Қоғозда қолаётган ваъдалар ёхуд фуқаролар ишончи нега сўнмоқда?

Ҳар бир оила муносиб шароитда яшашни орзу қилади. Равон йўллар, электр, табиий газ, сув таъминоти билан боғлиқ ишлар бу борада муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас.

Аммо Фарғона шаҳридаги «Ипак йўли» маҳалла фуқаролар йиғини Шаббода кўчасида умргузаронлик қилаётган аҳоли учун бу масалалар ушалмас орзу бўлиб қолмоқда. Гап шундаки, ҳудудда яшаётган одамлар йўл ва электр таъминоти носозлиги, тоза ичимлик сувининг йўқлиги юзасидан бир неча бор бонг урган бўлса-да, амалий ишдан ҳалигача дарак йўқ. Наҳотки, бир маҳалла аҳолиси кундалик ҳаёт тарзи учун зарур бўлган, йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилмаса?

Келади, кўради, ваъдалар беради...

— Шу маҳаллада туғилиб ўсганман, — дейди Шаббода кўчаси 120-уйда истиқомат қилаётган Иброҳимжон Тиллаев. — Кўчаларимиз ёзда чанг, қишда лой. Ҳар ким ўз ҳолича электр тармоғи тортиб олган. Об-ҳаво ўзгариб шамол турса, бирор-бир фалокат юз бермасмикан, деб хавотирга тушамиз. Ёмғир ёғса, кўчада юриб бўлмайди, кўприкларимиз таъмирталаб. Ўқувчилар лой кўчадан мактабга қатнайди. Бу борада шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Масъуллар келди, кўрди, ваъда беришди, лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Қайтанга кўпнинг кўзига «ёмон» кўринганимиз қолди.

Ҳақиқатан ҳам маҳалла аҳлининг куюнганича бор. Шаббода кўчаси ташкил топиб, 200 тага яқин хонадон уй-жой қурганига ҳам чорак аср бўлибди. Аммо аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган кўплаб маиший масалаларга ҳанузгача ечим топилгани йўқ.  Хусусан, маҳалла марказидан оқиб ўтувчи  Болтакўл сойи сув тармоғини тозалаш, кўприкни таъмирлаш, сизот сув қувурларининг кўзини очиш, эски электр устунларини алмаштириш ҳамда кўча чироқларини ўрнатиш зарур.

— Бу масала юзасидан сектор раҳбарларига ҳам мурожаат қилганмиз, — дея суҳбатга қўшилди маҳалла фаоли Холмирза Давронов. — Улар ҳам масалани ўрганиб, йўлларга шағал ётқизишга бош бўлишга ваъда берганига ҳам икки ой бўляпти. Дастлабки куни бир машина шағал келди, шу билан ҳамма иш шундоқлигича қолиб кетди. Тўрт йилдирки, ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича ташкилотлар томонидан қоп-қоп ваъдалар берилади, лекин умидимиз пучга чиқди. Мурожаатимизга жавоб хатлари олганмиз, аммо ижроси ҳақида сўрасак, мутасадди ташкилот вакиллари елка қисади, маблағ ажратилмаганлигини баҳона қилишади. Қолаверса, шаҳар кенгаши депутати Дилбархон Мамажонова ҳам ҳудудга келиб, мавжуд аҳвол билан яқиндан танишган ва мактабгача таълим муассасаси қурилишига ёрдам беришни ваъда қилган эди, бироқ бу борада ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Тўғриси, кимга ишонишни билмай қолдик. Давлат идораларига ишончимиз  сўниб боряпти.  Бизларни алдаб улар нимага эришади?

Муаммоларга ечим топилади, бироқ...

Аҳоли билан юзма-юз мулоқот давомида мавжуд муаммолар билан яқиндан танишгач, «Ипак йўли» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.

Йиғин раиси Бахтиёр Қорабоевнинг таъкидлашича, ҳамма жойда ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан қайд этилган муаммоларни тегишли тартибда ўрганиш, мурожаатига амалий жавоб бериш, камчиликларни бартараф этишга эътибор берилмайди. Бу маҳаллада нафқат йўл, сув, электр, газ таъминоти, балки  мактабгача таълим муассасаси ҳам қуриш зарур. Ҳозирда йиғинда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 380 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, жорий йил белгиланган режага кўра, Шаббода кўчасининг бор-йўғи 200 метр ички йўли асфальтланиши керак эди, лекин бу масала ҳам маблағ йўқлиги сабабли қоғозда қолиб кетди.

— Айни кунда Шаббода кўчаси бўйлаб ётқизилган 2 минг 700 метр  масофадаги тоза ичимлик суви қувурларини созлаш ва тажриба синов ишларини амалга ошириш борасида иш олиб борилмоқда, — дейди «Сувоқова» давлат унитар корхонаси Фарғона шаҳар филиали муҳандиси Муродил Эгамбердиев. — Белгиланган режага кўра, сув қувурлари марказий якка тик қудуқлари тармоғига уланиб синовдан ўтказилиши керак. Ҳозирги кунда бу ишлар билан боғлиқ бўлган зарур чора-тадбирлар белгиланган. Шу ойнинг охирига қадар барча тамоқларга тоза ичимлик суви етказиб бериш имкони туғилади.

«Шаршара»да нима гап?

Аҳолини қийнаб келаётган муаммолар  кўлами фақат «Ипак йўли»да экан десак хато қилган бўламиз. «Ипак йўли» билан ҳамсоя бўлган «Шаршара» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳолат ҳам қониқарли эмаслигининг гувоҳи бўлдик. Ўрганишлар  шуни кўрсатадики, бу ерда ҳам аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий, иқтисодий муаммолар ўз ечимини кутиб турибди.

— Умумий узунлиги 20 километр бўлган ички йўлларимиз 1974 йилдан буён таъмирланмаган, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Ҳасанов. — Бу масалада мутасаддиларга мурожаат қилсак, фақат «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларгина таъмирланиб, асфальтланиши зарурлигини айтишади. Унда дастурга тушмаган маҳаллалардаги мавжуд муаммолар қачон ва ким томондан бартараф этилади? Тўғри, айрим масалалар саховатпеша кишиларнинг ҳиммати туфайли ечим топаётганидан кўз юмиб бўлмайди, аммо бу маҳалла ҳаёти учун зарур бўлган муаммоларни батараф этишнинг мақбул ечими эмас.

Дарҳақиқат, одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар фақат йўл билан боғлиқ, десак хато бўлади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш кўрсаткичи 30 фоизни ташкил қилади, газ босими паст,  электр устунлари алмаштиришга муҳтож, кўча чироқлари йўқ, маҳалла ёшлари учун бирорта ҳам спорт мажмуаси қурилмаган. Авария ҳолатига келиб, ишламай турган 2-оилавий поликлиникасини қайта қуриш долзарб масалалардан.

— «Ипак йўли» ва «Шаршара» маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд ҳолатдан хабардормиз, — дейди Фарғона шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шарифжон Ниёзметов. — Аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган масалалар фақат «Обод маҳалла» дастури асосида ҳал этилиши юзасидан тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Истиқболдаги режага кўра, бу маҳаллаларда 2021  йилда дастур асосида амалий ишларни бошлаш юзасидан зарур  чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Салгина шамол турса бас...

Шунингдек, вилоятнинг Қўштепа туманида «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган амалий ишлар натижаси билан танишиш мақсадида ҳудуддаги Солижонобод,  Янгиҳаёт қишлоқларида бўлдик. Бироқ ушбу манзилларда гувоҳи бўлган манзаралар ҳам бизни ранжитди. Жумладан, Солижонобод қишлоғида дастур доирасида бажарилган ишлар ҳудуддаги муаммолар тўлиқ барҳам топганидан дарак бермайди. Айни кунда сув қудуғи таъмирга муҳтож. Бунинг оқибатида 200 тага яқин хўжалик аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда узулишлар бўлмоқда. Бу масалада мутасаддиларга бир неча бор мурожат қилинган, лекин амалий ишлар ечимидан дарак йўқ. Шунингдек, туман ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш бўлими мутахассислари томонидан кўрсатилган маълумотда қишлоқдаги 4 километр электр кабеллари тортиш ишлари якунланган. Амалда эса бу ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Бундан ташқари, бир километр йўлни шағаллаш, маҳалла  фуқаролар йиғини учун бино ажратиш ва таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш сингари ечимини кутаётган масалалар бор.

«Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинида «Обод қишлоқ» дастури доирасида бошланган ишлар ҳудудда янги ҳаёт тарзини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Аммо дастурда белгиланган болалар учун янги хусусий мактабгача таълим муассасаси қуриш ишлари ҳануз ечимини топгани йўқ. Қолаверса, қишлоқда электр таъминотидаги мунтазам узилишлар оддий ҳолга айланиб қолган.

— Сал шамол турса чироқ ўчади, — дея эътироз билдирди маҳалла масъул котиби Ҳавохон Абдувоҳидова. — Айниқса, қиш кунларида бундай ҳолатлар тез-тез такрорланади. Бу масаладаги мутасаддиларга қилган мурожаатларимиз эса ҳамиша ҳар сафар эътиборсиз қолмоқда.

Сирасини айтганда, давлат ташкилотлари ортидан югура-югура чарчаган фарғоналиклар раҳбар ва мутасаддиларнинг ваъда ва тасаллисини эмас, муаммолар ечимидаги амалий ишлар ижросини кутмоқда. Зеро, қоғозда қолаётган ваъдалардан ҳеч қандай наф йўқ. Шундай экан биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Расул КАМОЛ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш