Маҳалла можаросига ким ечим топади?

Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги «Эски Жомбой» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилором Азизова яқинда таҳририятимизга келиб, бир гуруҳ фуқаролар томонидан имзоланган шикоят хатини қўлимизга тутди.

Унда таъкидланишича, жорий йилги фуқаролар йиғини раиси сайловида 85 фоиз овоз билан Баҳром Азизов маҳалла раислигига сайланади. Бироз муддат ўтгач, туманнинг собиқ ҳокими Умид Назаров йиғинга ташриф буюриб, янги раисга масъул котиб лавозимида ишлаётган Бахтигул Абдураҳмоновани ишдан олмаслигини айтади. Масъул котиб эса хоҳласа ишга келар, хоҳламаса келмас, болаларга ажратилаётган нафақа пулларига ҳам кўз олайтирар экан.

Шунингдек, хатда жорий йилги «Обод қишлоқ» дастурига тушган «Эски Жомбой» маҳалласида режадаги юмушлар 50 фоизга ҳам бажарилмагани, аммо масъуллар ҳаммасини бажардик, қабилида юқорига ҳисобот бергани таъкидланади. Янги сайланган раис эса тумандаги айрим раҳбарларнинг топшириғига кўра, асосий иши қолиб, фуқаролардан солиқ йиғиш, бир ойлик сафарбарлик чақирув резервига йигитларни саралаш, пахта йиғим-теримига одамларни жалб қилиш билан банд эмиш. Хатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудга бордик.

Кимнинг гапига ишонишни-да билмайсан...

Маҳаллага кириб борар эканмиз, бизни қарийб 20 нафар фуқаро кутиб олди.

— Котибамиз ишга бир кун келса, икки кун келмайди, — дейди хат муаллифи Дилором Азизова. — Йиғинга зарурат туфайли келган одамлар уни соатлаб кутишга мажбур бўляпти. Натижада барча юмушлар янги раис, яъни менинг турмуш ўртоғим Б.Азизовнинг гарданига тушяпти.

— Менинг неварамга 2 ёшгача нафақа пули берилиши керак эди, аммо котибанинг айби билан бу пулни ололмадим, — дейди 60 ёшли Мавлуда Каримова. — Бу ҳақда маҳалланинг собиқ раисига ҳам бир неча бор мурожаат қилдим, лекин натижа чиқмади.

Шикоят хатида кўпроқ масъул котибнинг исми-шарифи келтирилгани боис дастлаб Бахтигул Абдураҳмонова билан боғландик.

— Ишга сўнгги пайтларда камроқ бораётганимнинг баъзи сабаблари бор, — дейди у. — Менинг устимдан ёзилаётган шикоятлар юзасидан туман молия бўлими, маҳаллалар кенгаши томонидан текширувлар ўтказилди. Текширувлар натижасида менга билдирилган даъволарнинг аксарияти исботланмади. Фақат иккита факт бўйича 144 минг сўм миқдорида жарима тўладим, холос. Айни кунларда меҳнат таътилидаман. Таътил тугагач, албатта, яна ўз ишимга қайтаман. Янги раис ва унинг турмуш ўртоғи айни шу вазиятдан фойдаланиб, мени ишдан бўшатиш пайида турли идораларга шикоят хати ёзяпти.

Можароли вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Илёс Асроровга мурожаат қилдик.

— Бу масала ҳал бўлган, яқинда менинг буйруғим билан Б.Абдураҳмонова лавозимидан озод қилинди, — деди у. — Тез орада мазкур йиғинда янги масъул котиб иш бошлайди. Аммо янги раисдан бироз ранжиганим ҳам рост. Негаки, у киши кейинги пайтларда «ёза-ёз» билан бўлиб, кенгаш ёки ҳокимликдаги мажлислар, йиғилишларга гоҳида сабабсиз келмайдиган одат чиқарди.

Гапнинг очиғи, бу ерда кимнинг гапига ишонишни ҳам билмай қолдик. Котиба ишлаяпман, деса, туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари уни ишдан бўшатганман, деяпти. Йиғин раиси Баҳром Азизовнинг қайд этишича, биз маҳаллага бориб, вазиятни ўрганганимиздан сўнг, Илёс Асроров унга қўнғироқ қилиб, масъул котибни ишдан бўшатгани, унинг ўрнига янги ходим олиши мумкинлигини айтибди...

«Қанақа маҳалла маркази, ҳеч вақо қурилгани йўқ»

Йиғин биносига йиғилган йигирмадан зиёд фуқаронинг аксарияти хотин-қизлардан иборат. «Азага борган аёл ўз дардини айтиб йиғлайди», деганларидек, уларга юзланишимиз билан масъул котиб масаласи ҳам бир четда қолиб, аёллар маҳаллада «Обод қишлоқ» дастурининг ўта сифатсиз ва чала бажарилганидан нолиб кетишди.

— Йил якунланаётганига қарамай, режадаги 118 та симёғочдан бор-йўғи, 38 таси алмаштирилди, — дейди маҳалла фаолларидан бири Саодат Аъзамова. — 3 та трансформатордан эса ҳозиргача биттаси қўйилган, холос.

Туман ҳокимлиги бош мутахассиси Наврўз Эргашевдан олинган маълумотларга кўра, «Обод қишлоқ» дастурига асосан, ҳудудда қишлоқ врачлик пункти, замонавий мактаб ва маҳалла маркази қурилиши режалаштирилган эди. Сентябрь ойида ҳар учала ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, гўзаллик салони, маиший савдо, хўжалик моллари дўкони ва этикдўзлик устахонаси ишлаб турибди. Аҳоли янгидан таъмирланган маҳалла бекатидан фойдаланмоқда.

— Қанақа маҳалла маркази, ҳеч вақо қурилгани йўқ, — дейди Б.Азизов. — Йиғин фаоллари тадбиркор Мамаюсуф Шодмоновнинг савдо маркази ва хизмат кўрсатиш мажмуасининг бир четидаги хоналарда фаолият кўрсатмоқда. Янги мактаб қурилгани ҳам ёлғон. Ҳудуддаги 28-умумтаълим мактабининг биноси таъмирланди, холос. Гўзаллик салони, маиший савдо, хўжалик моллари дўкони ва этикдўзлик устахонаси бу ерда илгаридан мавжуд эди. Унинг дастурга мутлақо алоқаси йўқ. Ҳокимлик вакиллари айтган маълумотлардан фақатгина ҚВП биноси қурилди. Савдо марказининг орқа томонидаги собиқ хўжалик идораси ҳудудидан ўзимиз маҳалланинг янги биноси учун ҳашар йўли билан пойдевор қўйдик.

«Йўғонроқ ходани тик қилиб, симёғоч сифатида фойдаланяпмиз»

Яна ҳокимлик масъул ходимининг маълумотларига кўз ташлаймиз: «...Йўлларнинг жорий ҳолатини яхшилаш мақсадида маҳалла ҳудудида 3,2 километр асфальт, 7,4 километр тош қопламаси ётқизилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 2 километр масофада пиёдалар йўлаги қурилиши белгиланган. Бугунги кунда ушбу режа тўлиқ бажарилди. Йўлларни ёритиш учун 60 та тунги ёриткичлар ўрнатилди».

— Тунги ёритгичлар ўрнатилгани рост, аммо пиёдалар йўлагининг ўта сифатсизлиги боис одамлар катта йўлдан юришни маъқул кўрмоқда, — дейди шу ерда яшовчи Меҳри Исмоилова. — Мен яшайдиган уй яқинида эса ҳатто оддий симёғочнинг ўзи йўқ. Қўшниларим ёрдамида йўғонроқ ходани тик қилиб, симёғоч сифатида фойдаланяпмиз. Агар сал кучлироқ шамол турса, у синиб кетиши аниқ.

Ҳокимлик маълумотларида ҳам шу масала орқада қолаётгани тан олинган: «...Тармоқларни реконструкция қилиш ҳозирча 85 фоизни ташкил қилмоқда. Электр таянч устунларини ўрнатиш 26 фоиз, мавжуд симёғочларни таъмирлаш 28 фоизга кам бажарилган. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Айтиш жоизки, «Обод қишлоқ» дастури ижроси «Эски Жомбой» маҳалласи мисолида 90 фоизга бажарилди. Ноябрь-декабрь ойлари сўнггига қадар дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси тўлиқ таъминланади».

Биронта кўчада ном йўқ, уйларда эса рақам...

Баҳром Азизов ва маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида йиғин ҳудудини айландик. Маҳалланинг марказий кўчасига асфальт ётқизилган. Аммо айрим ички кўчаларда чириб, қийшайиб турган симёғочлар, ҳали бир қиш ўтмай, ёрилиб кетган пиёдалар йўлакчаси кўзга ташланиб турибди. Йўлсозлар ўз вазифаларига шунчалик лоқайдлик билан ёндашганки, ҳатто кўчанинг икки томонида ўсиб ётган бегона ўтларни ҳам тозаламасдан, тош ётқизиб кетаверишган. Бунинг устига биронта кўчада ном йўқ, уйларда эса рақам...

— Бу масалада ҳам раҳбарларга бир неча бор мурожаат қилдим, аммо ҳозирча бирор натижа йўқ, — дейди Б.Азизов. — Худо кўрсатмасин, бирор уйга «Тез ёрдам» ёки ўт ўчириш машинаси чақирилса, одамлар манзилни айтишга қийналишади. Гоҳида шундай ҳол юз берганида улар маҳалладаги марказий кўчанинг бошига чиқиб кутиб туришади.  

Туман масъулларининг фикрича, «Обод қишлоқ» дастурининг чала бажарилиши фақатгина «Эски Жомбой» маҳалласида кузатилган эмас, бошқа ҳудудларда ҳам бор. Бунга асосий сабаб эса туманнинг собиқ ҳокими Умид Назаров ва унинг собиқ ўринбосари Шерали Худоёровнинг нотўғри иш юритганидир.

Хуллас, шикоят хатини ўрганиш жараёнида машҳур рус масалчиси Иван Криловнинг «Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа» номли асари қаҳрамонларининг ҳаракатлари беихтиёр хаёлимиздан ўтди. Уларни шу маҳалладаги вазият билан таққосладик: янги раис аравани бир томонга тортса, масъул котиб бошқа томонга тортяпти. Бизнинг-ча, улар орадаги гина-кудуратни унутиб, бир ёқадан бош чиқариб ишлаши лозим. Хуллас, Жомбойнинг «Эски Жомбой» маҳалласида кузатганларимизнинг қисқача баёни шулардан иборат. Бундан хулоса қилиш сизнинг ҳукмингизга ҳавола, азиз маҳалладош!

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш