«Олғир» тадбиркорлар «бизнес»ни бошлаб юборди

Барча орзиқиб кутадиган Янги йил байрами юртимизда ўзгача завқу шавқ билан нишонланади. Аммо айни шу тантана арафасида баъзан фарзандларимизнинг пиротехника буюмлари: пақилдоқ, салють ва бошқаларни ўйнаб, ўзи ва дўстларининг соғлигига путур етказгани тўғрисидаги хабарлар дилни хира қилади. Болаларга оила, маҳалла-кўй, таълим муассасаларида пиротехника буюмлари хавфли экани уқтирилса-да, негадир улар беш дақиқалик кўзни қувнатувчи мушакбозликдан ўзини тиёлмайди. Болалар-ку майли, баъзан катталарнинг ҳам ўзи зиёнини била туриб, фарзандига мана шундай хавфли маҳсулотларни сотиб олиб бериши кишини ўйлантиради.

Буни яхши билган, мўмай даромад қилиш пайида юрган кимсалар эса ҳар йили турли яширин йўллар билан юртимизга пиротехника воситаларини олиб келиб, унинг савдосини ташкил этяпти. Ваҳоланки, мамлакатимизда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш тақиқланган. Бундай фаолият олиб борганларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланган.

Бу борада жорий йил ҳам олдингиларидан фарқ қилмаяпти. Ҳали байрам бошланишига бир ойдан кўпроқ вақт бўлишига қарамай, «олғир» тадбиркорлар «бизнес»ни бошлаб юборган. Пиротехника буюмларини контрабанда усулида яширинча чегарадан олиб ўтишга уриниш, бозорлар, савдо расталари, дўконлар, таълим муассасалари ва бошқа аҳоли гавжум бўлган жойларда савдосини ташкил қилишга уринаётганлар йўқ эмас. Хайриятки, бунга Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси вакиллари, маҳалла фаоллари қараб тургани йўқ. Аллақачон жойларда профилактик тадбирлар, аҳоли орасида тушунтириш ишлари бошлаб юборилган. Бир сўз билан айтганда, ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда қўлни қўлга бериб, бу иллатга қарши курашмоқда.

3,6 млрд. сўмлик пиротехника воситалари олиб қўйилди

— Пиротехника воситаларини яширин йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда, — дейди Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Нурбек Саломов. — Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 63 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 3,6 млрд. сўмлик 435 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Профилактик тадбирлар давомида катта миқдордаги пиротехника буюмлари йўқ қилиниб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чора кўрилмоқда.

Қонунбузарлар аниқланди, аммо...

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамият номига олиб келинган ёғоч маҳсулотлари орасига йирик миқдордаги пиротехника воситалари ва биофаол қўшимчалар яширилганини аниқлаб, мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукмига мувофиқ, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи 102 минг 118 дона пиротехника воситаси ҳамда 5 минг 613 дона сифати кафолатланмаган биофаол қўшимчалар Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда тегишли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Шунингдек, Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда яна бир «пиротехника операцияси» фош этилди. Тезкор тадбир давомида Т.И. бошқарувидаги «Nexia» русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинди ҳамда Бўз тумани ҳудудида тўхтатилди. Қонунбузар шахс туманнинг А.Икромов кўчасида шартли харидорга қиймати 10 миллион сўмлик 57 минг 600 дона пиротехника воситасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, шунча қонунбузарликлар аниқланаётган экан божхона назоратчилари томонидан мамлакатимизга кириб келаётган пиротехника воситалари ушланаётган экан, кўча-кўй, савдо расталарида сотилаётган бундай буюмлар қаердан пайдо бўлмоқда? Улар қандай йўллар билан мамлакатимизга олиб кириляпти?

— Республикамиздаги барча чегара-божхона постларида қўл юклари ва багажларни назорат-рентген ускуналари орқали кўздан кечириш йўлга қўйилган, — дейди Давлат божхона қўмитаси катта инспектори Жавоҳир Кароматов. —  Шунингдек, божхона назорати давомида кинология хизматидан, хусусан, ўқ-дори, портловчи моддаларни излаб топишга ихтисослашган хизмат итлари кўмагидан кенг миқёсда фойдаланилмоқда. Бу эса фаолиятимизнинг янада самарали ва сифатли олиб борилишини таъминлаётир. Аммо қонунбузарлар ҳам маҳсулотларни яширинча ўтказишнинг турли усулларини ўйлаб топишяпти. Масалан ёғочлар ораси ёки бошқа буюмлар, автотранспортнинг кўз илғамас жойларига беркитишмоқда. Афсуски, айрим ҳолларда уларни топиш қийинчилик туғдиряпти.  

Қандай жазо чоралари қўлланилади?

— Мамлакатимизда пиротехника буюмлари билан муомала қилганлик учун қатъий жазо чоралари белгиланган, — дейди Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси мутахассиси Ирина Сайфитдинова. — Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишни содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Маҳалла фаоллари бу вазиятга нега бефарқ?

Аслини олганда, мушакбозлик уйда ёки пана-пастқам жойларда эмас, маҳалла кўчалари ёки таълим муассасалари атрофи, жамоатчилик жойларида амалга оширилади. Уларнинг савдоси ҳам айни шу маҳалла ёки ҳудуднинг деҳқон бозори, савдо расталарида ташкил этиляпти. Хўш, нега шунча жазо чораси белгиланган бўлса-да, маҳаллаларда ҳар йили пиротехника воситаларидан фойдаланиш камайгани йўқ? Улар бу ерга қаердан кириб келяпти? Нега маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва унинг ёрдамчилари вазиятга томошабин бўлиб туришади? Агар улар ўз ҳудудининг назоратини қўлга олса ҳамда ўз маҳалласини пиротехника воситаларидан холи ҳудудга айлантирса, бу иллатнинг илдизига зарба берган бўлмасмиди?

— Кўча-кўйда, жамоат жойларида амалга ошириладиган мушакбозликлар болалар учун хавфли бўлиши билан бирга, катталарнинг ҳам тинчини бузади, — дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Чимбой» маҳалласи Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия раиси Баҳриддин Булаков. — Шу боис ҳудуддаги бундай ҳолатлар бўйича аҳоли вакиллари бизга зудлик билан хабар беришади. Биз эса воқеа жойига бориб, зарурий чораларни кўрамиз. Шунингдек, ҳар йили байрам арафасида бундай маҳсулотлар савдоси ташкил этилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун савдо дўконлари ва расталарни бирма-бир кўздан кечирамиз. Профилактика инспектори билан бирга умумтаълим мактабларида шу мавзуда очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этамиз.

Хулоса қилиб айтганда, пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш учун бу борадаги жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда бундай маҳсулотларнинг қанчалик зарарли эканини аҳоли, айниқса, ёшларга англатиш даркор. Зеро, талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla» 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш