Аҳолини қийнаётган муаммоларга қачон ечим топилади?

Уй-жойга муҳтож ҳар бир оила «ватан»ли бўлишни орзу қилади. Йиллар давомида янги уй-жойга энди эга бўлдим деганда, у сифатсиз чиқиб, тез орада тўкилиб тушса-чи? Қурувчи ташкилотлар биздан уй-жойни қабул қилиб олганингизда яхши эди-ку, дея муаммони ўзидан соқит қилса? Унда уй эгаси арз-додини кимга айтади?

Қарши шаҳридаги Буюк турон кўчасида жойлашган 19-кўп қаватли тураржойда истиқомат қилувчи фуқаролар жорий йилнинг февраль ойидан буён Қарши шаҳар ҳокимлиги эшигида сарсон. Ҳоким ўринбосари Улуғбек Авазовга муаммоларини айтиб ҳар қанча мурожаат қилмасин, афсуски, бирор натижа йўқ.

«Дардимизни кимга айтайлик?»

— Бу уйга яхши ният билан 2017 йилда кўчиб келгандик, — дейди 8-хонадонда яшовчи фуқаро Гулмира Турсунова. – Лекин икки йилдан буён сув йўқ. Бор сувнинг ҳам қувури катта тармоққа уланмаган экан. Яқинда асосий қувур тешилиб, ҳамма жой кўлмак бўлиб кетди. Ўзимиз ташаббус кўрсатиб, қувур ўтган жойни ковлаб очдик ва таъмирлаб яна қайтадан бетонлаб ёпдик. Барибир сув ертўлагача кириб кетяпти. Натижада уйларимиз нам тортиб, оҳори тўкилиб боряпти. Шундай бўлса-да, ҳар ой 3 миллион 200 минг сўмдан кредит тўлаймиз.  

Маълум бўлишича, мазкур тураржой мажмуасини «Модерн-макс» МЧЖ қурилиш фирмаси қурган. Фирма масъули Шерали Кўчимов «Уйлар ҳокимиятга топширилган, ҳақ-ҳуқуқингизни улардан талаб қилинг», деган важни илгари суриб келмоқда.

Бу ерда чиқиндихона қурилмагани сабаб чиқиндилар ҳар жойда сочилиб ётибди. Тозалаш ишлари олиб борилади, бироқ чиқиндихона бўлмагандан кейин 80 та хўжаликнинг уйидан чиққан чиқинди 2 та контейнерга сиғармиди? Уй-жойлар атрофида ўриндиқлар ўрнатилмаган, болалар майдончаси ҳам қурилмаган.

Собиқ шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов аҳоли билан апрель ойида мулоқот қилиб, сентябргача канализация тизимидаги муаммолар ҳал бўлишига ваъда бериб, ушбу масалани ҳал этишни ўринбосари Улуғбек Авазов ва қурилиш фирмаси масъули Шерали Кўчимовга топширган эди. Бироқ мутасаддилар шу пайтгача сукут сақлаб келмоқда.

Иш аҳоли муаммоларини ўрганишдан бошланди

Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қарши шаҳридаги мавжуд аҳволни пиёда юриб ўрганишди. Аниқланган масала борки, жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Фуқаролар мурожаатида шаҳардаги 1-митти туман ҳудудининг Бешёғоч кўчасида рухсат этилмаган жойда чиқиндилар уюлиб ётгани, кўчадан ўтган йўл тор ва шу билан бирга, таъмирталаб экани айтилади. Мурожаатлар бўйича кўп қаватли уйлардаги шарт-шароитлар, ноқонуний қурилишлар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва автотураргоҳлар бориб кўрилганда аҳвол янада аянчли экани маълум бўлди. 2-митти тумандаги кўп қаватли уйлар атрофидаги болалар майдончалари ўзлаштириб олингани, энг ачинарлиси, ноқонуний ер эгаллашларга маҳалла оқсоқоли бош-қош бўлаётгани ойдинлашди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, деярли барча хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлар фаолиятидан аҳоли норози. Айрим кўп қаватли уйларнинг шарт-шароитлари совуқ кунларга тайёр эмас.

Вилоят ҳокими шаҳардаги кўп қаватли уйларда совуқ кунларда иситиш тизими қандай йўлга қўйилгани билан ҳам қизиқди. Иситиш тизимини жорий йилнинг 20 ноябригача ишга тушириш ва бу орқали уйлар қўлбола ва турли хил йўллар билан иситилишининг олдини олишга эришилиши таъкидланди.

— Фарғона ва Хоразм вилоятларида ис газидан заҳарланиб, жами етти киши вафот этди, — дейди Зойир Мирзаев. — Бу каби ҳолат эътиборсиз қолдирилган ҳар қандай жойда бўлиши мумкин. Масъуллар бугундан бошлаб  барча зарурий чораларни кўриши ва инсонлар тақдирига бефарқ қарашдек ёмон иллатни йўқотиши керак.

Ваъда қачон бажарилади?

Шаҳар марказида бир пайтлар фаолият кўрсатган 4-мактабгача таълим муассасасининг бугунги ҳолати янада аянчли.  Болаларнинг севимли даргоҳи бундан бир неча йил аввал таъмирталаб ҳолга келгани учун ёпилган. Шундан сўнг боғча ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаган.

— Боғча фаолият олиб бораётган вақтда қоровул бўлиб ишлаганман, — дейди Абдурашид Ўткиров. — Муассаса жуда эскириб, деворлари ўпирилиб кетгани сабаб фаолияти тўхтатилган эди. Лекин мутасаддилар қайтадан таъмирлаб, талабларга мос равишда замонавий қуриб берамиз, дея ваъда беришганди. Орадан йиллар ўтяптики, ҳеч кимнинг қаровсиз бу жойдан хабар олгиси йўқ.

«Бизга фақат бузиш буюрилганди»

Бундан уч ой олдин Қарши шаҳридаги 14-мактаб ҳовлиси девори шаҳарнинг собиқ ҳокими топшириғига кўра бузиб ташланган эди. Орадан шунча вақт ўтса-да, девор қайта қурилмаяпти. Бу эса нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар учун ҳам ноқулайлик туғдирмоқда.

— Жорий йил 24 июнь куни шаҳарнинг ўша пайтдаги ҳокими мактабимизда ҳудуд аҳолиси иштирокида сайёр қабул ўтказди, — дейди мактаб ўқитувчиси Шаҳло Жўраева. — Ўшанда аҳоли мактаб девори абгор аҳволга келгани, эрта-индин бирор-бир ўқувчининг устига қулаб тушишидан қўрқаётганини билдирганди. Шунда ҳоким мутасаддиларга хавфли ҳолатга келиб қолган деворни бузиб, ўрнига янги девор қуриш тўғрисида топшириқ берди. Сайёр қабул тугаши билан девор бузилди, аммо қайта қурилмади.

Ҳоким ўринбосарига бир ой синов муддати берилди

Юқоридаги масалалар ечими Қарши шаҳрида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда муҳокама этилди. Шунингдек, ўрганишлар давомида санитария-гигиена талабига жавоб бермайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, шаҳарсозлик нормасига мос бўлмаган қурилишларга рухсат бериш, ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилишларни амалга ошириш ҳолати аниқлангани айтиб ўтилди. Мутасаддиларнинг беэътиборлиги, ўз вазифасини тўлақонли бажармагани бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Шуларни ҳисобга олиб, Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология маркази бош шифокори Остон Чўлиев, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Шокир Бўронов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Қолаверса, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Улуғбек Авазов ҳам жиддий огоҳлантирилди ва унга ишни тўғри ташкил қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун бир ой синов муддати берилди.

Табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар қачон барҳам топади?

Охирги пайтда вилоят марказида ана шундай муаммо тез-тез кузатилиб, куз-қиш мавсумида аҳолини ташвишга солаётган эди. Эндиликда бундай ишлаб бўлмаслиги, масъулиятсизликка йўл қўйган кишиларга чора кўрилиши борасида қатъий талаблар қўйилди.

— Мавжуд аҳволдан келиб чиқиб, белгиланган чора-тадбирлар асосида ишчи гуруҳ тузилди, — дейди Қарши шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбари Улуғбек Ризаев. — Вилоят ҳокими томонидан масъулларга вазифалар аниқ тақсимлаб берилди. Ҳозирда бу борадаги камчиликларни бартараф этиш учун катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Мутасаддилар келгусида бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги, шаҳар аҳолисига электр ва газ таъминотида камчиликларга йўл қўйилмаслигини қайд этишди.

— Ўз кўзи билан бориб кўрмаган одам аҳолини қийнаётган шунча муаммо борлигига ишонмайди, — дейди Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев. — Ҳозир бу ерда айнан кимнидир айбдор қилиш ноўрин. Чунки деярли ҳамма ўз ишига масъулиятсиз, совуққон ёндашгани кўриниб турибди. Агар ҳар бир масъул зиммасига олган вазифасини тўлақонли бажариб қўйганда ҳам аҳвол бу каби аянчли манзара касб этмасди. Шундай экан, ҳар биримиз тўғри хулоса чиқариб, ўз ишимизни виждонан бажаришимиз керак.

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш