Тошлоқ аҳолиси қиш мавсумида кўмир етишмаслигидан азият чекмоқда

Қиш забтига ола бошлади. Бундай паллада иссиқ уй-жой, оила даврасида жон сақлашни кўпчилик хуш кўради. Лекин бу кунларга етиш учун олдиндан кўрилган пухта ҳозирлик муҳим ҳисобланади. Шу ўринда ота-боболаримиз «Қиш ғамини ёзда кўр» деган пурҳикмат нақлни қанчалик топиб айтганини англаб олиш қийин эмас.

Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар кўламидан кўз юмиб бўлмайди. Бироқ айни кунларда аҳолини кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғига бўлган талабини қондиришда бир қатор камчилик ва муаммолар мавжуд. Айниқса,  фуқароларнинг кўмир маҳсулотига бўлган талаби ҳамон юқорилигича қолмоқда. Масалан, вилоят аҳолисига қиш мавсуми учун 160 минг тоннадан ортиқ кўмир етказиб бериш белгиланган. Шу кунга қадар бу борада амалга оширилган ишлар ҳажми нари борса, ўн фоизни ташкил этади, холос. Нега, нима  учун? Ахир куз-қиш мавсуми билан боғлиқ бўлган ишларга кеча ёки бугун киришилгани йўқ-ку! Айни кунларда қишлоқларда икки одам тўпланган жойдаги суҳбат мавзуси табиий равишда кўмир ёки ўтин, унинг нарх-навосига бориб тақалади. Чунки тадбиркорлар томонидан эркин нархларда сотилаётган кўмир маҳсулотини сотиб олишга ҳамманинг ҳам имконияти йўқ. Бугун эркин нархдаги 1 килограмм кўмирнинг нархи 800 сўмдан 1000 сўмгача сотилмоқда. Бир килоси 303 сўм бўлган имтиёзли ва арзон нархдаги кўмирни харид қилиш учун эса ойлаб навбат кутишга тўғри келмоқда.

Минг бор эшитгандан кўра...

Куз-қиш мавсумида  аҳолининг кўмир маҳсулотига бўлган талаби ва бу борадаги амалий иш кўлами билан танишиш мақсадида Марғилон шаҳридаги кўмир омборида бўлдик. Ушбу омбор орқали Марғилон ва Фарғона шаҳри, Тошлоқ, Ёзёвон, Қўштепа тумани аҳолиси ўз эҳтиёжлари учун керакли бўлган кўмир маҳсулотларини харид қилиш имконига эга. Шу боис омбор ҳудуди одамлар билан гавжум. Унинг деворидан очилган туйнукда кўмир олиш учун навбатда турган мижозларнинг шаҳар ва туман миқёсидаги рўйхати шакллантирилмоқда. Белгиланган тартиб-қоидаларга кўра, ҳар бир шаҳар ва туман маълум кунда бу ерга келиб, навбат бўйича кўмир олишлари мумкин. Ҳамма нарса рисоладагидек. Лекин одамларни хавотирга солаётган масала, кўмир омборида аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган етарли маҳсулот йўқ.

— Кўмир олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тўплаб, навбатга ёзилганимга бир ой бўлиб қолди, аммо маҳсулотдан дарак йўқ, — дейди Тошлоқ туманидаги «Фурқат« маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Тоҳиржон  Салимов. — Оиламиз катта, икки хўжаликда ўн жон яшаймиз. Қиш мавсумида икки тонна кўмир керак бўлади. Бу ерга деярли ҳар куни келаман, эрта, индин дейди. Муаммога ечим топиш мақсадида омборда ишлаб чиқарилаётган, эркин нархдаги кўмир брикетларидан харид қилиб, уйга олиб бордим, афсуски, улар ёнмаяпти. Ҳозир рўзғорда кўмир ҳам, ўтин ҳам йўқ.

Дарҳақиқат, таъминотдаги бу каби узилишлар соҳадаги муаммолар кўламини кенгайтириш билан бирга, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

«Қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ»

— Фуқароларнинг эътирозлари ўринли, — дейди омбор мудири Тоҳирхон Сайдалихонов. — Шу мавсумнинг ўзида аҳолига 28 минг тоннадан ортиқ кўмир етказиб беришимиз керак. Бугунгача ушбу кўрсаткич бор-йўғи 3 минг тоннани ташкил этади. Қиш остона ҳатлаб турган паллада бу муаммолар ечимига йўл топиш асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Чунки таъминотчи корхоналар турли баҳоналарни рўкач қилиб, маҳсулотни ўз вақтида етказиб бермаяпти. Қолаверса, Ангренда ишлаб чиқарилаётган «БР» маркали кўмир сифатидан харидорларнинг кўнгли тўлаётгани йўқ. Чунки ушбу маҳсулотнинг 50-60 фоизи майда қумлардан иборат. Лекин қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ.  Аҳолига имтиёзли нархдаги кўмир маҳсулотларидан ташқари эркин савдодаги кўмир брикетларини харид қилишни тавсия қиляпмиз. Айни кунда қўшни Қозоғистон Республикасидан кўмир олиб келиш юзасидан амалий иш олиб борилмоқда.

Эътиборли жаҳати, омбордаги манзара мавсумга хос тарзда ривожланиб бормоқда. Чунки харид қилиб олинган маҳсулотни керакли жойга олиб бориш харидорнинг гарданига тушади. Масалан, битта хусусий юк машина 10-15 километр масофага юк олиб бориши учун 60-70 минг сўм хизмат ҳақи олади. Демак, масофа қанча олис бўлса, йўл харажати ҳам шунга монанд ошиб бораверади.

Эҳтиёжга яраша имконият

«Қамчипуруш» маҳалла фуқаролар йиғини Тошлоқ туманидаги кўҳна масканлардан. 600 га яқин хонадон умргузаронлик  қилаётган  маҳаллада  ҳам кўмир таъминоти билан боғлиқ ўзига хос муаммолар мавжуд.

— Бу йилги мавсумда 300 тоннадан ортиқ кўмир олиш бўйича тегишли таклифлар берганмиз, лекин туман ҳокимлиги томонидан  белгиланган режада бу эҳтиёжлар инобатга олинмаган, — дейди маҳалла  фуқаролар йиғини раиси Абдуғаффор Розиқов. — Масалан, бизнинг маҳалла фуқаролар йиғини учун 132 тонна имтиёзли нархда кўмир олиш белгилаб берилган. Агар ушбу маҳсулот маҳалла хонадонларига тақсимланса, ҳар бир хўжаликка кўпи билан 50 килодан кўмир тўғри келади. Бу мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш имконини бермайди-ку, ахир.

«Маҳсулот етказиб бериш ва таъминотда ноқулайликлар юзага келмоқда»

— Куз-қиш мавсуми тадориги доирасида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғига бўлган эҳтиёжлари ўрганиб чиқилган, — дейди Тошлоқ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш ва қурилиш коммуникация бўйича  ўринбосари Авазбек Деҳқонов. — Таҳлилларга кўра, мавсумда аҳоли эҳтиёжи учун 18 минг тоннадан ортиқ кўмир зарур бўлади. Туман ҳокимлиги томонидан белгиланган режа-тақсимотига кўра, йил охирига қадар 6 минг 700 тонна кўмир етказиб бериш кўзда тутилган. Бунда, аввало, ногиронлар, боқувчиси йўқ якка-ёлғизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни кўмир билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Аммо маҳсулот етказиб бериш ва таъминотдаги ноқулайликлар бу борадаги ишлар ривожига салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, Тошлоқ тумани маҳаллалари ҳаёт тарзида учраётган кўмир муаммоси бугун вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида мавжуд. Ўйлаймизки, вилоятдаги мутасаддилар масалага ижобий ечим топади ва аҳолининг қиш-қировли кунларни кўнгилдагидек ўтказиши учун зарур бўлган шароитларни яратиб беради.

Расул КАМОЛ

 «Маhalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш