Хусусий бандлик агентликлари фирибгарликлари фош бўлмоқда

Бугунги кунда хорижга бориб ишлаш учун хусусий бандлик агентликларига юзлаб фуқаролар мурожаат қилишмоқда. Бундай агентликларнинг рекламаларидан ҳар қандай киши ўзини эртагаёқ хорижга учиб кетадигандек, индинига эса ўша ерда иш бошлайдигандек ҳис этиши тайин. Шу сабабли кимдир қарз-ҳавола қилиб, яна кимдир уйини ёки бошқа бирон-бир мулкини сотиб бўлса-да, ушбу агентликларга ишонч билдириб тўлов қилаётганлари рост. Чунки аввалига беш-олтита фуқарони хорижга юбориб ишга жойлаштиргани ҳақида эшитган кишининг ўша агентликка ишончи ортиши тайин. Аммо ҳамма хусусий бандлик агентликлари ҳам бу ишончга лойиқми?

Афсуски, охирги пайтда фирибгарликнинг янгича кўриниши хусусий бандлик агентликлари фаолияти орқали содир этилмоқда. Юзлаб фуқаролар миллионлаб пулларига куйиб қолишаётгани эса ачинарли.  

Хусусий бандлик агентликларига нечоғлик ишонч билдириш керак? Қандай йўл тутилса, алданиб қолмаслик мумкин? Бу хусусда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан боғландик. 

91 та хусусий бандлик агентлиги рўйхатдан ўтказилган

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги фармонида вақтинчалик ишлаш учун чет элга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг яшаши, меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб берилган,  — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги хусусий бандлик агентликлари ва билимни баҳолаш марказлари фаолиятини лицензиялаш ва мониторинг қилиш бошқармаси масъул ходими Ислом Ибрагимов. — Шунингдек, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун уй-жой, маиший шароитларни яхшилаш, молиявий ёрдам, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш масалаларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳам назарда тутилган. Албатта, кўрилаётган чоралар меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнда, айниқса, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишда ташқи меҳнат миграцияси масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани, хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги иши такомиллаштирилгани, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилингани катта аҳамият касб этмоқда. Мазкур Қонун асосида бугунги кунгача 91 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан  65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган. Япония, Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи миграция соҳасида битимлар тузилган. Агар бугунги кунда чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари сони 2,6 миллионга яқинни ташкил этса, шундан 0,07 фоизигина хусусий бандлик агентликлари улушига тўғри келади. Меҳнат бозорида хусусий бандлик агентликлари учун шундай кенг кўламли имкониятлар мавжуд бўлса-да, улар фаолиятида юзага келаётган айрим муаммо ва камчиликлар мазкур тармоқни янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва ечимларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Фирибгарликлар аниқланган

Ўтган вақт давомида Меҳнат вазирлиги ва агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан фуқароларнинг шикоят ва мурожаатлари келиб тушган.  Жумладан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш хизмати кўрсатилмаган бўлса-да, фуқаро томонидан тўланган маблағларни қайтариб бермаслиги ёки ушбу маблағларни қайтаришда муайян бир қисмини ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Натижада махсус рухсатнома асосида 8 та хусусий бандлик агентлигида текшириш ўтказилиб, улар фаолияти атрофлича ўрганилган ва мурожаатлар қаноатлантирилган. Шунингдек, 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмагани аниқланди. Одамлар ишончига кириб, уни суиистеъмол қилаётган, ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганлари ҳам йўқ эмас. «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» жорий йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар 600 нафарга яқин фуқародан 19 миллиард сўмдан зиёд маблағни банкдаги ҳисоб-рақамга кирим қилган бўлса-да, бугунги кунга қадар бирор шахс шартнома асосида хорижга жўнатилмаган. Фуқаролар агентликка қатнайвериб ҳолдан тойишган. Худди шундай «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi»нинг ҳам лицензияси тўхтатилган.

Тошкентда фуқароларнинг 1,67 миллиард сўмдан зиёд пулини ўзлаштириб олган «Human» бандлик агентлиги»га нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Агентлик фуқароларга Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвага ишга юборишни ваъда қилиб, пул олган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган «Human» бандлик агентлиги» МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузган бу фуқаролар агентлик томонидан Европа давлатларида ишга жойлаштирилиши лозим эди. Хизмат ҳақи учун ҳар бир аризачи агентлик ҳисоб рақамига 18 миллиондан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Аммо орадан белгиланган муддат ўтса ҳамки, шикоятчиларнинг ҳеч бири чет мамлакатга ишга юборилмаган. Ҳозирги вақтда бу масала бўйича МЧЖ директорига нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда») бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Бу кўрсаткич Ўзбекистонга ҳам тегишли

Халқаро миграция ташкилотининг 2018 йил бўйича берган маълумотига кўра, ҳозирда дунёда муҳожирлар сони 244 миллион нафардан ортади. Бу эса дунё аҳолисининг 3,3 фоизи демакдир. Уларнинг асосий қисми меҳнат муҳожирлари бўлиб, кўп ҳолларда юқори маош олиш ва шу билан ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларга бориб жойлашишади. Асосий миграция ички, яъни мамлакат ичида ҳудуддан-ҳудудга кўчиш сабабидан юзага келса-да, ҳозирга келиб турли ташқи омиллар таъсирида ташқи миграция ҳам жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Шуни айтиб ўтиш ўринлики, 2018 йилда муҳожирларнинг бир давлатдан бошқа давлатга кўчиш суръати олдинги йилларга нисбатан рекорд даражада ўсган ва бу кўрсаткич янада илдамлашда давом этмоқда. Бундай ўсиш даражаси Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир.

Хулоса ўрнида

Юқоридаги ҳолатлар такрорланмаслиги учун хусусий бандлик агентликлари фаолияти назорати янада кучайтирилиши лозим. Шундагина фуқаролар уларнинг алдовларига ишониб куйиб қолишмайди. Агарда бундай қонуний агентликларнинг ноқонуний фирибгарликлари кўпаяверса, одамларда ишончсизлик ҳам ортиб бориши, қолаверса, хорижга ишлагани кетиш учун ноқонуний йўллардан фойдаланишга уринишлар кўрсаткичи ортиши тайин. Бунинг учун ҳар бир берилаётган лицензия ҳуқуқий томондан назоратга олиниши барча учун яхши самара бериши мумкин. Хорижга ишлашга кетмоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг мутахассисларидан ҳуқуқий маслаҳат сўраши мумкин.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш