Ўзбекистоннинг ташқи қарзи йигирма миллиард АҚШ долларидан ошди...ми?

Ҳар қандай давлат йирик ижтимоий, иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун чет мамлакатлар, молиявий донор ташкилотлардан турли шартлар асосида қарз олиш амалиёти аллақачонлардан буён дунё иқтисодининг асосий йўналишларидан бирига айланган.  Мазкур усул билан ўта муаммоли вазиятларни осон енгиб ўтган мамлакатлар кўп. Аммо қарзнинг ҳатто давлат суверенитетини-да йўқотиб қўйишга, мамлакатнинг ташқи таъсир доираларига бўлинишигача олиб келадиган зарарли тарафлари ҳам мавжуд. Мисол учун, ўтган йилларда МДҲ давлатларидан бири Хитой Халқ Республикасидан ошиб кетган қарз туфайли ҳудудининг бир қисмини топширишига тўғри келгани тўғрисидаги гап-сўзлар кўпчиликни ҳушёр торттирган эди. Албатта, бу гаплар ортида жиддий асос бўлмаса-да, қарз бериш гегемон давлатларнинг бошқаларни асоратга солишда ишлатиб келаётган усулларидан бири экани ҳам сир эмас. Хўш, қарзлар, халқаро кредитлар борасида мамлакатимизнинг аҳволи қандай? Мазкур саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдик.

Қарзимиз қанча? 

— Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг жами ташқи қарзи 20,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади, — дейди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков. — Унинг 13,1 миллиарди айнан давлат томонидан тўланадиган қарз ҳисобланади. Қолган қисми эса йирик корхоналар, хусусий секторга тегишли. Яъни давлатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 23,5 фоизига тенг демакдир. Бу биз ҳар йили ялпи ички маҳсулотимизнинг шунча фоизини қарзни ёпиш учун сарфлашимизни англатмайди. Қарзлар узоқ муддатли ва турлича келишувлар асосида олингани боис ЯИМнинг 23,5 фоизининг ҳам арзимаган қисмигина қарзлар учун тўланади. Мазкур кўрсаткич ҳар қандай давлат учун нормал ҳисобланади. Иқтисодий меъёрларга кўра, хавфли вазият қарз ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизидан ортганидан сўнг бошланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон қарзларни ўз-ўзини қоплаб, фойда келтирадиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун олаётгани ҳам кредитлар борасида хавотирга ўрин қолдирмайди. Зеро, бизда бюджет дефицити кузатилгани йўқ. Қарз бюджет камомадини қоплаш мақсадида олингандагина зарарга ишлаши мумкин. Ҳозирда Молия вазирлиги Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стратегияси ишлаб чиқилган. Қарз олиш, уларни узиш ва шунга боғлиқ ҳолатлар бўйича ана шу стратегияга таянган ҳолда иш олиб борилади. Шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон учун молиявий хавфсиз бўлган давлат қарзи меъёрлари ишлаб чиқилган. Бу меъёрлар ялпи ички маҳсулотнинг 55 фоизигача кўрсаткичда тўхтайди. Ҳисоб-китобларга кўра, биз шунча миқдорда узоқ муддатли қарз олганимизда ҳам иқтисодимиз учун зарарли таъсир кўрсатмайди. Аммо бу қарз олишда давом этамиз дегани эмас. Қарзнинг кам бўлгани ёки умуман бўлмагани нур устига нур, албатта. Зеро, узоқ муддатли кредитларимизни ҳали болаларимиз, набираларимиз ҳам тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистон — ишончли давлат

Халқаро таснифга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзини узишга бўлган салоҳияти «кучли» деб баҳоланади. Яъни бюджет дефицити миқдори паст, мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда. Ташқи қарзлар, уларнинг фоиз ставкаларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб бормоқда. Бундан бирор марта бўлса ҳам бош тортмаган, тортмайди ҳам. Ваҳоланки, собиқ иттифоқ парчалангандан буён бир неча МДҲ давлатлари дефольт ҳолатини эълон қилиб улгурди. Жумладан, Россия Федерацияси 1998 йилда ташқи қарзларни тўлай олмаслигини эълон қилиб, дефольт эълон қилган. Умуман олганда эса, Ўзбекистоннинг тўлов салоҳияти юқори бўлган ҳолатда ташқи қарз миқдори МДҲнинг кўпгина давлатларига нисбатан паст.

Олинган қарзлар нималарга сарфланмоқда?

Аниқки, давлатимизнинг турли молиявий донорлар, халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлардан кредит олиши сабабларини аҳолига тушунтиришда мураккаб молиявий услублар етарли эмас. Оддий услублардан фойдаланган маъқул. Масалан, бугун дунёда узоқ муддатли кредитлар олиш, ойма-ой оила бюджети, турмуш даражасига таъсири паст бўлган тўлов эвазига маиший шароитларини яхшилаш авж олган ва бу ижобий ҳолатлардан бири ҳисобланади. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар мисолида ҳам шуни кўриш мумкин. Фақат бунда аҳоли учун белгиланадиган фоиз ставкаларидан ўзгача тизимлардан фойдаланилади ва инфляциялар даражаси ҳисобга олинади. Ўзбекистоннинг барча қарзлари иқтисодни янада кўтариш ва реал даромад келтирадиган соҳалар учун сарфланаётгани ҳам халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йилги ҳолатига кўра, иқтисодиётнинг энергетика тармоғига 3,4, транспорт ва транспорт инфратузилмаси учун 2,1, қишлоқ хўжалиги ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатишга 1,6, кимё саноатига 0,8, таълим ва соғлиқни сақлашга 0,6, давлат халқаро облигациялари учун 1,0 млрд. АҚШ доллари сарфланган. Шунингдек, кредитлар харажат қилинаётган бошқа тармоқлар ҳам мавжуд.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, қарзларимиз Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюлтирилган ёқилғини ишлаб чиқариш комплексини барпо этиш, Тахиатош, Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш, мамлакатимизнинг илк суверен халқаро облигацияларини амалга киритиш ва бошқаларга сарфланмоқда. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, кредитлар аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш ва суверенитетимизни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мазкур ишларни халқаро кредитларни жалб қилмасдан бирваракайига амалга ошириш эса иқтисодимизга зарарли таъсир кўрсатган ва пировардида аҳолининг турмуш даражасида акс этган бўларди.   

Ўзбекистоннинг ташқи қарз­лар борасидаги яна бир ўзи­га хос жиҳати — биздаги кредит манбалари турлича, яъни жуда кўп ташкилот ва давлатлар ҳисобига шаклланганидир. Бу билан қарз масаласида бир гегемонга суяниб қолишимиз, кимнингдир бизга иқтисодий ёки сиёсий таъсир ўтказиши хавфининг олди олинган.

Олтин валюта захираси нима? 

Мамлакатимиз Марказий банкининг маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 26 миллиард доллар қийматидаги олтин- валюта захиралари мавжуд. Хўш, бу бойлик нима учун тўпланган, умуман, давлатлар қандай мақсадларни кўзлаб олтин-валюта захираларини шакллантирадилар?

Ўзини ҳурмат қилган, эҳтиёт чораларини кўрган ҳар қандай инсон, оила эртанги кунини ўйлайди. Давлатни ҳам йирик бир оилага қиёслаш мумкин. Келажакни режалаштирган давлатлар, албатта, ўз олтин-валюта захираларини сақлашни ва кўпайтириб боришни мўлжаллайдилар.

Давлатларнинг олтин-валюта захиралари, асосан, хорижий валюта (АҚШ доллари, Евро, япон иенаси, Англия фунт стерлинги), қимматбаҳо унсурлар (олтин, олмос, платина), махсус облигациялар ва Халқаро валюта жамғармасига киритилган маблағлар орқали шакллантирилади ҳамда кучли назорат остида сақланади.

Бу шаклдаги бойликлар тўпланишининг ўзига хос сабаблари бор: санаб ўтилган ва­л­­юталар дунёнинг барча давлатларида қабул қилинади, олтин каби қимматбаҳо металлар одатда ўз қийматини йўқотмайди ва уларни зудлик билан сотиш мумкин, харидоргир облигациялар эса оз бўлса-да, фойда келтириб туради.

Олтин-валюта захираларини сақлашдан бир неча мақсад кўзланади:

1. Миллий валюта курсини кескин тушиб кетишдан асраш;

2. Кутилмаган вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар, халқаро иқтисодий инқироз, эмбарго, экспортнинг кескин тушиб кетиши) иқтисодни қўллаб-қувватлаш;

3. Бюджетдаги камчиликларни тўлдириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижтимоий ҳимояни сақлаб қолиш;

4. Имконият бўлганда фойда олиш.

Олтин-валюта захиралари бўйича етакчи давлатлар рўйхати бир неча йиллардан буён ўзгармай келмоқда. Яққол етакчи бўлган АҚШ сўнгги йилларда олтин захираларини сарфламай (шунингдек, кўпайтирмай) бир хил миқдорда сақлаб келаяпти (8133 тонна). Ҳолбуки, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида АҚШнинг олтин захираси 20 минг тоннадан ҳам ортиб кетганди (20663 тонна).

Улуғбек ИБОДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш