Биринчи ўзбек депутатлари ким бўлган?

XIX асрнинг сўнггида бошланган сиёсий жараёнларда мамлакатимиз ҳудудида ташкил топган сиёсий партиялар, ҳаракатлар ва уларнинг фаоллари — илк маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан  депутатларимиз, уларнинг фаолияти ҳақида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмас. Шу боис бугун юртимиз ҳудудида илк сиёсий партияларнинг вужудга келиши ва биринчи депутатларимиздан Абдувоҳид Қориев ҳақида тўхталамиз.

Сиёсий партияларга қандай эҳтиёж бор эди?

XIX асрнинг сўнгги йилларида Россияда иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилишга қодир конституциявий мухолифатнинг йўқлиги сабаб аҳоли турмуш даражаси Ғарбий Европа давлатларига нисбатан жуда паст эди. Мавжуд ҳукмрон тузум эса ижтимоий ислоҳотларни амалга оширмасликдан манфаатдор эди. Бу мамлакатда турли гуруҳлар, уюшмалар пайдо бўлишига олиб келди. Шундай гуруҳлардан бири — Г.В.Плеханов раҳбарлик қилган «Меҳнатни озод қилиш» гуруҳи эди. 1883 йилда тузилган гуруҳ ҳокимиятни қуролли қўзғолон билан эмас, жамиятни ислоҳ қилиш орқали натижага эришиш тарафдори эди. Шунингдек, 1895 йилда Петербургда «Ишчилар синфини озод қилиш учун кураш иттифоқи» тузилди. 1898 йилга келиб эса шу каби гуруҳлар бирлашиб «Россия социал-демократик ишчи партияси» ташкил топди.

1905 йилнинг 9 январь санасида тарихда «қонли якшанба» номи билан машҳур бўлган воқеа содир бўлади. Унда подшонинг одиллигига ишонган петербурглик ишчилардан иборат 250 минг киши тинч намойишга чиқади. Бироқ подшо ўзидан эркинлик ва минимал иш соатини сўраган намойишчиларни отишга буюради. Бунинг ортидан норозилик кучайиб, мамлакатда деҳқонлар ҳаракати бошланиб кетди. Инқилобий ҳаракатлар айрим ҳарбий қисмларга ҳам таъсир кўрсатди. Воқеалар бундай тус олгач, Николай II ён беришга мажбур бўлади ва натижада манифест эълон қилди. Унда виждон, сўз, матбуот эркинлиги, йиғилиш ўтказиш ва турли иттифоқлар тузиш ҳуқуқи, шунингдек, қонун ишлаб чиқувчи ҳокимият — Давлат думаси(парламент)ни жорий этиш ваъда қилинди.

Тинч намойишга чиққанларни оммавий ўққа тутиш ва ундан кейинги инқилобий воқеалар давлат тизимини ислоҳ қилиш заруратини туғдирди ҳамда 1905 йилнинг 6 августида «Давлат думасини таъсис этиш тўғрисида» ва «Давлат думасига сайловлар тўғрисидаги низом» қабул қилинди. 1906 йил февралида Давлат Кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. У маслаҳатчи органдан парламентнинг юқори палатасига айлантирилди ва қонунчилик ҳуқуқи бўйича думага тенглаштирилди. Думага сайловлар 1906 йил февраль-март ойларида бўлиб ўтди.

Жадидлар бирлашиб сиёсий кучга айланди

1905-1906 йилларда Россияда содир бўлган инқилобий ҳаракатлар Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Айниқса, халқимизнинг илғор ҳур фикрли намоёндалари — жадидлар бир ғоя атрофида бирлаша бошлади. Улар Россиядаги сиёсий жараёнларни диққат билан кузатиб, вужудга келаётган сиёсий партиялар дастурларини ўрганди. Айни пайтда улар тинчлик йўли билан ўз мақсадларини амалга оширишга интиларди. Бу хусусида фикр юритган Беҳбудий ўзининг 1906 йил 11 октябрда «Хуршид» газетасида чоп этилган мақоласида жадидлар бирлашиб ягона мусулмон партиясини тузиш ва Бутунроссия мусулмонлари иттифоқи таркибига киришлари зарурлигини таъкидлайди. Бу туркий халқлар орасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги энг мақбул йўл эди.

Туркистонда сиёсий партиялар фаолиятини ўрганган француз разведкачиси майор Лякоста 1906 йилда ўз мамлакатига йўллаган яширин маълумотида: «Туркистон ўлкасидаги энг эътиборли ва келажаги порлоқ сиёсий куч — социал демократлар (большевиклар ва меньшевиклар) ёки социал инқилобчилар (эсерлар) ёхуд кадетлар ва либераллар эмас, балки ўзбек жадидларидир», деб ёзган эди. Чунки жадид боболаримиз чоризмга қарши курашиш учун халқимизнинг сиёсий-маърифий онгини янада ривожлантириш, жамиятда ҳур фикрлилар сафини кенгайтиришни мақсад қилганди. Бу эса ўз-ўзидан мустамлакачи тузумни йўққа чиқаришга қаратилган катта юриш эди.

Ижтимоий-сиёсий куч сифатида кўринган жадидларни халқ ўз ҳимоячилари дея тан ола бошлади. Шу сабаб Петербургда ўтадиган Давлат думасига аъзоликка сайланган илк депутатлардан бири Абдувоҳид Қориев зиммасига аҳолининг 12 моддадан иборат талабномасини Давлат думасига топшириш юклатилди. Бу ҳужжатда кўпгина ижтимоий талаблар кўрсатилган эди. Абдувоҳид қори 1907 йилда Петербургда Садри Мақсудий, Мусо Жориллоҳ, Алимардон Тўпчибошев каби мусулмон зиёлилари билан танишиб, мусулмон фракциясининг раиси Бигловга Туркистон халқи дардини етказди. Бироқ орадан кўп ўтмай, Абдувоҳид қори қамоққа олинди ва Тулага сургун қилинди.

Абдувоҳид қори ким эди?

Жамоат ва дин арбоби, тажрибали педагог А.Қориев дастлаб Кўкча даҳалик мактабдор Ёқубхўжа эшондан эски усулда сабоқ олади. 1870-80 йилларда Эшонқули додхоҳ ва 1880-88 йилларда Бухородаги Эрназарбой мадрасаларида таҳсил олади. 1888-1906 йилларда Тошкент шаҳридаги Мир Абдуллабой масжид-мадрасасида имом, мударрис, Шайх Хованди Тоҳур даҳаси қозиси каби вазифаларни бажаради. 1906 йилда Тошкент шаҳри думаси аъзоси бўлади ва 1907 йилда ўтказилган сайловдан сўнг Россия Давлат Думасининг депутати этиб сайланади. У Тула вилоятидаги 5 йиллик сургундан қайтгач, 1917 йил апрелгача мударрис, апрель ойидан «Шўройи ислом» раиси ва 1918 йилдан «Фуқаҳо» («Ҳуқуқшунослар») жамияти аъзоси сифатида фаолият юритади. Шунингдек, Ўрта Осиё маҳкамаи шария идорасининг раиси ҳам бўлади. 1923 йилда шу идора делегацияси таркибида Уфага бориб, Усмон Куръонини олиб келишда иштирок этади.

Албатта, бундай уйғоқ фикрли инсон ўша давр сиёсати учун душман эди. Шу сабаб қаттол тузум сабаб А.Қориев 1937 йилда асоссиз равишда қамоққа олинади ва 1938 йилда қатағонлик сиёсати оқибатида ўлимга маҳкум этилади.

Хулоса ўрнида

XIX асрнинг сўнгги йилларида Россияда иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар осонликча юз бермади. Ўша вақтда ташкил топган Давлат думаси бир неча бор тарқатиб юборилиб, қайтадан ташкил этилди. Ана шу жараёнларда кўп қийинчиликлар эвазига Ўрта Осиё халқлари ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади ва биринчи марта Давлат думасига депутатлар сайланади. Уларнинг сиёсий фаолияти узоқ давом этмаган бўлса-да, мақсади улуғ эди. Зеро, уларнинг кўнглида озод ва обод Ватанда яшашдек эзгу ният бор эди.

Жаҳонгир ҒАНИЕВ,

тарих фанлари номзоди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш