Яширин иқтисодиёт давлатга қанча зарар келтиради?

Бугунги кунда  юртимиздаги  долзарб муаммолардан бири  яширин иқтисодиёт жамият тараққиёти ва давлат бюджети даромадлилигини таъминлашга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Ачинарлиси, пул топиб, оила боқаётган, бироқ ҳеч қаерда расмий ишламаётган миллионлаб юртдошларимиз  яширин иқтисодиёт соясида қолиб кетган. Хўш, яширин иқтисодиёт ўзи нима? У мамлакат иқтисодига қандай таъсир ўтказиши мумкин? Бу хусусда мутахассисларга юзландик.

Қонунчиликдан ташқари муносабатлар

Яширин иқтисодиёт — товар-моддий бойликлар ва хизматларнинг жамият ҳамда давлат бошқаруви органлари томонидан назорат қилинмайдиган ҳаракати бўлиб, алоҳида фуқаролар ҳамда ижтимоий гуруҳлар ўртасида амалга оширилувчи, белгиланган қонунчиликдан ташқари ижтимоий-иқтисодий муносабатлардир. Булар иқтисодий фаолиятнинг ҳисобга олинмаган ҳамда тартибга солинмаган турларини ўз ичига олади. Мисол учун, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда савдо-сотиқ қилиш, рекламалар юритиш, турли йўналишларда маслаҳатлар бериш орқали даромад қилаётганлар кундан-кунга кўпаймоқда. Худди шундай яширинча тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг фаолиятини ҳам мисол келтириш мумкин. Улар на солиқ тўлайди, на бир ҳужжатга эга ёки бирон-бир жойдан рўйхатдан ўтмаган. Шунингдек, улар касаба уюшмалари муҳофазасидан фойдалана олмайди, ипотека кредити ололмайди, келажакда пенсияга эга бўлмайди ва меҳнат қонунчилигидаги имтиёзлар бу ходимларга дахл қилмайди. Айрим экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 50 фоиз атрофида. Бу юртимиз иқтисодига салбий кўрсатиши тайин.

Миллий бойлик тақсимланишида тенгсизлик юз беради

Яширин иқтисодиётнинг ҳажми қанчалик катта бўлса, нақд пулга бўлган талаб ҳам шунчалик юқори бўлади. Яширин иқтисодиётда валюта қора бозорининг ўрни жуда катта. Мамлакатимизда энг йирик нақд пул айланмалари АҚШ долларида бажарилади. Ноқонуний йирик битимлар, яъни уй-жой, автомобиль ва бошқа кўплаб товарлар олди-сотдилари долларда амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Банкдан ташқари айланаётган бундай хорижий валютанинг бевосита миллий валютамизга етказаётган зарари охир-оқибат сўмнинг қадрсизланишига олиб келади. Умуман, яширин иқтисодиёт кўламининг кенгайиб бориши, ўз навбатида, мамлакатда яратилган миллий бойликнинг тақсимланиши ва қайта тақсимланишида тенгсизликни келтириб чиқаради. Аҳоли даромадларининг тўғри тақсимланмаслиги эса жамиятда ижтимоий муҳитнинг ёмонлашуви, давлатнинг иқтисодиётни бошқариш механизмлари кучсизланишига олиб келади. Боз устига, жиноий фаолият ҳамда уюшган жиноятчиликнинг авж олишига шароит яратиб, инвестицион муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Аҳолининг давлат томонидан ўтказилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқотади. Одатда яширин иқтисодиётнинг ривожланишига солиқ юки ва бож тўловларининг юқорилиги, турли лицензия, сертификат ва рухсатномалар олинишида кўзда тутилмаган харажатларнинг мавжудлиги, контрабанда йўли билан олиб кирилган маҳсулотлар, хомашёлар етказиб берилишида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқлар сабаб бўлиши рўкач қилинади. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида яширин иқтисодиёт масаласига алоҳида тўхталиб, «...афсуски, ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 50 фоиз тадбиркорлар «яширин» тарзда фаолият кўрсатаётгани аниқланган», дея таъкидлаб ўтган.  

Муаммонинг ечими борми?

Яширин иқтисодиёт ҳар хил кўринишларда намоён бўлмоқда. Масалан, республика ҳудудига қўшни давлатлардан контрабанда йўллари билан товарларни олиб кириш ва уларни ички бозорда ноқонуний сотиш ҳисобга олинмаган. Шунингдек, контрафакт товарлар ишлаб чиқариш ва савдога қўйиш, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланиш, ишчи-хизматчиларга расмийлаштирмасдан конверт асосида иш ҳақи тўлаш, назорат-касса машиналари ҳамда тўлов терминалларидан фойдаланмасдан савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш шулар жумласидан. Солиқ тизимини соддалаштириш ва ҚҚСни жорий этиш, электрон тўловларнинг фаол татбиқ қилиниши, норасмий бандларни расмийлаштириш чораларини кўриш, кредит олиш тартиб-тамойилларини соддалаштириш ва арзонлаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби омиллар эса яширин иқтисодиётни қисқартиради.

Умуман олганда, яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг замонавий ва жаҳон амалиётида синалган усулларидан кенг фойдаланиш яхши самара бериши мумкин. Мазкур йўналишдаги муаммонинг ечими сифатида республикамизда инсон омили иштирок этмайдиган назорат механизмларини жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Хусусан, нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига онлайн назорат-касса машинасини жорий этиш, барча тадбиркорлик субъектларига электрон ҳисобварақ фактураларини киритиш, айрим турдаги товарлар гуруҳини мажбурий маркировкалашни татбиқ этиш шулар жумласидандир.

Яширин иқтисодни аниқлаш йўли

Яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини аниқлаш, шаклланиши манбаларини таҳлил этиш ва унинг салмоғини пасайтириш бугунги кун иқтисодий сиёсатининг долзарб муаммоларидан бўлиб, уни ҳал этиш учун комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Халқаро тажрибадан маълумки, замонавий иқтисодий субъектлар фаолиятининг ҳажмини кўрсатувчи аниқ физик кўрсаткич, бу — электр энергияси сарфининг ҳажмидир. Шунинг учун жами ялпи ички маҳсулот миқдоридан расмий электр энергиясидан фойдаланиб ЯИМ ҳажмини яратаётганлар миқдори айрилса, «яширин» фойдаланаётганлар ҳажми аниқланади. Бу ўз-ўзидан маълумки, яширин тарзда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётганларда кўпроқ учрайди. Молиявий ва нақд пул айланмаси миқдори кўрсаткичлар орқали ҳам яширин иқтисод салмоғини аниқлаш мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, солиқ ва ижтимоий тўловларнинг ЯИМга бўлган нисбати 33 фоиз бўлса, бу яширин иқтисодиёт кўпайишининг кескин нуқтаси ҳисобланади.

Хулоса шуки, яширин иқтисодиётни, энг аввало, аниқлаш, шаклланишининг олдини олиш ва улушини пасайтириш каби бугунги кундаги долзарб муаммо ечимини топишда ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўлини чуқур таҳлил қилишимиз, ўзимизга мос бўлган йўналишларга таяниб, уни кескин қисқартириш бўйича тегишли чораларни кўришимиз лозим.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 1
Уткир Неъматов

2019-11-04 22:04:41

Макола муаллифи билан богланишимиз учун алока маълумотларини юборинг илтимос (press@mineconomy.uz)

Изоҳ қолдириш