Синфхоналар қачонгача қўлбола иситгичлар билан иситилади?

Одатда халқимиз қишнинг совуқ кунларида қийналмаслик учун ёз фаслидаёқ ўтин ва кўмирни етарлича ғамлаб қўйишга одатланишган. Шу маънода ижтимоий инфратузилма объектлари — тураржойлар, мактаблар, шифохона ва бошқа жамоат идораларини иситиш учун ёқилғини ўз вақтида захира қилганлар ютқазмайди. Хўш, бугун бу борадаги ишларни талаб даражасида деб бўладими? Мавсумга тайёргарлик кўрилдими?

Биз шу саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилояти Булунғур туманида бўлдик. Маълумотларга кўра, тумандаги 66 та умумтаълим мактабининг 6 таси табиий газ билан таъминланган. Газ таъминоти паст бўлиши кутилган 3 та мактабнинг қозонхоналари ҳам табиий газ, ҳам кўмир билан иситишга мўлжалланган. Қолган 57 та мактабда эса кўмир ёқилғиси ва ўтин захираси яратилган.

— Жорий йилги куз-қиш мавсумини қийинчиликсиз ўтказиш мақсадида ҳозиргача мактабларимизга 1 476 тонна кўмир (брикет) келтириб тарқатдик, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Суярқул Бердиқулов. — Аммо бу ёқилғи камлик қилади. Шу боис яна 200 тонна кўмир тарқатишни режалаштирганмиз. Барча муассасаларда кўмирдан ташқари ўтин ҳам захира қилинди. Шу пайтгача фойдаланиб келинган «Буржуй-К» печлари замонавийсига алмаштирилди. Шунингдек, ўттиздан зиёд муассасаларнинг том ва олд қисмлари таъмирдан чиқарилиб, эски эшик, дераза ва ромлари янгиланди.

Раҳбарнинг қўлидаги маълумотларга ишонсак-да, барибир ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида тумандаги бир қатор умумтаълим мактабларига боришга қарор қилдик.

Мактаб «буржуйка» ёрдамида иситилади

Биринчи манзилимиз — 15-умумтаълим мактаби бўлди. Кўзга кўринган илк жиҳат шу бўлдики, бу ерда мавсумга ҳаминқадар тайёргарлик кўрилган. «Булунғур асл қурилиш» МЧЖ ишчилари томонидан қурилган қозонхоналарга 24 миллион сўмлик учта замонавий иситиш тизимлари ўрнатилган. Аммо қозонхоналар торлиги сабабли ичкарида кўмир сақлашнинг иложи йўқ. Мактаб учун 30 тонна ўрнига 26 тонна кўмир ажратилган. Имконият даражасида ўтин жамғарилган.

Туманнинг «Гулзор» маҳалласида жойлашган 52-умумтаълим мактаби 2006 йилда фойдаланишга топширилган. Муассасага ўша пайтда янги иситиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, вақт ўтиши билан бу ускуналар эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шу боис кейинги йилларда синфхоналар «буржуйка» ёрдамида иситилган.

— Ўтган йили айрим синфхоналаримизни қўлбола печлар билан иситишга мажбур бўлгандик, — дейди мактаб директори Б.Абдукаримов. — Боиси ғамланган кўмир ҳам, ўтинимиз ҳам етмай қолганди. Бу йил эса иккита қозонхона қурилиб, замонавий иситиш тизимлари ўрнатилди. Туман халқ таълими бўлими томонидан 20 тонна кўмир (брикет) берилди. Аммо бу захира ҳам мавсум якунигача етмайди. Шу сабаб қўшимча 4 тонна кўмир ажратишларини сўрадик. Чунки қишнинг қандай келишини айтиб бўлмайди.

Муассасада камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мактабнинг олд томони панжара билан ўралган бўлса-да, қолган томонлари очиқ ҳолатда. Иш бошлаганига 13 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, мактабда ҳануз спорт зали йўқ. Ўқувчилар жисмоний тарбия дарсларини қишин-ёзин ташқарида ўтишга мажбур. Ўқитувчилар хонаси ва кутубхона мослаштирилган хоналарда жойлашган.

Мактаб ёнидаги тўйхона болаларга хавф солади

«Кичик Килдон» маҳалласидаги 42-умумтаълим мактаби тумандаги намунали билим масканларидан. 600 нафардан зиёд ўқувчи икки босқичда ўқиб, таълим-тарбия оладиган муассасада ҳам мавсумга тайёргарлик кўрилган. Биноларнинг томи ва фасадлари таъмирдан чиқарилган. Электр энергиясини тақсимловчи қутилар қайтадан соз ҳолатга келтирилган.  

— Билим масканимиз 4 та замонавий қозонхона ёрдамида иситилади, — дейди мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Нарзулла Расулов. — Жорий йилда 28 тонна брикет, 8 тонна кўмир ёқилғисини қабул қилиб олдик. Яна қўшимча 50 тонна кўмирга буюртма бердик. 10 кубдан зиёд ўтинни захира қилганмиз. Қозонхоналарнинг доимий ишлаб туришини таъминлаш мақсадида 2 тадан сув насоси ва янги ҳаво пуркагич ускуналарини келтириб қўйдик.

Аммо мактаб кутубхонаси ва ўқув залида иситиш тизими ўрнатилмаган. Ўқув залида электр чироқлари ёнмайди. Ним қоронғи хонада ўқувчилар қўшимча дарслар ўтишмоқда. Муассаса атрофидаги 228 метр масофа тўсиқ билан ўралмаган. Шу сабаб аҳоли уй-жойлари ва маҳаллий тадбиркорларнинг савдо дўконлари мактаб ҳудудига аралашиб кетган.

Яна бир гап. Мактаб яқинида тўйхона жойлашган. Йўл ёқасига қўйилган турнақатор машиналар йўлнинг икки четини ёпиб қўйганидан болалар кўчанинг ҳаракатланувчи қисмидан ўтишга мажбур бўлишмоқда. Бу эса мактабдан қайтаётган ўқувчиларнинг ҳаёти учун жуда хавфли. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, бу жойда бир неча бор автоҳалокат содир бўлган. Наҳотки, тўйхона эгаси томонидан меҳмонларнинг уловлари учун махсус автотураргоҳ қуриш қийин бўлса?

Ўрганишлар давомида нималар аниқланди?

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 30 июлида «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинганди. Қарор ижроси юзасидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари туман, шаҳарлардаги 37 та мактабгача таълим муассасаси, 63 та қишлоқ врачлик пунктларидаги қозонхоналарнинг техник ҳолатини ўрганди.

Ўрганишлар давомида деярли ҳамма қозонхонага лойиҳа тақдим қилинмаган, ўт ёндиргичларнинг ҳолати қониқарсиз ва сақловчи воситалар йўқ, иситиш тизимлари керакли синовдан ўтказилмаган, қозонларнинг ҳужжати йўқ, ходимлар эса махсус билимсиз ишлаётгани маълум бўлди. Аксарият қозонхоналарда ёритиш воситаси йўқ ва борларида хавфсизлик таъминланмаган, сув ҳароратини ўлчовчи ва бошқа назорат ўлчов асбоблари мавжуд эмас. Борлари қиёсловдан ўтказилмагани, захира сув насослари, дуд мўрилар созлиги текширилмагани ва бошқа бир қатор камчиликлар аниқланди.

Тезда ҳаво ҳарорати совиб, ёғингарчиликлар бошланади. Бу вақтда яшаб турган хонадонларимиз, ишхоналаримизни иситишга тўғри келади. Мавсумга етарлича тайёргарлик кўрганлар бу муаммодан ҳайиқмайди. Аммо булунғурлик айрим таълим муассасалари мутасаддилари бармоқ тишлаб қолмасалар бўлгани...

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик хўжакўрсинга бўлмайди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоятда ижтимоий соҳа объектлари ҳамда кўп хонадонли уй-жой фондини 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолатлари танқидий муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокимининг қарори билан вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уй-жойларни 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш, мониторинг олиб бориш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тузилди.

Йиғилишда ишчи гуруҳга ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, таълим муассасаларидаги «Буржуй-К» иситиш қозонлари ўрнига замонавий иситиш қозонларини ўрнатиш, кўп қаватли уй-жойларнинг ертула ва томларини тартибга олиш, олд қисмини таъмирлаш, зарур ҳолларда ҳудудларда ташкил этилган ширкатларга мавсумга тайёргарлик кўриш учун кредит маблағлари ажратилишини ташкил этиш асосий вазифа этиб белгиланди.

Шунингдек, вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали, Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва «Иссиқлик манбаи» корхоналари раҳбарларига мавсумда кўп қаватли уйларга табиий газ, электр энергияси ҳамда иссиқлик билан таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди. Ишчи гуруҳ томонидан куз-қиш мавсуми давомида амалга оширилган ишлар мониторинг қилиниб, маълумотлари доимий равишда вилоят ҳокимлигига тақдим этиб борилади.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш