имкониятлар билан бирга,  ижтимоий ҳаётимизда янгидан-янги иллатларга ҳам йўл очди. Тўғрироғи, реал ҳаётдаги яхшию ёмон одатларимиз онлайн платформага кўчмоқда.

Муҳтожларга ёрдам бериш, савоб илинжида яхшиликка интилиш халқимизнинг ибратли одатларидан. Аммо шу одатни суиистеъмол қилувчилар ҳам топилади. Виртуал тиланчилик бунинг бир кўриниши дейиш мумкин. Яхшилар кўмаги билан интернет тармоғида чиндан кўмакка муҳтож юртдошларимиз учун тез-тез хайрия акциялари ўтказиб турилади. Аммо фирибгарларнинг касрига бегуноҳ инсонлар қолаётгани, кимдир мажбурликдан ёрдам сўраса, уни ҳам товламачига чиқариш ҳоллари, афсуски, учраб турибди.

Асосан, майда фирибгарлик деб баҳоланадиган бундай ҳолатлар онда-сонда учраб турибди. Бироқ буларни майда десак, катталарига йўл очиб берган бўлмаймизми?

Масалан, телефонингизга SMS келади: «Довонда қолиб кетдим. Шу номерга фалон сўм «пайнет» қилиб беринг, илтимос». Кимдир унга ишониб ёрдам беришга тутинади. Аммо қараса, бу «бечора» тез-тез «довонда қолиб кетади»ган бўлиб чиқади. Интернет тиланчилик ҳақиқий ҳаётдаги тиланчиликдан фарқ қилади. Уни амалга оширувчилар аноним, ўзларини жамоат олдида ошкор қилмайдилар, ёлғон айтаётганини юзларига қараб билишнинг имкони йўқ, чунки уларнинг юзини ҳеч ким кўрмайди.

Сизга ҳам катта пул таклиф қилишдими?

Бир кун «Facebook»даги саҳифамга Исаак Оддентем деган фойдаланувчидан хабар келиб тушди. Ганадаги қандайдир банкда ишлайдиган бу шоввоз жиддий таклиф берди. Айтишича, банк мижозларидан бири, Габриел Зиё деган кимса вафот этибди. Унинг ҳисобида миллион доллар маблағ бор экан. Буни қарангки, унинг фамилияси меники билан бир хил чиқиб қолибди. Марҳумнинг фарзандлари ҳам йўқ экан. Исаак тоғанинг таклифига кўра, мен марҳумнинг вориси сифатида банкка мурожаат қилишим ва пулларни бўлишиб олишимиз керак экан. Йўқса, банк раҳбарлари бу маблағни ўзлаштириб олишини айтди. Ўзбек тилини қайдан ўрганганини сўрасам, «Google» таржимон» ёрдамида ёзганини билдирди. Кетма-кет саволлардан кейин Исаак тоға ўзини тушунмаганга сола бошлади. Инглизча саволларга ҳам довдираб жавоб берди. Унга ишонмаслигимни айтганимдан сўнг барча ёзганларини ўчириб юборди.

Бу глобал муаммоми?

90-йилларнинг охирида ­дунёда электрон почталар ривожланди. Ундан фойдаланишни билмайдиган одамлар кибер-тиланчиларнинг тузоғига илина бошлаган. Электрон тижорат тараққий топгач, товламачиларнинг ҳам ови юришди.

Шу кеча-кундузда бундай товламачиликнинг бошқа тури юз бермоқда. Телефонингизга сиз омадли мижоз сифатида миллионлаб одамлар орасидан танлаб олинганингиз ҳақида хабар келиб тушади. Энг сўнгги русумдаги мобил қурилма ютганингиз айтилади. Хабарни очсангиз, маълум қийматда тўловни амалга ошириш кераклиги кўринади. Маълум бўлишича, товламачилар махсус бренд ясаб, ўзлари қурилмаларга эълон тарқатаётган бўлиб чиққан.

Баъзида электрон почталарга фойдаланувчининг бир неча миллион ютгани ҳақида хабар юборилади. Пулни олиш учун интернет ҳисоб рақамингизни киритишингиз талаб этилади. Кейин эса сизга пулни ўтказиб берувчи комиссия мавжуд экани, уларга сиз ўз ҳисобингиздан пул тўлашингиз кераклиги, шундан сўнг мавжуд маблағни олишингиз мумкинлиги айтилади. Пулни ўтказиб берсангиз, сиз кирган саҳифа қайта ишга тушади ва маълумотларингизни ҳам қайта киритишингиз сўралади. Яна ўша комиссия, яна ўша пул мукофоти ҳақида гаплар...

Бундай товламачиликнинг турлари кўп ва ҳаммаси жозибадор ваъдалар билан бошланади. Масалан, қайсидир аъзо бўлган сайтингиз сизга фаоллигингиз учун мукофот пули бермоқчилигини айтишади; кўп реклама кўрганингиз учун ўзингиз билмасдан пул ишлаб топганингизни билдиришади; сизга турли сўровларда қатнашишни айтишади ва катта компаниялар ўтказадиган  бу сўровларда миллионлар ҳеч нарса эмаслигини эслатишади; сизнинг электрон манзилингиз миллионлар ичидан саралаб олингани ва бунинг пул ютуғи борлиги билдирилади ва ҳоказо...

Ҳимоя чораси сифатида...

Агар фейк-хабар юборилган бўлса, электрон хат охирида mail.ru, google.com, yandex.ru каби ишончли почта манзиллари бўлмайди. Сохта хабарлар қисқа ва содда бўлади. Ҳарфлари одатдагидан катта бўлади, турли рангларда бўлади. Сизга электрон хат юборган почтага сиз ҳам жавоб юборинг. Хат кетиши билан бир неча дақиқа ичида электрон почта хизмати сизга хат юборган почта мавжуд эмаслигини билдирувчи хат юборади.

Ҳолбуки...

— Интернет тизими бир-бирини алдаш, фирибгарлик майдонидек таассурот қолдирмоқда. Аслида интернет, ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб савобли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳатто дунё глобал тармоғида бунинг учун алоҳида сайтлар фаолият юритади, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати ходими Жавоҳир Қудратов. — Масалан, Websleuths сайти жиноятларни очишга мўлжалланган ва ҳаваскор терговчиларни ўзида бирлаштирган форумдир, NamUs — шахсларни аниқлаш тизими бўлиб минглаб бедарак кетган одамларни топишга кўмак беради. Doe  тармоғи эса шундай бедарак кетганларнинг маълумотлар базасидир. Бу тизим Шимолий Америка, Европа ва Автралия учун ишлайди. Миллий ахборот маконимизда ҳам шундай ижобий лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди. Худди шундай муҳтож инсонларга кўмак беришга мўлжалланган жамоатчилик асосида ишлайдиган онлайн форум яратиш ҳам мумкин.

Интернет тизимидаги жиноятларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

Хаккерлик — турли дастурлар ёрдамида ўзгаларнинг шахсий компьютерларига кириш, шахсий маълумотларни олиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар. АҚШда бу иш шахснинг дахлсизлигига таъсир ўтказиш деб қаралади ва жиддий жиноят ҳисобланади.

Ўғирлик — бу жиноят интернет тизимидаги муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ. Мусиқа, фильмлар, ўйинлар ва дастурларни юклаб олиш жараёнида содир бўлади. Айрим давлатларда ноқонуний юклаб олишларга қарши қонунлар мавжуд.

Кибер тазйиқ — интернет фойдаланувчиларнинг онлайн хабарлари, электрон почта хабарларини чеклаш орқали бўладиган тазйиқдир. Одатда бу ишни амалга оширувчилар ўз қурбонларини аниқ белгилаб оладилар ва уни интернет тизимидан ажратиб қўядилар. Кибер тазйиқ ҳам кибер ҳужум каби жиддий жиноят ҳисобланади.

«Шахсият»ни ўзлаштириш — бу интернетдаги тўлов операциялари ва банк хизматларини амалга оширувчилар учун жиддий хавф. Жиноятчи жабрланувчи номидан харидлар қилади, унинг кредит карталари, банк ҳисоб-рақамларидан фойдаланади ва жавобгарлик жабрланувчи зиммасида қолади.

Зарарли дастурлар — қурилмаларнинг дастурий таъминотини бузишга хизмат қилувчи дастурлар. Бу орқали жиноятчи қурилмадаги махфий маълумотларни ўзлаштиради.

Хулоса ўрнида

Виртуал тиланчи деб фақатгина ўзини муҳтож кўрсатиб, ўзгалардан ёрдам сўраб юрадиган кимсаларни эмас, алдов, фирибгарлик ва сохта таклифлар билан кишининг мулкига дахл қилувчи товламачиларни ҳам назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Халқимиз орасида тоғдай дардини бир чеккада енгиб яшаётган, муҳтожлигини бировга сездиришдан ийманиб борига шукр қилиб юрган одамлар камми? Шуларнинг кўз олдида муҳтожлик ниқоби остида кимнидир чув тушириб юриш инсонийликка тўғри келармикан? Интернет биз учун тараққиёт билан бирга турли таҳдидларнинг ҳам янги уфқларини очиб берди. Бундан ҳимояланиш ҳар бир инсоннинг фаросатига ва ахборий маданиятига боғлиқ.

Суҳроб ЗИЁДОВ

«Mahalla» 

Изоҳ 1
Farrux

2019-10-09 15:07:04

Kim ham bo'lardi xalqni o'zida

Изоҳ қолдириш