«Ўғлим миллатини ўзгартира оладими?»

— Турмуш ўртоғим бошқа миллат вакили, мен эса ўзбекман. Бу йил ўғлим 16 ёшга тўлади. Одатда боланинг миллати отасининг миллатига кўра белгиланади. Аммо фарзандим паспортига ўзбек миллатига мансублиги ёзилишини истайди. Айтинг-чи, ўғлим паспорт олаётганда ўзбек миллатига мансублигини танлаш ҳуқуқига эгами?

Назира АҲМЕДОВА.

Фарғона вилояти.

Дилмурод РАЖАБОЕВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими:

— «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 19 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 21-бандига кўра, паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнида боланинг миллати ота-оналарнинг миллати бўйича аниқланади. Агар ота-оналар турли миллатларга мансуб бўлсалар, паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини беришда фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг миллати паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олувчининг хоҳишига кўра отаси ёки онасининг миллати бўйича ёзилади.

Демак, ўғлингиз паспортини расмийлаштираётганда икки миллатдан бирини танлаш ҳуқуқига эга.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш