Сайлов жараёнларида маҳалланинг ваколатлари нималардан иборат?

«Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар». 2019 йил 22 декабрда бўладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайлови ана шундай шиор остида ўтади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни очиқ ошкора, миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Дарҳақиқат, демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари алоҳида ўрин тутади. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Шу боис бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан имзолаган ҳамкорлик меморандуми ҳам бунинг мантиқий давомидир.

Эндиликда меморандум доирасида самарали ҳамкорлик қилишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, Сайлов кодексининг 8-моддасига асосан, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан муносиб номзодлар кузатувчи сифатида иштирок этиши таъминланади. Участка сайлов комиссияларига сайловчилар рўйхатини аниқлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари яқиндан кўмаклашади. Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, заруратига кўра аниқлаштириш ишларига кўмаклашиш ташкил этилади. Тегишли сайлов комиссиялари аъзолигига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг фаол аъзолари орасидан номзодларни тавсия этадилар.

Бундан ташқари, томонлар ўзаро ҳамкорликда сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид масалаларни ўрганиш мақсадида малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда сайлов кодексига киритилган демократик сайлов стандартларининг моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари ўтказадилар. Ҳамкорликдаги лойиҳаларини амалга оширишда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқадилар.

Сайлов жараёни билан боғлиқ ваколатлар

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг сайловга оид қонунчилигида фуқаролик жамиятлари институтларининг роли катта. Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайлов жараёни билан боғлиқ ваколатлар анчагина.

Биринчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади. Иккинчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади. Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади. Тўртинчидан, Сайлов кодексига киритилган энг муҳим янгиликлардан бири — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сиёсий партиялар каби ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчиларини қўйиш ваколати берилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган бундай кенг кўламли ваколатлар мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида сайлов эркинлигини таъминлаш, жамоат, яъни халқ назоратини янада кенг ва тўла амалга оширишга хизмат қилади.

«Инновацион ўзгариш»

Дарвоқе, жорий йилги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро сайлов стандартлари асосида юқори савияда ўтказилади. Бунга 2019 йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳуқуқий асосдир. Қувонарлиси, мазкур кодекс халқаро сайлов стандартлари имплементация қилинганлиги билан халқаро ҳамжамиятда энг демократик сайлов ҳужжатларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Кодексда ўттиздан ошиқ муҳим янгиликлар ўрин олган. Уларнинг орасида сайлов ҳуқуқлари бўйича экспертлар, жумладан, халқаро ташкилотларнинг тажрибали экспертлари ҳам «инновацион ўзгариш» деб эътироф этаётганларидан бири – Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидир.

Қайд этиш ўринлики, бугун ҳеч бир масала маҳалла иштирокисиз ҳал этилмайди. Ҳатто, аҳолининг сайловга бориши ҳам маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларининг тарғиботисиз амалга ошмайди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришда ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг хизмати катта бўлди. Улар Марказий сайлов комиссияси мутахассислари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда уйма-уй юриб, сайловчиларни рўйхатга олиб, ҳар бир сайловчини тураржой кадастр рақамига бириктиришди.

Бундан мақсад – «бир сайловчи – бир овоз» тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Дейлик, бирор сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, бошқа жойда вақтинчалик рўйхатдан ўтса, бу ўзгариш Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришига хизмат қилади.

Бу электрон тизим сайловчилар учун яна бошқа қулайликлар ҳам яратади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтини (elections.uz) очиб, паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни осонгина аниқлаши мумкин.

Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Шу маънода, сайловлар энди нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича шаклда, очиқ-ошкора, умумқабул этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ўтади.

Услубий тавсиялар ишлаб чиқилди

Сайлов жараёни билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этиш учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича услубий тавсиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчиларига эслатма қўлланмалари тайёрланди.

Услубий тавсиялар қўлланмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тай­ёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга бағишланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган нормалар асосида мазкур сайловларни ташкил ва ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига яқиндан кўмак беради. Тавсияларда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасидаги вазифалари, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг «Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган тарғибот ва ташвиқот ишларини аҳоли ўртасида амалга оширишда мутасадди ташкилотларга кўмаклашиш бўйича амалга оширадиган ишлари ёритилган.

Мазкур қўлланмалардан фу­қа­роларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, турли соҳалар мутахассислари, жамоатчилик тузилмалари ҳамда кенг китобхонлар оммаси фойдаланишлари мумкин.

Маҳаллага бўлган ишонч янада ортди

Янги Сайлов кодексига биноан ўтажак сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган ишонч ортиб, ваколатлари кенгаяётганидан далолат. Ушбу қуйи бошқарув органлари вакилларининг Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.

Марказий сайлов комиссияси қарори билан сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида Низом қабул қилинди. Сайлов кодексининг 33-моддаси, «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.

Бундай кенг кўламли кузатувдан мақсад – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кенгроқ амалга оширишдан иборат.

Кимлар кузатувчи бўлиши мумкин?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари сайловларда кузатувчи бўлиши мумкин.

Бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исм-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.

Округ сайлов комиссияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 29 июлдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади. Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

Сайлов комиссиялари кузатувчини рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

Кузатувчи қандай ҳуқуқларга эга?

Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар етарли бўлса, ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига ёки юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар беришга ҳақли. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Агар тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинса, кузатувчилар мандатининг амал қилиш муддати узайтирилади.

Шунингдек, кузатувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши керак.

Нималар ман этилади?

Кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши мумкин эмас. Сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирор-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан кимни ёқлаб овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирор-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ҳам тақиқланади. Шунингдек, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиши ман этилади.

Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг 22 декабрида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга бўладиган сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Бу жараёндаги ислоҳотлар эса сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, назорати ва сайловларда фаол иштирок этишини кўрсатади. Муҳими, бу сайловнинг демократик тарзда ўтишига хизмат қилади.

Шавкат ЖАВЛОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини 

мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш