Ичимлик суви таъминоти яхшиланадими?

Юртимизда ичимлик суви муаммоси кўплаб ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётгани сир эмас. Узоқ йиллар давомида соҳага етарли эътибор қаратилмагани, ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аҳволнинг шу даражага келишига сабаб бўлди. Шуни эътиборга олган ҳолда, сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борадаги вазиятни яхшилаш мақсадида сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий инновацион тизимларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилиши асосида сувдан фойдаланиш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Айни вақтда эса мамлакат сув балансини бошқаришда ваколатли давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш зарур даражада олиб борилмаётгани, шунингдек, сув ресурслари сифати ва хавфсизлиги мониторингини амалга оширишнинг самарали тизими яратилмагани соҳада кемтикликни вужудга келтирганди. Президентимиз томонидан 2019 йил 26 ноябрда имзоланган «Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ва «Республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор мазкур йўналишдаги камчиликларга барҳам беришда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

Муҳим вазифалар нималардан иборат?

— Мазкур ҳужжатлар аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни узвий давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз, — дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъул ходими Азамат Эргашев. — Буни «Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда белгиланган муҳим вазифалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашни мувофиқлаштириш соҳасида, шунингдек, ягона сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди ва унинг зиммасига бир қатор қўшимча вазифалар юкланди. Булар — сув балансининг ягона ахборот тизимини яратган ҳолда Ягона давлат сув фонди сувларининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотларнинг маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштириш орқали республиканинг ягона сув балансини шакллантиришни ташкил этиш, сувни ҳисобга олишнинг ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги мониторингини ўтказиш, зарур бўлганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш, тоза ичимлик сувининг стратегик захираларини яратишни ташкил этиш, шу жумладан, катта ҳажмдаги захира манбаларини барпо этиш ва ҳоказо.

Қандай тузилмалар юзага келди?

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимига замонавий технологияларни жорий этишни ташкил қилиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, фармонга асосан вазирлик таркибида Ягона сув балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш бош бошқармаси, Ягона давлат сув фонди сувларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, Сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига замонавий технологияларни жорий этиш бошқармалари тузилади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги таркибига ўтказилиши ҳам ушбу соҳада вазирлик масъулияти кенгайганини англатади.

МИБнинг вазифаси кимга ўтказилади?

Муҳим янгиликлардан яна бири — «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ташкил этилади ва унинг устав капитали вазирликнинг давлат унитар корхоналари устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини топшириш ҳисобига шакллантирилади.

Эътиборлиси, 2020 йил 1 январдан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилади.

Ягона ахборот тизими қандай ишлайди?

Фармонга мувофиқ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Ягона давлат сув фондининг барча сувлар турларига нисбатан миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи республика сув балансининг ягона ахборот тизими юритилади. Вазирлик сувни ҳисобга олишнинг тўғрилигини, унинг хавфсизлиги ҳамда сифатини тасдиқланган ва янгиланган маълумотларни ягона маълумотлар базасига киритган ҳолда мониторинг қилади. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади ҳамда уларни сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли органлар ва ташкилотларга жўнатади. Яна бир жиҳат, вазирлик тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига сувни ҳисобга олиш ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, шунингдек, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш тўғрисидаги ҳисоботни аниқ таклифлар билан тақдим этиб боради.

Қишлоқларда ҳам канализация бўладими?

«Республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда ҳам сув таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш ва мамлакатнинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган. Жумладан, Иқтисодиёт ва саноат ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларига Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар республикада эксплуатация қилинаётган сув таъминоти ва сув чиқариш тизими объектлари учун ускуна, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилишини янада кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.

Ҳужжатда акс этган яна бир вазифа эътиборни тортади. Яъни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар қишлоқ аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви ва канализация хизмати билан таъминлаш учун халқаро ва хорижий молиявий (грант) ва техник кўмак лойиҳаларини жалб қилишга доир аниқ таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди. Демак, қишлоқлар аҳолиси учун ҳам шаҳарга хос шароитлар яратилишига яқин қолмоқда.

Хулоса ўрнида

Сув ресурсларини самарали бошқариш минтақамиз, жумладан, юртимиз учун жиддий аҳамиятга эга масаладир. Чунки бу орқали аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш муаммоси ечим топади. Чекка қишлоқларда, ҳатто баъзан шаҳар жойларда ҳам ичимлик суви танқислиги кузатилаётган бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган соҳага оид мазкур ҳужжатлар бениҳоя аҳамият касб этади. Амалга оширилиши кўзда тутилаётган вазифалар соҳавий ишларни такомиллаштириш натижасида халқимизни ичимлик суви билан таъминлашда ижобий ўзгаришларни юзага келтириши шубҳасиз.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш