Янги автомобиль сотиб олганлар йўл жамғармасига пул тўлайдими?

—  Янги автомобиль сотиб олганлар йўл жамғармасига янги тартибда тўлов қилади деб эшитдим. Шу хусусда маълумот берсангиз.

У. СОБИРОВ.

Тошкент шаҳри.

Лайло РУСТАМОВА,

«UZAUTO MOTORS» акциядорлик жамияти матбуот хизмати ходими:

— Жорий йилнинг 1 октябридан Республика йўл жамғармасига йиғим тўлашнинг янги тартиби кучга кирди, унга кўра, йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланади. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, истеъмолчилар учун маҳаллий ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини сотиб олиш шароитларини яхшилаш мақсадида қабул қилинган. Янги тартибга кўра, 2019 йилнинг 1 октябригача тузилган янги транспорт воситаларини олди-сотди (етказиб бериш) шартномалари бўйича харид қилинган янги транспорт воситалари учун тўлов тартиби аввалгидек сақланиб қолади — йиғим йўл хавфсизлиги хизмати бошқармасида амалга оширилади.

2019 йилнинг 1 октябридан тузилган шартномалар бўйича харид қилинган автомобиллар учун Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган тўлов автомобиль нархига қўшилади ва тўғридан-тўғри маҳаллий транспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади. Иккиламчи бозорда сотиб олинган ва импорт билан олиб кирилган транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўловни тўлаш тартиби ўзгармади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш