Она тили дарслиги бошланғич синф даражасида қолиб кетганми?

Она тили дарсидан беш баҳо олган ўқувчи ҳам баъзан сўзлашувда дудуқланади. «Анақа», «ҳалиги», «нима десам экан» кабиларни ҳар икки сўз орасида «боғлама» сифатида қўллайди. Аксарият ўқувчилар оддий ариза ёзишни-да билмайди. Сўзлашувда фикрини лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмайди. Энг ёмони, айрим она тили ўқитувчилари ҳам даврада микрофондан ўзларини олиб қочишади. Ваҳоланки, улар унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмагани, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги каби билимларни эгаллаган! 

Шу ўринда савол туғилади: бу каби билим бизнинг ёзма ва оғзаки нутқимизга ижобий таъсир кўрсатмайдими ёки ундан қандай фойдаланишни билмаймизми?  

Она тили дарслиги: заруратдан зиёнгача

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ғарбда саноатлашув даври бошланди. Катта-катта, завод ва фабрикаларга мамлакатнинг турли бурчакларидан келган ҳар хил шевада сўзлашувчи ишчиларнинг ўзаро мулоқотларида, замонавий техника билан «тиллаша» олишларида, албатта, муаммолар мавжуд эди. Шу тариқа саноатнинг шиддатли юксалиши миллий тилларнинг адабий меъёрларини ишлаб чиқиш, ягона адабий тилларни шакллантириш ва унинг таълимини ташкил этиш заруратини кун тартибига қўйди. 

Худди шунингдек, ўтган асрнинг илк чорагида ҳозирги ўзбек адабий тили (аслида тили эмас, балки нутқи) шаклланмаган, меъёрлари ишлаб чиқилмаган эди. Бусиз таълимни ҳам, иш юритишни ҳам йўлга қўйиб бўлмасди. Адабий тил тараққиёт учун сув ва ҳаводек заруратга айланди. Маълумки, адабий тил умумхалқ тилининг меъёрлаштирилган кўриниши ҳисобланади. Бу меъёрлар эса талаффуз, имло ва грамматик (гап қурилиши) ҳамда услубий (сўз танлаш ва қўллаш)ларни ўз ичига олади. 

Адабий тил илмий асосланган меъёрлардан иборат бўлади. Шунинг учун илк бошланғич синфлар ташкил этилиб, ўқувчиларга адабий тилнинг зарур қоидалари ўргатила бошланган. Бу қоидалар ҳарф ва товушлар, ундош товушнинг турлари ва ўзгариши, имлоси, бўғин ва урғу, сўз маънолари, сўз туркумлари, шакл ясовчи қўшимчалар ва уларнинг имлоси, гап бўлаклари, содда ва қўшма гап, тиниш белгилари, талаффуз ва имло қоидалари, тил бирликларининг услубий хусусиятларидан иборат бўлган.

Адабий нутққа ўргатиш учун шунинг ўзи, унинг таълими учун бошланғич синф етарли эди. Бу билимлар тўла маънодаги ЗАРУР ВА ИШЛАЙДИГАН БИЛИМ эди. Кейинчалик етти йиллик таълимга ўтилгач, адабий тил таълимидаги заруратнинг анъанага айланиши юз бера бошлади. Таълимдаги миқдор ўзгаришлари натижасида сифат ёмонлашиб борди. Ўн бир, бора-бора ўн икки йиллик ўрта таълимга ўтилгач, илк зарурат бутунлай унутилди — она тили таълими ўзининг асл моҳиятини йўқотиб, тўла-тўкис тилшуносликка айланиб қолди. 

Масалан, ҳозир олий ўқув юртига кирувчилар учун тест топшириқларида юзлаб сўз ясовчи қўшимчалар бўйича минглаб саволлар бор. Лекин биз аслида сўз ясаймизми ёки тайёр (туб/ясама) сўзлардан фойдаланамизми? Бошқаларни қўя турайлик, атоқли сўз санъаткорларидан кимлар қандай янги сўз ясаган? Иккиланмасдан айтиш мумкинки, нутқимизда янги сўз ясаш амалиёти йўқ. Шундай экан, сўз ясалиши ҳақидаги амалий татбиқдан холи чексиз билимлар ўқувчи учун нимага керак? Бундай далилларни «Она тили»нинг «Грамматика» бўлимидан истаганча топиш мумкин.  

Билиб олиш зарур бўлган кераксиз қоидалар

Она тили дарслигидан кўчирма: «Билиб олинг. Нисбат ва бўлишсизлик шакллари етакчи феъл таркибида ҳам, кўмакчи феъл таркибида ҳам келиши мумкин. Замон, шахс-сон қўшимчалари, феълнинг вазифа шакллари фақат кўмакчи феълларга қўшилади».
Буни «билиб олмаган» ўқувчи мазкур қўшимчаларни қўшишда адашадими? Йўқ! Аммо ўқувчи она тили таълими мобайнида мингга яқин ана шундай қоида ва таърифларни ўзлаштириши керак. Ёки мактаб ўқувчиси «От, сифат, сон, олмош, феъл ва равиш нима учун мустақил сўз туркумлари дейилади?», «От сўзлар гапда қандай синтактик вазифаларда келади?» ва «Отлашув ва сифатлашув ҳодисалари нима? Уларга мисоллар келтира оласизми?» каби оғир юкламаларни ўзлаштиради. 

Оқибатда мактаб таълими учун хос бўлган асосий вазифа — тўғри талаффуз, имло, услуб, сўз санъати(янги сўзларни ўзлаштириш, танлаш, тўғри қўллаш)га доир кўникма ва малакаларни шакллантириш иккинчи даражали масалага айланиб қолди. Бунинг натижасида энг аълочи ўқувчи ҳам ҳатто мактаб дарслигида дуч келадиган жунбушга келмоқ, чапдаст, рутубат, жароҳат, яра каби минглаб сўзларнинг маъноларини тушунмайди. Аслида мактабда сўз, ибора, мақол, маталлар, уларнинг қўлланиши, имлоси каби масалалар она тили таълимининг асоси, ўзагини ташкил этиши лозим. 

СЎЗ, СЎЗ ва яна СЎЗ!

Ўқувчини сўз салтанатига олиб кириш учун тил ва адабиёт фанлари интеграцияси масаласини мутлақо қайта кўриб чиқиш керак. Маълумки, 8-синф адабиёт дарслигида, асосан, мумтоз адибларимиз ижоди ўрганилади. Демак, шунга мувофиқ равишда, бу синфда она тили дарслари «Она тили. Мумтоз сўз» дея номланиб, ўқувчилар мумтоз матнлар мазмунини ўрганишлари, таҳлил қилишлари, сўзларнинг зоҳирий, ботиний, рамзий маъноларини ўрганишлари, луғатлар билан ишлашлари, маъно «мағиз»ларини чақишлари зарур. 

Бу ёшларимизнинг мумтоз адабиётга онгли равишда ошно бўлишида, уларнинг сўз бойлиги, демакки, нутқи муттасил бойишига ва энг муҳими, миллий маънавиятимиз авлодлар дунёқарашида янада бойиб, юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Буни ўзбек тилининг ҳар бир даврдаги хусусиятларини ўзида акс эттирадиган ва вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув луғатларини чоп этиш ҳамда дарсларда луғат дафтарини тутиш орқали амалга оширса бўлади.  

Хулоса ўрнида

Бугун тилимиз билан боғлиқ минглаб муаммолар мавжуд. Қаерга қараманг, ажнабий сўзлар ва қўпол имловий хатоларга дуч келамиз. Бунинг учун, албатта, «Давлат тили тўғрисида»ги қонун амалий натижасини кўрсатиши шарт. Шу билан бирга, она тилимиз дунёга донғи кетган тилларга қараганда бой ва сержило эканини онгли равишда ҳис этмасак, бу борада мақтангулик натижага эриша олмаймиз. Бунинг учун «Она тили» дарслигини тилшунослик кишанларидан халос қилиш зарур. 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш