Эски «права» билан энди автомобиль бошқара олмайманми?

— 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига алмаштирилиши кераклиги тўғрисида биламан. Аммо мен ҳозир фойдаланадиган гувоҳноманинг амал қилиш муддати бу даврга қадар тугамайди. Шунда ҳам «права»мни  алмаштиришим керакми?

Шокиржон МАДАЛИЕВ.

Сирдарё вилояти Боёвут тумани.  

Акмал ЮНУСОВ, 

Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари:

— Албатта, эски намунадаги гувоҳнома берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъи назар, келгуси йилнинг охиригача янгисига алмаштирилиши керак. Шу муддатдан бошлаб, эски гувоҳнома билан автотранспорт воситасини бошқарган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади. Бунинг учун паспорти, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талонини  фуқаро доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказлари ёки марказда бундай хизмат мавжуд бўлмаган ҳудудларда ЙҲХБнинг тегишли бўлинмаларига олиб боради. Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи бугунги кунги ҳисоб бўйича 156 100 сўм миқдорида тўлов тўланади. Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Янги намунадаги гувоҳнома эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати ҳисобланади.

Изоҳ 1
Ғулом

2019-10-09 14:39:40

Батафсилроқ мақолалар беринглар

Изоҳ қолдириш