Фарзандга қандай тарбия бермоқ керак?

Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган бизнинг асримизда ҳам ёшлар тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам ўсиб бориши зарур. Ёш авлоднинг таълим-тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш фақат ҳукуматнинг ёки мактабларнинг эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчларидан ҳисобланади.

Аммо барча ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермайди. Айримлари фарзанд тарбиясига жуда бепарво. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, моддий маблағ тўплаш биринчи ўриндаги вазифаю оила аъзоларининг ахлоқий тарбиялари билан шуғулланиш иккинчи даражали ишга айланган.

Аввало, ота-онанинг ўзи солиҳ бўлмоғи лозим

Ривоят қилишларича, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак ҳузурларига келиб, ўғлининг беодоб ва бадкирдорлигидан шикоят қилди.

Абдуллоҳ ибн Муборак сўрадилар: «Уни дуоибад қилганмидинг?» У киши тасдиқлаб, бош силкиди. Шунда ҳазрат: «Сен ўзинг уни бузиб қўйибсан», деб у кишини маломат қилдилар. Отанинг насиҳат, таълиму тарбияси фарзандга таъсир қилмоқ учун, аввало, ўзи ҳам солиҳ бўлмоғи лозим.

Киши бировнинг фарзандига зиён етказмаслиги, ёмонлик қилмаслиги керак. Чунки унинг зарари замонлар ўтиб, ўз фарзандларига қайтиши мумкин. Масалан, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга акалари ёмонликни раво кўрди, қудуққа ташлаб кетди. Оқибатда неча замонлар ўтиб, ўзларининг фарзандлари Фиръавн қўлига асир тушди.

Шу боис ҳар бир ота-она фарзандини ёшлик чоғидаёқ илму маърифатга қизиқтириб бориши зарур. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасида бўлса ҳам маълумот ҳосил қилган инсон, албатта, одамийлик хусусиятларига оз бўлса-да, эга бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни: «…Ўқиб илм орттирганлар билан ўқимаганлар тенг бўладиларми?..» («Зумар», 9), деб илму фанга тарғиб қилади. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам умматларига мурожаат қилиб: яъни: «Илм Чин-Мочин(Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деганлар.

Шунинг учун ота-онанинг фарзандга нисбатан энг муҳим бурчларидан бири уни ёшлигидан бошлаб илм олишга қулай шароит яратиб бериш, улғайган сари бирор ўзига муносиб касбу ҳунар танлашга йўл кўрсатиб боришларидир. Ҳаммасидан ҳам муҳими, фарзандимизнинг илму ҳунар ўрганиши билан бирга, ахлоқ ва одоб фазилатларини кўпроқ эгаллаб боришларига кўмаклашишимиз лозим.

Қайси касбни танлай?

Қадим замонда Абусалом деган бир ҳалол инсон ўтган экан. Унинг яккаю ягона фарзанди бўлиб, уни еру кўкка ишонмас эди. Кунлар, йиллар ўтиб бола катта паҳлавон йигит бўлибди. Бир куни у отасига маслаҳат солибди:

– Отажон, энди қандай касбни танлай?

Ота:

– Эй, ўғлим, «Бўйнидан боғланган ит овга ярамас», деган гап бор. Энди сен бирор ҳунар ёки касбни танла ва шунга меҳр қўй.

Шунда ўғил:

– Энг яхши касб – ўғирлик бўлса керак, дебди.

Ота шундай дебди:

– Майли, ўғлим, ўғирлик бўлса ўғирлик-да. Қўшнимизнинг қўйини ўғирлаб кўр-чи.

Ўғли қўшни хонадондаги битта катта қўчқорни ўғирлаб келибди. Отаси хурсанд бўлибди ва:

– Ўғлим, зўр иш қилдинг. Энди иккимиз ўзимизни тежаймиз ва бир ҳафта уйдан чиқмай, шу қўйни мазза қилиб еймиз, дебди.

Хуллас, ота-бола қўйни еб бўлгач, оғирликларини тарозида тортишибди. Ўғил бир ҳафтада уч килога озибди. Ота эса тўрт килога семирибди. Ўғил ҳайрон бўлиб отасига боқибди. Ота кулиб дебди:

– Эй, нодон ўғил! Билиб қўй, сен ўғирлаган қўйнинг пулини мен бир кун олдин қўшнига бериб қўйганман. Шунинг учун мен хотиржам семирдим. Сен эса қўрқув билан яшадинг. Шу боис сен ўзингга ҳалол касб танла. Шунда у дунёинг ҳам, бу дунёинг ҳам обод бўлур. Ҳалоллик – жаннат меваси, ҳаромлик эса дўзах кулфатидир.

Кўпроқ ким айбдор?

Ота-оналар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Ўғил-қизларининг ахлоқ-одобини, илм-салоҳиятини ўнглашади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади. Уларнинг бу хизматларини билиш ва қадрига етиш, шукронаси учун уларга итоатда бўлиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир. Бироқ баъзи ҳолатларда фарзанд билан ота ёки она ўртасида низоли ҳолатларга ҳам гувоҳ бўламиз.

Афсуски, фарзанд билан ота-она ўртасидаги муросанинг бузилишига кўп жиҳатдан катталар айбдор. Чунки улар фарзандларини ёшлигида кўп эркалатиб юборишган, айтганини муҳайё қилиб, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай бажо келтиришган. Айтгани-айтган, дегани-дегандек улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятда қолади. Бу ҳаётда, қўл қисқалигиданми ёки бошқа сабаб билан фарзандининг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиролмай қолса, ота-она ва фарзанд ўртасида аввал можаро, кейин жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқади.

Фарзанд тарбиясининг яхши бўлишини ҳар ким ўзича, турлича шарҳлайди. Биров болага педагоглар тавсиясига кўра тарбия беришни тавсия этади. Баъзилар, аввало, ота-она ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Кимдир боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали деб билса, яна бири болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни бу соҳадаги асосий масала дейди. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб кўрмайди.

Юқоридаги омиллар ҳам керак, лекин болангизга у ҳали туғилмасдан туриб ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амримаҳол! Аксинча ҳалол луқма билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Аллоҳ фарзандларимизни имонли, инсофли ва кўрса ҳавас қиладиган зурриётлардан бўлишини насиб қилсин.

Жасур РАУПОВ,

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги

Ислом ота жоме масжиди имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш