Ёш олимларни қандай масалалар қийнаяпти?

Дунё илм-фанига улкан ҳисса қўшган физик-математик олим Исаак Ньютон ўз муваффақиятлари тўғрисида: «Мен гигантнинг елкалари устида бўлганлигим сабаблигина олдиндаги қадамларни кўра олганман», деб таъкидлаган эди. Бу унинг илм-фандаги ютуқлари ёлғиз ўзига эмас, балки ундан олдинги заҳматкаш олимлар қолдирган улкан билим ва изланишларга ҳам узвий боғлиқлиги ифодасидир.

«Илмий изланиш учун лаборатория асбоблари етарли эмас»

Дарҳақиқат, илм-фан соҳасидаги изланишнинг нина билан қудуқ қазишга қиёсланиши бежиз эмас. Ҳар бир олим ўзидан аввал амалга оширилган, исботланган тадқиқот ва тажрибаларга асосланган ҳолда, илм-фан саройи пойдеворига ўз «ғишт»ини қўйишга интилади. Бу занжир табиийки, ёш изланувчилар ҳисобига кенгайиб бораверади. Олимлик даражаси, мартабасига эришиш учун эса йиллар давомида изланиш, елиб-югуриш, илмий адабиётларни ўқиб-ўрганиш керак. Хўш, бунинг учун юртимиз илмий муассасаларида имкониятлар етарлими? Ёш олимлар учун қандай шароитлар яратилган?

— Қанчалик ачинарли ва афсусланарли бўлмасин, бизда ҳали илмий изланиш, янги илмий ғояни амалда исботлаш учун зарурий лаборатория асбоблари етарли эмас, — дейди Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти «Коллоид кимё» лабораторияси илмий ходими Дилноза Жумаева. — Ёш тадқиқотчи маълумотни излаб топиш учун кунларни текинга совуриб юборади. Оддий, эскирган усулда лойиҳани тадқиқ этиш ҳафсалани пир қилади. Бундай муҳит ва шароитда эса ғоя шаклланмай, фикр туғилган заҳоти бўғилиб қолади.

Сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битар, деганларидек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёш олимлар қўллаб-қувватланиб, улар илмий тафаккури ҳар томонлама ривожлантирила бошланди. Менга жорий йилда Беларусь Республикаси Минск шаҳридаги Миллий фанлар академияси умумий ва ноорганик кимё институтида бир ойлик стажировкада бўлиб қайтиш насиб этди. Шароитни таққосладим. Шу қадар замонавий жиҳозланган лабораторияки, тонггача ишлагинг келади. Докторлик илмий изланишим даврида яратилган адсорбентларнинг коллоид кимёвий хоссаларини жуда эскирган усулларда ўрганишимга тўғри келган эди. Яқин даврда бизнинг лабораторияларимиз ҳам етарли даражада жиҳозланишига умид қиламан.

Кенгаш жамоатчилик асосида ишлайди...

Маълумки, ёш олимларнинг ижодий салоҳиятини самарали рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, илмий ва техник муаммоларни ҳал қилишнинг янги усулларини излаш, шунингдек, ёшларнинг муҳим ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Фанлар академияси қошида 2009 йилдан бери Ёш олимлар кенгаши жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда. Хўш, мазкур тузилманинг ёш олимлар фаолиятида қандай ўрни бор?

— Кенгашимиз ўз низоми, иш режаси ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бўйича ишлайди, — дейди Ёш олимлар кенгаши раисининг ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Гулсанам Тиллаева. — Бир йилда икки маротаба ёш олимлар республика илмий-амалий конференцияси ўтказилиб, илмий лойиҳаларнинг тезис шакли тўплам ҳолида чоп этилмоқда. «Ёш олимлар ахборотномаси» ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр қилин­япти. Фанлар академияси тасарруфида аниқ фанларга ихтисослаштирилган 9 та, табиий фанларга йўналтирилган 11 та, ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та илмий-тадқиқот институти мавжуд. Бу муассасалардаги 40 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг 600 нафарини кенгаш таркибига киритиб, уларни қизиқтираётган ва ташвишлантираётган муаммоларни кун тартибига қўймоқдамиз. Хусусан, уй-жой масаласида мурожаат қилган 42 нафар ёш олимнинг аризаси комиссия томонидан кўриб чиқилиб, улар рўйхати Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этилди. Бизга ёш олимлар турли масалаларда мурожаат қилишади. Афсуски, жамоатчилик асосида ишлаётганимиз, Фанлар академияси тузилмасига кенгашнинг киритилмасдан келаётгани молиявий масалаларда қийинчилик туғдирмоқда.

Ўзбекистонлик ёш олимлар қачон дунёга чиқади?

Ҳақиқат баҳс-мунозарада ойдинлашиб, таққослашда яна ҳам яққолроқ кўринади. Ҳар йили турли йўналишларда етишиб чиқаётган ёш олимларнинг фақат маҳаллий доирада ўз қобиғига «ўралашиб» қолиши, шубҳасиз, улар фаолиятини анча чеклаб қўяди. Хорижий давлатларда ўқиш, стажировкада бўлиб қайтиш ўзбекистонлик ёшлар учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ана шундай ваколатни ўз зиммасига олган.

— Жамғарма томонидан жорий йилда ўтказилган 2 та стипендия танлови натижаларига кўра, жами 726 нафар стипендиатнинг ривожланган 44 та давлатдаги 200 дан зиёд университет ва илмий марказда ўқишга жўнатилиши режалаштирилган, — дейди «Эл-юрт умиди» жамғармаси масъул ходими Жавоҳир Аҳмедов. — Ҳозирга қадар уларнинг 300 нафари турли хорижий давлатларда ўқиш, стажировка ўташ учун жўнаб кетди. Қолган қисмининг ҳужжатлари тайёрланиб, сафар харажатлари молиялаштирилмоқда. Аммо бу имкониятга эришган ёшлар, асосан, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ёки илмий-тадқиқот институтларида ўқийди ёки ишлайди. Навбатдаги стипендия танловларида узоқ туманлардаги иқтидорли ва истиқболли ёшлар иштирокини таъминлаш мумкинми, деган савол туғилади. Бунинг учун барча вилоятлардаги ОТМлар, илмий-тадқиқот институтлари филиаллари ёш изланувчиларни танлов қоидаларидан бохабар этиши зарур.

*  *  *

Хоҳ расмий доира бўлсин, хоҳ оддий давра, илмий даражаси бор кишиларга ҳурмат-эҳтиром билан қараб, уларнинг юксак салоҳиятига тан берамиз. Буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Мусо ал-Хоразмий қолдирган бой илмий-маънавий меросда алломаликнинг ҳақиқий исботини кўрамиз. Буюк зотларнинг бугунги издошлари интилишини кўриб, олимлик ҳам аждодлардан авлодларга ўтадиган маънавий белгидир, деган фикр кўнгилдан ўтади.

Олимларнинг моддий рағбати қандай?

Кейинги йилларда барча соҳалар қатори илм-фан ходимлари ҳам изчил рағбатлантирилиб келинмоқда. Жумладан, изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимининг жорий этилгани, илмий-тадқиқот институтлари изланувчилари ҳамда турли олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар моддий манфаатдорлигининг оширилиши муҳим воқелик бўлди.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ, илмий ходимларнинг ойлик маошлари ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилди. Бу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгиланди.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш