Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланганми?

Кундалик ҳаётимизда тез-тез чиқинди ташлаш жойларига қотган нон, сифатини йўқотган овқат, моғор босган пишлоқ ва бошқа маҳсулотларнинг ташлаб кетилганига дуч келамиз. Кўпчилик меъёридан ортиқ озиқ-овқатни харид қилади ва эскиргач ташлаб юборади. Афсуски, бу кўпчилик учун одатий ҳолга айланган.

Маълумотларга кўра, дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқинди идишларига улоқтирилади. Жаҳон иқтисодиёти бундан ҳар йили қарийб триллион доллар зарар кўради. Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб муаммолардан биридир. Хўш, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги қай даражада таъминланган? Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Айни хусусда мутахассисларга юзландик.

Талаб кундан-кунга ортмоқда

Ўзини ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш зарурияти — мамлакатда миллий мустақиллик, иқтисодий хавфсизлик ва ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш шартларидан биридир.  Бу шартлар озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда асос бўлади. Озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат аҳолисининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда таъминланишини, импортга боғлиқликнинг минимум даражасига эришишини ифодалайди. Бугунги кунда дунёда табиий мувозанатнинг бузилиши умумий сув сатҳининг кўтарилиши, иқлим ўзгариши, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, шўрланиши, суғориладиган ер майдонларининг аҳоли жон бошига камайиб бориши каби глобал муаммоларни келтириб чиқармоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Юртимизда бу муаммо ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган. Зеро, айни пайтда озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл миқдори кўпаймоқда. Бинобарин, сўнгги уч йилда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди. Давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди. Президентнинг 2018 йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эса бу борадаги ишларни жадаллаштириб юборди.

Ўзбекистонда 2018 йил ҳолатига кўра, аҳоли ўртасида умумий тўйиб овқатланмайдиганларнинг улуши 6,3 фоизни ташкил этган. Ушбу улушни 2021 йилгача 5, 2025 йилга келиб 3 фоизгача камайтириш, 2030 йилга бориб ноль даражага тушириш устувор вазифа этиб белгиланган. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?

Сир эмаски, юртимизда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш, эҳтиёж катта бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишдаги тўсиқлар, носоғлом рақобат, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт маҳсулотларининг монополлаштирилиши, нарх-навонинг сунъий оширилиши, тақчилликнинг юзага келиши каби бир қатор муаммолар ҳамон учраб турибди. Бундай ҳолатлар соҳадаги ишчанлик муҳити, мамлакат инвестициявий имконияти ва жаҳон бозоридаги обрўсига жиддий зиён етказиши табиийдир. Бинобарин, юқоридаги фармоннинг ҳаётга татбиқ этилиши юртимиз бозорларини сифатли, арзон ва хавфсиз озиқ-овқатлар билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш имконини бермоқда.

Нарх-наво барқарорлаштириляптими?

Кўпчиликка маълумки, айрим хўжалик юритувчи субъектларга озиқ-овқат товарларини хориждан импорт қилиш бўйича бир қатор индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлари, преференциялар берилган эди. Натижада давлатимизнинг миллиардлаб маблағлари сарфланарди. Лекин бу амалиёт ўзини оқламади. Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти айрим субъектлар томонидан монополияга айлантирилди. Хориждан келтирилаётган шакар, қанд, ўсимлик ёғлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорда кўпайиши ҳамда нарх-наво пасайиши ўрнига, акси бўлиб қолди. Ҳозирда истеъмол товарлари республика товар хомашё биржаларида сотилмоқда. Шунингдек, биржаларнинг очиқ элек­трон савдоларида сотиш учун (сотиб олиш) лицензия талаб қилинмайди. Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқоридаги маҳсулотлар импорти товар-хомашё биржалари ва хорижий биржалар электрон савдолари тизими орқали амалга ошириляпти. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хариди, жамғарма тушуми ва харажатлари ягона порталда эълон қилиниб борилмоқда. Хуллас, хориждан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси шаффоф ҳолда амалга ошириляпти.

Ўзбекистон ва дунё  рейтинги

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили қарийб 4 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Агар улардан оқилона фойдаланилиб тақсимланса, бу аслида сайёра аҳлининг барчасига етган бўларди. Аммо сўнгги пайтда дунё озиқ-овқат бозорларида нарх-наво кўтарилиб боряпти. Яқинда БМТ томонидан соҳада яна бир ташаббусга қўл урилди. Яъни озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига қарши курашиш бўйича глобал кампания эълон қилинди. Бу ҳам айнан озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилади. Ушбу тузилманинг Атроф-муҳит бўйича ташкилоти (ЮНЕП) маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 1,3 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юборилади. Бунга қайсидир маънода ўзимиз ҳам тўйларимиздаги исрофгарчиликлар орқали «ҳисса» қўшмоқдамиз. Бежизга бундай тадбирларни ихчамлаштириш бўйича ишлар олиб борилмаяпти. Неъматларнинг бундай исроф қилинишидек мантиқсиз ҳолатга барҳам бериш учун, биринчи навбатда, уларни сақлаш шароитларини ўзгартириш таклиф этиляпти. Ўтган йили АҚШнинг изланишлар маркази ўтказган тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида юқорилаб, 64-ўринни эгаллаган. Вашингтонда жойлашган Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти ҳисоботларида ҳам юртимизда кейинги йилларда бу борада эътирофга сазовор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Мамлакатимиз ҳудудининг 85 фоизи чўл ҳамда яримчўл ерлардан ташкил топган. Бугунги кунда аҳоли ихтиёрида 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонлари мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсоннинг нормал овқатланиши учун ҳар бир кишига ўртача йиллик 113 килограмм сабзавот, 50,4 килограмм картошка, 19,3 килограмм полиз, 21,3 килограмм мева ва узум, 40 килограмм гўшт, 140 литр сут, 121 дона тухум, 0,8 килограмм асал каби маҳсулотлар талаб қилинади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сиёсати

— 2025 йилга бориб Ўзбекистон ўртача даражадан юқори даромад оладиган мамлакатлар гуруҳига ўтиши мақсад қилинган, — дейди Б.Холиқов. — Бу турмуш тарзи, хулқ-атвор андозалари, овқатланиш таркибининг тегишли тарзда ўзгаришига олиб келади. Шуларни эътиборга олган ҳолда бир қанча товарлар бўйича қайта ишланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари улуши ўсишини таъминлаш зарур бўлади. Қолаверса, овқатланиш стандартлари ва меъёрларини жорий этиш, шунингдек, овқатланиш сифати устидан назорат қилиш механизмини янада ривожлантириш лозим. Шу жумладан, микро­элементлар ва зарур нутриентлар мавжуд бўлиши, зарарли моддалар, турли қўшимчалар, бўёқлар, таъм берувчилар, эмульгаторларни назорат қилиш, тайёрлаш, ташиш технологияларига риоя этишни назорат қилиш керак. Аҳолининг овқатланиш моделини яхшилаш мақсадида соғлом овқатланиш тўғрисидаги зарур ахборотни тарқатиш, бу борада тиббиёт муассасалари фаоллигини ошириш лозим.

Давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сиёсати қачон самара беради? Қачонки, маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштирилса, бу борада аҳоли учун кафолатланган имкониятлар яратилса, халқаро прагматик ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилса, даврий равишда янгиланиб турадиган озиқ-овқат захирасини яратишга ҳам қаратилган бўлса.

Мухтасар айтганда, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини пасайтириш, сифат ва хавфсизлигини таъминлаш, чайқовчилик ҳолатларига чек қўйиш, бюрократияни бартараф этиш, хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар билан мунтазам мулоқот ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида барча муаммо ва сунъий ғовларга чек қўйилмоқда.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш