Бозорлардаги аҳвол ўнгланадими? Қачонгача унинг озорини чекамиз?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Тонгда салқин шабада юзни чимчилаши-ю, пешиндан кейинги изғирин этни увиштиришидан қиш-қировли кунлар яқинлиги аён. Ҳадемай, куз ёмғирлари авж олса ҳам ҳеч гап эмас. Навоий шаҳридаги «Саховат» МЧЖга қарашли Марказий деҳқон бозорида улгуржи савдо билан шуғулланувчи «тадбиркорлар» эса ташвишда. Бежиз уларга қўштирноққа олиб таъриф бермадик. Чунки «оптом бозор»даги аксарият сотувчилар тегишли ҳужжатларсиз савдо қилишади. Шу боисми, улар бозор маъмуриятига шарт-шароит ҳақида «ғинг» дейишмайди. Ўз маҳсулотларини ерда, харидорларнинг оёғи остига қўйиб ҳам савдосини қилаверади.

«Саховат» МЧЖ мутасаддилари бу ҳолат учун сотувчиларни айблайди. Уларнинг айтишича, тирикчилиги бозордан бўлган бу одамларга қонун-қоидани тушунтириш, «оптом бозор»ни тартибга солишнинг иложи йўқ эмиш. 

Ичкари ҳам обод эмас

Очиғи, кейинги пайтларда Марказий деҳқон бозоридаги ачинарли аҳвол ОАВда бир неча бор ёритилди. Бунинг натижаси ўлароқ, гўшт растаси аввалгидан бирмунча тартибга келтирилган.

Бироқ балиқ маҳсулотлари сотиладиган растада ҳали-хануз «эски ҳаммом, эски тос». Расталардаги пала-партишлик дилни хира қилади. Бу ерда балиқлар харидорлар хоҳишига қараб, тозаланган ҳолда ҳам сотилади. Аммо бунинг учун етарли шароит йўқ. Натижада «балиқ бозор»ни бадбўй ҳид қоплаган ва луқмаи ҳалол сотиб олишга чоғланган айрим харидорлар бу ҳиддан қочиб, ниятидан воз кечади-ю, растани четлаб ўтади. Расталар ёнида ўрнатилган жўмраклар эскириб, синиб ётибди.

Бундан ташқари, бозор ҳудудидаги барча савдо дўконлари олдида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда турли хўжалик моллари гўёки реклама учун териб қўйилган. Бу эса маҳсулотлар сифатига таъсир кўрсатибгина қолмай, бозор манзарасини ҳам бузиши табиий. Ширинликлар сотиладиган раста йўлаклари ҳам турли қандолат маҳсулотлари билан тўла. Айниқса, кремли пишириқларнинг йўлакда, харидорлар оёғи остида жойлаштирилгани таъбни хира қилади.

Бир сўз билан айтганда, бозорда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаяпти. Айрим сотувчилар белгиланган жойдан ташқарида ноқонуний, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария-гигиена талабларига риоя қилмасдан фаолият кўрсатишмоқда. Бозор маъмурияти эса бу ҳолатни бартараф этиш юзасидан қатъий чора кўрмаяпти.

Бозор ҳудудидаги ошхоналар қай аҳволда?

— Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва давлат санитария-эпидемиология маркази билан ҳамкорликда бозорлар аҳволини ўргандик, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси раҳбари Тожиддин Эшмирзаев. — Олиб борилган ўрганишлар давомида бозорлар ҳамда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, «Саховат» МЧЖга қарашли Марказий деҳқон бозорида сотувчилар ва харидорлар учун қулайлик яратилмаган. Бу ерда 2016 йилда ўтказилган ҳашардан кейин зарур таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмаган. Бозор маъмурияти томонидан ҳудуднинг умумий тозалиги, сотувчиларнинг савдо қоидаларига риоя этиши устидан назорат бўшаштириб юборилган. Ўрганиш давомида нон, салат, ширинлик ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қилаётган 400 нафарга яқин сотувчининг аксарияти махсус кийимсиз экани аниқланди.

Санитария-гигиена қоидаларига зид аҳвол ҳудуддаги ошхоналар мисолида янада яққол кўринади. Баъзи ошхоналарда таом тайёрлаш ва идиш-товоқларни ювиш ишлари бир хонада бажарилади. Бу ҳам етмаганидек, ошпаз ва официантларнинг кийимлари ҳам шу хонада осиғлик туради. Афсуски, бу кичик овқатланиш шохобчаларидаги антисанитар ҳолат хўрандалар саломатлиги учун хавф туғдиришига ҳеч ким эътибор қаратмаяпти.

— Марказий бозор кўринишини жуда хунук манзарага олиб келаётган ошхоналар масаласи ҳамон долзарб бўлиб қоляпти, — дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси А.Турсунов. — Сабаби Марказий деҳқон бозоридаги 10 дан ортиқ ошхона нафақат бозорнинг, ҳаттоки Навоий шаҳрининг кўркамлигига путур етказиб турибди. Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан бу ҳолатга чек қўйиш чораси кўрилиши лозим.

Навоий вилоят ДСЭНМ томонидан бозордаги ошхоналар фаолиятини тугатиш ва уларга савдо дўкони мақомини бериш юзасидан ваколатли ташкилотлар хулосаси асосида бир неча маротаба Навоий шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилинган бўлса-да, бу мурожаатлар қаноатлантирилмай келинмоқда.

«Экобозор» одамга зор, чунки унинг чаласи бор...

Бу каби аянчли аҳволни Навоий вилоятининг чекка туманларидаги бозорларда ҳам кузатиш мумкин. Хатирчи тумани деҳқон бозоридаги қийшайган ёғочлардан терилган расталарни кўриб, «қайси асрда яшаяпмиз?» дейсиз ҳайратдан.

Бозор ҳудудида замонавий «Экобозор» барпо этилди. Номига муносиб бозорда аҳолига экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш имконияти мавжуд. Замонавий расталар, гўшт, сут ва бошқа сақланиш тартибига риоя қилиш қатъий талаб қилинадиган маҳсулотлар учун музлаткичлар ўрнатилган. Бироқ тадбиркорлар ёпиқ турдаги, ёзда салқин, қишда иссиқ «экобозор»дан кўра, бозор ҳовлисидаги эски, қўлбола расталарда савдо қилишни афзал кўришмоқда. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

— Бозорни жорий йил август ойида фойдаланишга топширишимиз керак эди, — дейди тадбиркор Ҳожи Мамедов. — Бироқ бозорга кириш йўлаклари тайёр эмаслиги учун бу иш кечикди. Айни пайтда ҳам бозор йўлаклари, харидорлар ҳамда сотувчиларнинг автомобиллари тураргоҳи масаласи ҳал бўлгани йўқ. Шунингдек, ҳожатхона ва ювиниш хонаси ҳам тайёр эмас. Айни пайтда улгуржи савдо қилувчилар учун ёпиқ айвон қуриляпти. Айвон қурилиши охирига етса, йўлак ва автотураргоҳ масаласи ҳал бўлса, «Экобозор»ни фойдаланишга топшириш мумкин.

Ҳ.Мамедовнинг айтишича, у «Экобозор»ни барпо этиш учун тижорат банкидан 5 миллиард 200 миллион сўм кредит олган. Айни пайтда кредит фоизларини сўндириб бормоқда. Бироқ, афсуски, ҳали кредит эвазига қурган бозори орқасидан ҳеч қандай даромад кўргани йўқ. Қолаверса, куз-қиш мавсуми ҳам бошланди. Энди об-ҳаво «Экобозор» камчиликларини зудлик билан бартараф этиб, уни фойдаланишга топширишни тақозо этиши шубҳасиз.

Муаммонинг ечими нимада?

Навоий вилоятидаги деҳқон бозорларини тартибга солишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммо — ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари зарур жиҳозлар билан таъминланмаганидир. Хусусан, аксарият бозорлар лабораторияси ўз биносига эга эмас. Мутахассислар ижарага олинган хоналарда ноқулай шароитда ишламоқда. Оқибатда маҳсулотларни текшириш билан тўлиқ қамраб олиш, натижалар билан тезкор ишлаш ва ветеринария профилактик тадбирларини амалга ошириш имкони чекланиб қолмоқда.

Навоий вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ойбек Низомовнинг фикрича, деҳқон бозорларини тартибга солиш учун, энг аввало, замон талаблари даражасидаги ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш керак. Бунинг учун эса маълум вақт ва маблағ зарур.

Бугун юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш мақсадида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳатто халқаро ташкилот вакиллари ва экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бозорларимиздаги бундай аҳвол эса бизни улар олдида уялтириб қўйиши мумкин. Боиси «Халқнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, бозори ва мозорини кўр» деган нақл бежиз айтилмаган. Шундай экан, юртимизга ташриф буюрувчи хорижлик экспертлар ва сайёҳлар олдида уялиб қолмаслик учун бозорлардаги бу каби муаммоларни тезкор бартараф этиш лозим.

Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш