Боласини бўзлатган бағритошлар...

Ўзбек халқи борки, болам деб яшайди. Шукрки, сайёрамиз аҳли олдида умумэътироф этилган инсоний фазилатларимиз қаторида болажонлигимиз, меҳру оқибатимиз билан ҳам алоҳида обрў қозонганмиз. Бироқ... Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда миллий қадриятимизга айланиб кетган ана шу фазилатлардан мосуво, меҳрга бегона, оқибатдан йироқ кимсалар ҳам учраб туради.

Навоий вилоятида яшовчи Латофат Ғуломова ва Дилмурод Эргашев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундай инсонлар сирасидан чиқиб қолди. Улар йиллар мобайнида 2004 йилда туғилган қизи Садоқат Йўлдошева олдидаги ота-оналик бурчини бажармай келишди. Тақдир экан, бир оила бўлиб яшамади, иккисининг йўли айрилди, аммо ўртадаги бегуноҳ норасида меҳрга зор бўлди.

Яхшиямки, юртимизда кўнгли ўксик гўдакларнинг бошини силовчи, уларга ғамхўрлик қилувчи ташкилотлар бор. Садоқат ҳам ота-онасидан кўрмаган қайноқ туйғуни Меҳрибонлик уйидан топди, шу гўшада улғайди. Тошбағир она, масъулиятсиз ота эса бирор марта унинг ҳолидан хабар олмади. Меҳр-оқибат бешигидан маҳрум қилиб, армон эшигида ташлаб кетган дилбандининг кўзлари йўлдалигини ҳис қилишмади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Жамиятда яшаб туриб, унинг мавжуд тартиб-таомилини четлаб ўтиш мумкин эмас. Шундай бўлса, оқибатда, албатта, қонун доирасида чора кўрилади. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги Низом»да Меҳрибонлик уйига кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилиниши белгиланган. Оила кодексининг 79-моддасига мувофиқ, ота ёки она фарзанди олдидаги мажбуриятидан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги қайд этилган.

Юқоридагиларга кўра, Латофат Ғуломова ва Дилмурод Эргашев ҳам Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига биноан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суд жараёнида Латофат Ғуломова айни пайтда дала ҳовлида ёлғиз яшашини, моддий аҳволи яхши эмаслиги боис фарзандидан хабар олишга имкони бўлмаганини айтди. «Буғдой нонинг бўлмаса, буғдой сўзинг йўқмиди?» деган нақл бор. Она қизини кўришни астойдил истаса, юрагида заррача меҳр, соғинч бўлса, ҳар қанча қийинчиликка дуч келмасин, Меҳрибонлик уйига бориш, зурриётини кўриш йўлини топарди. Афсуски, у бундай қилмади. Мурғак кўнгил йўлига муштоқлигини хаёлига ҳам келтирмади. Ахир, бу дунёда фарзанди камоли, ўғли ё қизи ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши, кўнгли ярим бўлмаслиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, соғлигини, ҳатто ҳаётини гаровга қўйиб заҳмат чекаётганлар камми?

Оталик бурчини унутган Дилмурод Эргашев эса аввалдан хабардор қилинганига қарамай, суд мажлисига етиб келмади ва бу ҳолат сабаби ҳақида судга маълум ҳам қилмади. Мазкур хатти-ҳаракатидан унинг мутлақо масъулиятсиз инсон экани яна бир бор аён бўлди.

— Иш тажрибамизда бундай қарорлар бошқа миллат вакиллари тақдирида бир неча бор қабул қилинган, — дейди Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси Нурали Раҳмонов. — Аммо ўзбек оиласи учун бу жуда ачинарли ҳолат. Афсуски, бундай вазият Кармана туманида ўтган йили ҳам қайд этилган эди. Бундай манзара, ҳатто, бегона болаларга ҳам парвона бўлишга одатланган, ҳамма яхши нарсаларни фақат болаларга илинадиган, меҳрини ўз фарзандидан ҳеч қачон дариғ тутмайдиган миллатимиз шаънига доғдек қўнади.

Суд раисидан 2018 йилда ҳам Карманада ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳолати қайд этилганини эшитиб, хавотирга тушдик: бир пайтлар насл-насаб учун иснод ҳисобланган оила ажралишига бугун одатий ҳолдек қараётганимиз каби бу ҳолатга ҳам кўникиб қолмасак бўлгани...

Қўрага қамалган қизалоқ

Кармана туманидаги «Варқ» маҳалласида яшовчи онанинг (агар у шу шарафли номга арзиса?!) қилмиши бундан-да ошиб тушди. Турмуш ўртоғидан ажралган Феруза Аҳатова ҳаётини тўғри изга солиш ўрнига енгил-елпи турмуш тарзини танлади. У 2014 йилда никоҳсиз фарзанд кўрди ва қизалоғига Малика дея исм қўйди.

Бироқ тақдиридан норози аёл Маликанинг маликалардек яшаши учун ҳаракат қилмади. Унинг қалбидаги аламзадалик оналик меҳридан устунлик  қилди. Жорий йилнинг август ойидан буён таниши Соҳиб Қодиров билан ноқонуний яшай бошлаган Ферузага қизчаси Малика ортиқчалик қилди гўё. У кўпга ибрат қилиб кўрсатиладиган, бахту иқболини фарзанди камолида кўрадиган оналар каби иш тутмасдан, ҳозирча овунчоғи, келажакда суянчиғи бўлиши мумкин бўлган қизалоғини дўппослашни одат қилди. Балки у шу йўсин ўз зурриётидан қутулишни режалаштиргандир. Ўз дилбанди жонини оғритиб, мурғак кўнглига озор бериб қисматдан аламини олувчи она бу билан қаноатланмади. Ғазаби ҳаддан ошиб, беш ёшли қизчасини қўй-қўзилар боқиладиган қўрага қамаб қўйди.

Яхшиям маҳалла бор...

— Уйма-уй юриб, аҳоли билан суҳбатлашиш жараёнида Феруза Аҳатова ноқонуний равишда Соҳиб Қодиров билан яшаб юрганини эшитдик, — дейди «Варқ» маҳалласи раиси Ҳамид Очилов. — Соҳибнинг уйига борганимизда қўрага қамалган қизчани топдик. Дарҳол ички ишлар органига хабар бердик. Тиббий экспертиза натижаларига кўра, Садоқат Аҳатовага зарб билан уриш орқали тан жароҳати етказилгани аниқланди. Кармана тумани ИИБ томонидан Феруза Аҳатовага нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Садоқат эса Меҳрибонлик уйига жойлаштирилди.

Тасаввур қилинг, маҳалла бўлмаганда, маҳалла билмаганда болага нима бўларди? У ўз онаси томонидан давомли равишда қийноққа солиниб, жон таслим қилиши мумкин эди. Яхшиям маҳалла бор. Маҳалланинг саъй-ҳаракати билан улкан фожианинг олди олинди. Аммо суронли уруш йилларида, ҳатто, юртига бостириб келган миллат болаларига ҳам меҳр берган ўзбек халқи орасида Ферузаю Латофат каби аёллар, оналар борлигининг ўзи катта фожиадир.

Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш