Қурилиш соҳасида қачон бурилиш бўлади?

Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари шаҳар ва қишлоқлар қиёфасига кўркамлик, халқимиз кўнглига ёруғлик олиб киряпти. Айниқса, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилалар учун қурилган арзон уй-жойлар юртдошларимизнинг чексиз қувончига сабаб бўлаётир. Бироқ, йўналишда эришилаётган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Қурилиш материалларининг нарх-навосидаги тафовути ва сифатига бўлган ишончсизлик ҳануз иккиланишларга сабаб бўлаётир.

Хўш, юртимизда қурилиш соҳасидаги ишлар қандай ютуқ ва камчиликларга эга. Соҳада қандай изчил ишлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси Ботир Зарипов билан суҳбатлашдик.

Ишлаб чиқариш кўлами ортган

— Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб, юзлаб уй-жойлар, йирик саноат корхоналари, маданият ва спорт масканлари, йўлу кўприклар барпо этилди, — дейди уюшма бошқаруви раиси Ботир Зарипов. — Икки йилда қурилиш ишлари ҳажми 1,7 баробар ошган. Уларда, асосан, маҳаллий хомашёлардан фойдаланилган. Шу билан бирга, керамик ва ёғоч-қипиқ плиталар, ойна, гулқоғоз ва бошқа маҳсулотлар импорт қилиб келинмоқда. Аслида Ўзбекистонда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, импорт ўрнини қоплаш учун катта имкониятлар мавжуд. Қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи жорий йил якуни бўйича 20 трлн. сўмни ташкил этади. Соҳага киритилаётган инвестициялар 4,5 бараварга ошиб, йил якунигача 1,5 млрд. АҚШ доллари сармоя киритилиши кутилмоқда. Ички бозорни цемент маҳсулоти билан тўйинтириш ва экспортини кўпайтириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш мақсадида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда тасдиқланган дастурларга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 2021 йилга бориб цемент ишлаб чиқариш 2 баробарга кўпайтирилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент нархи қимматми?

— Одамлар орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқилган цемент сифатига шубҳа билан қаралади, — дейди Б.Зарипов. — Бир нарсани айтишим керак, ҳар бир цемент заводи тўлиқ ишга тушишдан олдин масъул идоралар томонидан уларнинг маҳсулотлари текширувдан ўтказилади. Ишчи комиссиянинг мазкур завод меъёрий талабларга қанчалик жавоб бериши юзасидан актлар тузилади. Шартлардан яна бири, цемент заводида лаборатория бўлиши керак. Унда ишлаб чиқилаётган цемент сифати доимий равишда компьютер дастурлари воситасида назоратдан ўтказиб турилади. Шу нуқтаи назардан, сифатли цемент ишлаб чиқарилиши кафолатланган. Заводдан ҳеч қачон сифатсиз цемент сотувга чиқарилишига йўл қўйилмайди. Барча цемент заводларимиз ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотишга мажбур. Биржа савдоси шаффоф бўлиб, ҳар қандай тадбиркор ўз вакили орқали юқорироқ нарх бериб, истаганча цемент харид қила олади. Шу йилгача қурилиш мавсумида цемент нархи кўтарилиши кузатилар эди. Бироқ янги заводлар ишга тушиши натижасида цемент нархи бирмунча барқарор сақланиб турди. Яъни 2019 йил 1 январь ҳолатига бир тонна цемент нархи 471 минг сўмни ташкил этган бўлса, 1 июнда 572 минг сўмга етди, 1 июлда эса 476 минг сўмдан сотилди. 2 октябрь ҳолатига кўра, бир тонна цемент 484 минг сўмга тенг бўлди. Йил бошидаги нарх билан орадаги фарқ унчалик катта эмас. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди. Йил якунигача 3,5 миллион тонна қувватли янги заводлар фойдаланишга топширилиб, йиллик салоҳият 15 миллион тоннага етказилади. Бу цементга бўлган ички талабни таъминлаб, нархни арзонлаштириш имконини беради.

Муаммолар нимадан иборат?

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, уй-жой қурилишида қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжуд. Булар қурилиш ишларининг шаффоф эмаслиги ва жамоатчилик ҳамда манфаатдор ташкилотлар томонидан қурилиш ишларини назорат қилиш имконияти мавжуд эмаслиги, ушбу соҳада ҳуқуқбузарликлар (маблағларни суиистеъмол қилиш, коррупция ва ҳ.к.)га йўл қўйилиши, бу эса, ўз навбатида, қурилиш объектлари сифатидан фуқароларнинг норозилигига олиб келмоқда.

Буни уй-жой соҳасида Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига жами 11 мингдан зиёд мурожаат ва шикоят келиб тушгани ҳам кўрсатиб турибди. Буларда қурилиш меъёрларига амал қилмаслик, қурилиш ишларини бажариш устидан назоратнинг етарли даражада эмаслиги ва шартнома шартларини аниқ бажармаслик (қурилган объектларни вақтинча топшириш, сифатсиз материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига касбий малакаси бўлмаган ишчиларни жалб қилиш ва бошқалар) буюртмачиларга катта зарар етказиши кўрсатилган. Қурилишга рухсат бериш жараёнлари, хусусан, ер ажратиш билан боғлиқ ва бошқа муаммоларнинг мавжудлиги, юқори инвестицион хатарлар рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилиб, охир-оқибатда уй-жойларнинг якуний қийматига сезиларли даражада таъсир этмоқда. Қурилиш соҳасида 2017 йилдан 2019 йилнинг 9 ойи давомида бюджет маблағларини талон-торож қилганлик, порахўрлик ва бошқа салбий ҳолатлар бўйича 250 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу ҳолатларга йўл қўйган 318 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

— Кейинги пайтда сифатсиз қурилаётган уйлар ёки қурилиш соҳасидаги айрим камчиликлар хусусидаги фикрлар тез-тез учрамоқда, — дейди «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси директори ўринбосари Элёр Ризаев. — Аммо буларнинг олдини олиш мақсадида барча ҳудудларда  ҳудудий назорат инспекциялари томонидан тасдиқланган режа (график) асосида ижтимоий соҳа ва уй-жойларнинг қурилиши сифати бўйича доимий назорат ишлари олиб борилмоқда. Шу боис, жорий  йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш юзасидан ижтимоий соҳа объектлари тоифасига киритилган 1669 та объектдан 1 562 таси ҳудудий назорат инспекциялари томонидан рўйхатдан ўтказилди. 2018 йил давомида уй-жой қурилиш объектларида 23 542 та текширувлар ўтказилган бўлиб, аниқланган камчиликлар ва нуқсонлар бўйича 3 349 та кўрсатмалар берилган. Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексининг 99-моддаси бўйича 159 та пудратчи ташкилотга нисбатан маъмурий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, тегишлилиги бўйича маъмурий судларга юборилган.

Президентимизнинг 2019 йил 27 февралдаги «2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида»ги фармойиши доирасида Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этиладиган «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими соҳадаги айни муаммоларга ечим бўлади.

Тизим қандай ишлайди?

Онлайн режимда ишлайдиган тизим тўрт компонентдан иборат бўлади. Мазкур компонентлар қурилиш лойиҳаларини бошқариш, улар ҳақида маълумот бериш (видеокузатуви), автоматлаштирилган тўловларни амалга ошириш учун шартнома тўловларини бошқариш ва ходимларни бошқариш учун электрон кадрлар бошқаруви, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда қурилиш материаллари нархларини шакллантириш тизимларидан иборат бўлади. Фуқаролар ушбу ахборот тизими орқали мазкур йўналишларда зарур маълумотларни олиши мумкин.

«Шаффоф қурилиш» тизими 2021 йил 1 январга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида реал вақт режимида ишлай бошлайди.

Жорий этилаётган тизим орқали янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича амалга оширилиши белгиланган манзилли дастурларнинг ким томонидан, қаерда, қачон каби аҳолини қизиқтирадиган саволларга жавоб топиш имконияти яратилади. Шунингдек, қурилиш объектлари бўйича буюртмачи, лойиҳа ва экспертиза ташкилотлари, пудратчи ҳамда назорат қилувчи органлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тўла электрон базага киритилиши таъминланади.

Хорижга ҳам экспорт қилиш ҳажми кўпайган

Ҳозирда қурилиш материаллари тармоғида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали таннархни камайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2019-2020 йилларда соҳада 17 триллион сўмлик мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистондан гипсокартон, пардоз тошлари, керамика маҳсулотлари ва санфаянс, линолеум, шунингдек, том ёпишда ишлатиладиган материаллар ҳам экспорт қилиниши йўлга қўйилган. Мисол учун, биргина Озарбайжонга 1 млн. долларга яқин керамика плиталари етказиб берилиши режалаштирилган.

Юртимизда бунёдкорлик ишлари тобора ортиб бораётган бугунги кунда қурилиш материаллари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига, ўсиш нуқталаридан бирига айланиши керак. Корхоналарда энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали табиий бойликларимизни тежаш, материаллар нархини тушириш мумкин.  Бу ҳам тадбиркорга, ҳам халққа, ҳам давлатга фойда келтиради.

Дарвоқе...

Республикамизда 8 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти таркибида эса 102 та корхона ва ташкилот бор. Кўрилган чоралар натижасида ўтган йил ундан олдингисига нисбатан экспортёр корхоналар сони 37 тадан 47 тага, экспорт қилинадиган қурилиш материаллар тури 39 тадан 45 тага кўпайган. Экспорт қилинадиган давлатлар географияси 11 тадан 13 тага, яъни Афғонистон ва Тожикистон давлатлари ҳисобига кенгайган.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш