Хива хони бош вазири Исломхўжа қисмати фожиали тугаганми?

Хива хонининг бош вазири Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғли (1872-1913) ўз даврининг ноёб шахсларидан, айниқса, хонликларда кам учрайдиган амалдорлардан бўлган. Шу боис унинг халқ манфаати, юрт тараққиёти ва озодлигини ўйлаб мамлакатда бошлаган ислоҳотлари мураккаб замон ва муҳитда кучли қаршиликка учради, тақдирининг фожиали якунланишига сабаб бўлди. Хонликнинг Исломхўжадек юксак мартабали тараққийпарвар, элпарвар амалдорининг кўзлаган эзгу мақсадлари нималардан иборат эди? Уларнинг амалга ошишига қандай кучлар тўсиқ бўлди?

Ислоҳотлар нимага қаратилганди?

— Исломхўжа Хоразмда энг нуфузли бўлган Саид Отойи хўжалардан Саид Муҳаммадхўжа мутаваллининг набираси эди, — дейди тадқиқотчи Умид Бекмуҳаммад. — Отаси Иброҳимхўжа Ферузхоннинг тоғаси бўлиб, Хонқа ҳокими бўлган, кейинчалик бош вазир лавозимини эгаллаганди. Мактаб ва мадраса таҳсилини олган Исломхўжа ҳам хонликнинг турли мансабларида хизмат қилади. Ферузхон томонидан у 26 ёшида бош вазир лавозимига тайинланади. 1910 йилда Ферузхон вафот этгач, тахтга унинг ўғли Исфандиёрхон чиқди. Исфандиёрхон бош вазир Исломхўжанинг куёви эди. У шу даврда хонликда ислоҳотлар ўтказишга киришди.

Бош вазир дастлаб хонга қуйидаги учта йўналишда ислоҳот ўтказишни тавсия қилади:

1. Хазинадаги даромаднинг бир қисмини мамлакатнинг умум фойдали ишларига — ер тузиш, йўл қурилиши, почта алоқаси, тиббий ва агрономия хизматига харжлаш;

2. Маҳбусларни ўрта аср услубида жазолашни бекор қилиш;

3. Хонликка қарашли ерларни турли тоифадаги одамларга тақсимлаш, тарқатиш, уларни ер солиғидан озод қилиш, ирригация ишларига эътиборни кучайтириш ҳамда натурал мажбуриятларни бекор қилиш.

Кўп ўтмай Исломхўжа ишлаб чиққан амалга ошириш зарур бўлган 10 банддан иборат ислоҳот режаси хон томонидан тасдиқланди.

Замонавий тизимнинг илк нишонлари

Ислоҳот самараси дастлаб солиқ ундирувчиларнинг халқдан йиғиб олган солиқнинг маълум бир фоизини ўзига олиб қолишига чек қўйилишида намоён бўлди. Аҳамиятлиси, давлат ер эгалиги, мулк ер эгалиги, вақф ер эгалигининг аниқ ҳисоб-китобини қилишга киришилди. Россиядан қурувчи-муҳандислар олиб келиниб, бу ишга жалб қилинади. Улар билан биргаликда хонликдаги каналларга темир кўприк ўрнатиш лойиҳаси тузилди, мавжуд барча майдонларни ўлчаб чиқишга киришилди. Хива шаҳрининг янги лойиҳаси тузилиб, унга кўра шаҳар энига уч баробар кенгайиши керак эди. 1910-1913 йиллар оралиғида Хиванинг ўзида почта-телеграф биноси, қишки сарой, замонавий касалхона, жадид мактаби барпо этилди.

Шунингдек, Исломхўжанинг ташаббуси ва маблағи ҳисобига Хивадан ташқари Янги Урганч, Шовот, Гурлан, Қўнғирот, Қўшкўпир ва Мўйноқ шаҳарларида ҳам жадид мактаблари ташкил этилди. Хивадаги мактаб эса тамомила замонавий кўринишда бунёд этилганди. 1913 йилда пишиқ ғиштдан Европа услубида қурилган икки қаватли бино рус-тузем мактаби деб аталарди. Янги Урганчда эса Исломхўжа ўғил ва қиз болалар учун алоҳида жадид мактаблари очиб, уларга 60 дан ортиқ ўғил-қизлар қабул қилинади.

Қолаверса, хонлик ҳудудига темир йўл олиб келиш, лойқалардан тозаланадиган, таъмирланадиган ва янгидан сув чиқариладиган ариқларнинг аниқ режаси ишлаб чиқилиб, ишлар бошлаб юборилади.

Фитна қурбони

Хон саройида Исломхўжага мухолифатда бўлган фитнакор амалдорлар гуруҳи бор эди. Шундай гуруҳлардан бири оға-ини подполковник Ҳусайнбек, ясовулбоши Шайхназарбой ва Омонгелди Матмуродовлар эди. Матвафо, Абдураҳмон ва Шариф Баққоловлар Исломхўжага мухолифатда бўлган иккинчи гуруҳ вакиллари эди. 1911 йилда ерларни хон тасдиқлаган ислоҳот дастурига кўра қайтадан ўлчатиб чиқилгач, бекликларда оға-ини Матмуродовлар ҳамда тоға-жиян Баққоловлар беҳисоб ерларга эгалиги, улар давлат ҳисобига киритилмай, хонлик хазинасига солиқ тўланмаётгани аниқланади. Шу боис бу амалдорлар саройдан четлатилиб, аниқланган хуфия мол-мулки хон фармонига кўра мусодара қилинади. Шу воқеалардан сўнг ҳар иккала гуруҳ рус маъмурлари билан яқинлашиб, уларнинг таъсирида мансабларига тикланиб, мол-мулкларини қайтариб олишади ва Исломхўжага нисбатан очиқчасига душманлик йўлига ўтишади.

Чор маъмурлари эса Исломхўжа фаолиятини кузатув остига олганди. Негаки, у чор ҳукумати учун ғоявий душман бўлган жадидларни қўллаётган, Хоразмда мактаблар барпо қилаётган, чоризмга қарши тинимсиз исён кўтараётган туркман ёвмудлари билан яқин алоқада эди.

Чор ҳукумати Хива хонлигидаги фитнакор гуруҳларни рағбатлантириб, уларни Исломхўжага қарши гиж-гижлаб туради. Хиванинг халқпарвар, маърифатпарвар бош вазири ана шундай сиёсий фитна қурбонига айланади. 1913 йил 9 август куни тунги пайт Исломхўжа хон саройидан уйига қайтаётганда ёлланма қотиллар томонидан ўлдирилади.

Бироқ, шундай бўлса-да, Исломхўжа жаҳон тараққиётидан бир неча аср ортда қолган, баъзи соҳаларда ўрта асрча мустабидлик ҳукм сураётган Хива хонлигида ўзгариш ясашга уринди ва дастлабки натижаларга эришдики, булар тарих саҳифаларида ёрқин аксини топди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш