Қўқон хонлиги қўмондони Алимқул ҳақида нималарни биламиз?

«Юсуфбек Ҳожи Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиёотадан ёзар эди: «Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидағи ўрус билан тўқунушмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди...»

«Ўткан кунлар» романи хотимасида Отабекнинг подшо Россияси босқини пайтида Қўқон хонлиги амирлашкар (генерал)и Алимқул қўшини сафларида жанг қилгани айтилган. Абдулла Қодирий шоҳ асарига нега бундай хотима қилган экан? Эҳтимол, Отабекнинг сўнгги кунлари Ватан эрки учун сарф бўлганини таъкидламоқчидир? Шундай мард боболаримиз босқинчиларга қарши курашган демоқчидир? Хўш, уларни нотенг, аммо шарафли муҳорабага бошлаб кирган, Туркистон армиясини рус подшоси қўшинлари қаршисида саф торттирган саркарда Алимқул ҳақида нималарни биламиз?

Алимқулнинг тарих саҳнасида пайдо бўлиши

Муҳаммад Юнус ибн Муҳаммад Амин «Тарихи Алиқули амирлашкар» асарида бу тарихий шахс ҳаётига оид қимматли маълумотларни келтириб ўтади. Манбаларда «Алиқули», «Алимқули», «Алимқул» номлари билан тилга олинадиган Мулла Алимқул Ҳасанбий ўғли (1831 — 1865) Қўқон яқинида Ҳасанбий ва Шаҳарбону биби хонадонида таваллуд топган. Ҳасанбий чорвадор бўлиб, қўю мол, йилқи боқиб рўзғорини бут тутиб турарди. Алимқул икки ёшга етганда отаси вафот этади. Тоғаси Мулла Дўст охунд қўлида ўзи яшайдиган Бўжун Буткан мавзесида савод чиқаради. 6-7 ёшларида Қўрғонтепага кўчиб келадилар. Кейинчалик Андижондаги Оқмасжид мадрасасида таҳсил олади. Бир-икки йиллик мадраса таҳсилидан сўнг, Қўқонга келиб Аёз маҳдум хонадонида хат илмидан сабоқ олади. 18 ёшида устозининг вафотидан кейин ҳарбий соҳада ҳам ўзини синаб кўради. Қўқоннинг амалдаги ҳукмдори Худоёрхоннинг акаси Маллабек билан Андижон ҳокими Сўфибек воситасида танишиб қолади ва унинг хизматига киради.

Худоёрхон ўз қайнотаси қипчоқлар етакчиси Мусулмонқулнинг хонликдаги таъсирини камайтириш учун 1853 йилда ўтказган «қипчоқлар қирғини» натижасида мамлакат бошқарувини тўла ўз қўлига олади. Ёнидаги калтабин амалдорлар маслаҳатига кириб жиддий хатоларга йўл қўя бошлаши яқинларининг норозиликларини оширади. Акаси Маллабек унга қарши бош кўтаради. Муҳаммад Юнус ибн Муҳаммад Амин бу ҳақида шундай ёзади: «Бир куни намози бомдоддан сўнг тамоми умаро ва сардорлар салом учун ўрда эшигига жам бўлғонда Маллабек Мирзо Аҳмад қушбеги ва Дўстмуҳаммад дастурхончиларга қаҳру ғазаб билан боқиб: «Хонни сизлар йўлдан уруб, ит уруштирмоқ ва хўрус уруштирмоқ йўлиға бошлаб, юрт ва фуқаролар ҳолидан ғофил ва бехабар қилдинглар», деб уларнинг қасдиға қиличини ғилофидан чиқорди... Маллабекнинг қўлидан ушлаб, илтижо ва зорилар билан уларни халос қилдилар. Маллабек бу ердан чиқиб ҳозиру тайёр нўкарлари билан Андижон тарафга азимат қилди...» Шу билан ака-ука ўртасида тахт учун кураш бошланади.

Маллабек(кейинчалик Маллахон)нинг тахтга келишига Алимқул муносиб ҳисса қўшади (1858). Эвазига Чимёнга ҳоким этиб тайинланади. Маллахон тадбирли, бироқ  жаҳли тез ва қаҳри қаттиқ ҳукмдор эди. Манбаларда айтилишича, шунча хизматларига қарамай Алимқул билан бир коса қимиз сабаб тортишиб қолади ва уни барча лавозимларидан озод қилиб, Туркистон шаҳрига хизматчи сифатида юборади. Бироқ бир неча ойдан кейин яна ўз ўрнига қайтаради.  Шундай бўлса-да, Алимқул хонликни идора этишда фаол қатнашиб, эшикоғабоши ва вазир даражасига кўтарилди. Маллахоннинг энг ишончли ва яқин кишиларидан бири бўлиб қолди.

Бу даврда асли қипчоқлардан бўлган Алимқул уларнинг хонликдаги сиёсий мавқеини тиклашга ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. 1860 йил Маллахон қўшин тўплаб Пишпак (ҳозирги Бишкек)ка, у ердан эса Чу дарёси бўйига келган. Тўплар билан қуролланган 2 минг кишилик рус қўшини билан бўлган жангда Маллахон қўшини ғолиб чиққан, лекин Г.А.Колпаковский отряди томонидан Узуноғоч мавзесида тор-мор келтирилган. Шу йили Қўқон хони Маллахон Қаноатшоҳ исмли кишини Туркистон шаҳрини ҳимоя қилиш учун юборган, у бошчилигидаги қўшин Туркистон шаҳри атрофидаги дашт аҳолисини талаб ортга қайтган. Бу каби ўзбошимчаликлар, оғир солиқ ва мажбуриятлар, мухолифатга қарши жазо чоралари Маллахонга қарши фитна уюштирилишига олиб келган. Маллахон 1862 йил март ойида ўлдирилиб, ўрнига 17 ёшли Шоҳмурод хон деб эълон қилинган. Бироз вақт ўтиб тахтга яна Худоёрхон келади. Бир қанча курашлардан сўнг, 1863 йил 9 июлда Алимқул Маллахоннинг ўғли Султон Саййидхонни Қўқон хони деб эълон қилади. Натижада Худоёрхон Бухорога кетишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига Алимқул «амири лашкар» унвонига сазовор бўлди.

Ғазавот — дину миллат учун кураш

Подшо Россияси қўшинлари Қўқон хонлиги тасарруфидаги Тошкент ва бошқа шаҳарларга таҳдид қила бошлагач, Алимқул ва Султон Саййидхон қўшин билан Тошкентга келишди. Алимқул 10 минг кишилик қўшин билан Арис дарёси бўйларига чиқиб, Туркистон ва Чимкент оралиғидаги рус қўшинлари эгаллаган қўрғонларни қайтариб олишга ҳаракат қилди. Туркистон шаҳри яқинидаги Иқон қишлоғида русларнинг қўшинини енгиб Тошкентга қайтди. Бу тарихга «Иқон жанги» номи билан кирган. 1864 йил декабрь ойи охирида Алимқул ва Султон Саййидхон Тошкентни тарк этиб, Қўқонга келишди, бироқ Черняев бошлиқ рус қўшинлари Тошкентга яқинлашгани ҳақида хабар топгач, 1865 йил 7 майда қўшин билан яна Тошкентга етиб келишди. Алимқул ва хон қароргоҳи Афросиёб тепалигида жойлашди. Шу куни Мингўрик мавзесида шаҳар ҳимоячилари иштирокида катта машварат ўтказилиб, «ғазавот» (дин ва миллат учун  муқаддас кураш) эълон қилинди. Алимқул Қашқар ҳокими Валихон тўранинг қашқарликлар ҳам бу улуғ урушга қўшилажаклари ҳақидаги мактубини шаҳар ҳимоячиларига шахсан ўзи ўқиб эшиттирди. Сўнг Салор канали билан Дархон ариғи оралиғида Алимқул қўшинлари ва шаҳар ҳимоячилари билан рус қўшинлари ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Рус қўшинлари яна Алимқул лашкаридан енгилиб, Шўртепага чекинди.

Ўрта Осиё жангсиз таслим бўлмаган

Абдулла Қодирий таъбирича, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги «хон замонлари» ҳақида гап кетганда, сиёсий тарқоқлик ва қолоқ ҳарбий салоҳият сабаб мустамлакага айланганимиз кўп таъкидланади. Аммо ҳар қанча мураккаб шароит бўлмасин, аждодларимиз Ватан эрки учун қаттиқ курашганлар. Подшо қўшинлари бирор шаҳарни шунчаки эгаллаб олмаган, қуввати етган ҳар ким «ғазарот»га — миллат учун, дин учун курашга бел боғлаган. Чунки улар эътиқоди бут, иймони собит зотлар эди. Мансаб ва тожу тахт талашиб юртни хонавайрон қилган хонлар, улусни аёвсиз талаган беклар ўша собит халқ сабаб даврон сурганлар. Миллат ва Ватан тақдири ўртага чиққанда амирлашкар Алимқул каби йўлбошчилар Турон эрларини босқинчилар қаршисида саф торттирган. Аммо тарихнинг ёзмиши бошқача эди. Кучлар нотенглиги ва хоинларнинг ожизлиги сабаб минглаб ёвқурлар ҳалокатга маҳкум этилди.

Черняев устомон  генерал эди. Алимқулдан яна бир марта енгилгани учун рус подшоси унга раҳмат айтмасди. Ўз обрўйини сақлаб қолиш учун ҳам кейинги жангда ғолиб бўлишга тиришган. Аммо шошиш билан иш битмасди. У кутди. У туркистонликлар қўшини рус қўшинини кучсизланган санаб яна ҳужумга ўтишини биларди...  1865 йил 9 майда Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва шаҳар ҳимоячилари Шўртепадаги рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Аёвсиз кечган жангда Алимқул оғир яраланди ва ўша куниёқ вафот этди. 1865 йил 10 майда у Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди. Юрт эрки учун курашган шаҳид боболаримизнинг руҳи шод бўлмоғи учун ҳам Ватанимизни кўз қароғидек асрамоғимиз керак.

МАВЗУГА ДОИР МАЪЛУМОТ:

Қўқон хонлигига 1710 йил минг уруғидан бўлган Шоҳрухбий томонидан асос солинган.

Олимхон (1801 — 1810) даврида Қўқон расман «хонлик» деб, ҳукмдорлари «хон» деб юритила бошланган. Хонлик чегаралари, Тошкент, Чимкент, Туркистонга қадар етиб борган.

Умархон (1810-1822) давлат бошқаруви ишларида изчил тартиб, қонун-қоидалар ўрнатди ва диний ишларни тартибга солди. Умархон руҳонийларнинг розилиги билан «амир ал-муслимин» унвонини олиб ҳам диний, ҳам дунёвий ҳокимиятга эга бўлади. Умархон даврида Ўрта Осиё минтақасидаги сиёсий жараёнлар ва ўзаро муносабатларга фаол аралашув юз берди.  Хива, Хитой ва Туркия давлатларига элчилар  жўнатилгани маълум.

Умархоннинг ўғли Муҳаммад­алихон 1826-1831 йиллар давомида Қашғарга юришлар қилиб, бу ердаги мусулмонларни хитойликлар зулмидан озод қилди ҳамда 70 минг уйғур мусулмонларини Андижон вилоятига кўчириб келтирди. Натижада дин пешволари Муҳаммадалихонга «Ғозий» («дин ҳомийси», «дин йўлида курашувчи») унвонини бердилар.

1876 йил 19 февралда 150 йилдан кўпроқ ҳукм сурган Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудудлари Россия империяси томонидан босиб олинди ва унинг ўрнига Фарғона вилояти ташкил этилди.

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш