2020 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда нималар акс этган?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бюджет жараёни очиқлигини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш белгиланган эди. Шунга кўра, парламент тарихида биринчи марта 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинмоқда. Яъни мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати – Бюджетномада «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва 2020-2022 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози берилган.

Давлат бюджети олдин қандай тасдиқланган?

Шу вақтга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Давлат бюджети Олий Мажлис палаталари қарори билан қабул қилинар эди. Энди эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида уч ўқишда кўриб чиқилиб, қонун шаклида қабул қилинмоқда. Бунинг моҳияти шундаки, республика бюджети харажатлари ва маҳаллий бюджетларга трансфертларни Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджет харажатлари эса тегишинча халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тасдиқлаш тартиби жорий этилмоқда. Шу сабабли, Олий Мажлис маҳаллий бюджетларни ўз ичига олган давлат бюджети харажатларини тасдиқламайди.

Қонунда Олий Мажлис томонидан фақат биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар (вазирлик ва идоралар кесимида) учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни ва маҳаллий бюджетларга трансфертларни тасдиқлаш белгиланган. Бу эса ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу орқали Давлат бюджети даромадларини солиқ турлари бўйича харажатларини соҳалар кесимида Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан қайта-қайта тасдиқланишига барҳам берилади.

Харажатлар мустақил шакллантирилади

Эндиликда маҳаллий бюджетлар ўзларининг харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантирадилар. Бу дегани, маҳаллий ҳокимликлар ўзларига бириктирилган солиқ тушумларини қанчалик кўп туширсалар, шунга мос равишда харажатларини ҳам ошириш имкониятига эга бўладилар. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўзларига тегишли бўлган бюджетларини қабул қилишдаги мустақиллиги таъминланмоқда.

Бироқ бу ерда бир нарсани унутмаслик лозимки, агар маҳаллий солиқлар бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаса, ҳокимликлар шунга мос равишда ўз харажатларини ҳам қисқартиришлари керак бўлади.

Албатта, фавқулодда ҳолатларда, ҳудуднинг умумий даромади ташқи омиллар ҳисобига 5 фоизга пасайиб кетса, харажатларни мос равишда қисқартириш ёки ушбу даромадларни келгуси даврда тушиши кутилаётган бўлса, республика бюджетидан вақтинчалик ссуда ажратилиши мумкин. Аксинча даромад тушуми 5 фоиздан ортиқроқ камайиб кетса ва ҳудудда харажатларни мос равишда камайтириш имконияти бўлмаса, Молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда харажатларни камайтириш бўйича таклиф беради ёки республика бюджетидан қўшимча трансферт ажратилади.

Янгилик ва ўзгаришлар нималардан иборат?

Қонунда маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш муносабати билан биринчи даражали харажатларни кафолатли тўланишини таъминлаш мақсадида 2020 йилдан умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақларини молиялаштириш республика бюджетидан амалга ошириладиган бўлди. Бунинг натижасида ишчилар сони жиҳатидан энг йирик соҳаларда ишловчи ходимларга иш ҳақлари ўз вақтида етиб бориши учун автоматлаштирилган ягона тизими яратилиб, таълим муассасалари раҳбарларининг таълимдан ташқари ҳисоб-китоб ишлари қисқариб, ноқонуний тўловлар сони кескин қисқаради. Агар 2018 ва 2019 йилларнинг 9 ойлигида аниқланган молиявий хатоликларни таққосласак, халқ таълими ва мактабгача таълим тизимида ушбу кўрсаткич 2 баробардан ошганини, камомад ва ўзлаштиришлар эса 1,5 баробарга кўпайганини кўришимиз мумкин. Соғлиқни сақлаш тизимида эса бу кўрсаткичлар камайган.

Бундан ташқари, Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда бюджетга ўзгартиришлар киритишда парламент ваколатини кенгайтириш мақсадида республика бюджети харажатларини қўшимча даромадлар ҳисобидан 3 фоизгача кўпайтириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан, 3 фоиздан ортиғи эса Олий Мажлис томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, биринчи даражали бюджет тақсимловчиларнинг республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг умумий бюджетдан чиқмаган ҳолда 10 фоизгача Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ундан юқори бўлганда эса Олий Мажлис томонидан қонунга ўзгартириш киритиш йўли билан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунга ўхшаш маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджетлар харажатларига ўзгартиришлар киритиш юзасидан ваколатлари ҳам қонунда аниқ белгилаб берилмоқда.

Давлат бюджетининг асосий кўрсаткичларини халқаро молия институтлари ва рейтинг агентликлар фойдаланадиган халқаро давлат молия статистикаси талабларига мувофиқлаштириш мақсадида умумий фискал баланси тушунчаси киритилди ва унда хорижий кредитлар ҳисобидан амалга ошириладиган давлат харажатлари инобатга олинади. Масалан, умумтаълим мактабларига компьютер синфларининг бир қисми бюджетдан, бир қисми Кореянинг «Эксим банки» кредитлари ҳисобига харид қилинмоқда. Шу вақтгача тақдим этилган ҳисоботларда ушбу соҳага харажат сифатида фақатгина бюджетдан ажратилган маблағлар кўрсатилган. Ваҳоланки, Корея томонидан берилаётган қарзлар ҳам келгусида бюджетдан қопланади. Шу сабабли, қарз маблағлари ҳисобига қилинаётган харажатлар – Давлат харажатларидир. Шу боис умумий бюджет ҳисоботида акс эттирилиши лозим.

Қонунда 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ва унинг кафолати остида имзоланадиган ташқи қарз шартномаларининг жами миқдори ҳамда ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган Давлат дастурлари харажатлар миқдори чекланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади ҳамда Давлат бюджетининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш имконини беради. Яъни мамлакатимизнинг узоқ муддатда бюджет барқарорлигини сақлаш мақсадида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган миқдори 4 млрд. АҚШ доллари, давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланди.

Бундан ташқари, қонунда бюджет жараёнининг барча иштирокчиларига бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофликни ва очиқликни таъминлаш талаби қўйилмоқда. Жумладан, барча бюджет ташкилотлари бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланганлиги, инвестиция лойиҳалари, ўтказилган тендер савдолари, давлат харидлари бўйича маълумотларни ҳар чоракда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирадилар. Шу билан бирга, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарларнинг даромадлар прогнозидан ортган қисмининг 10 фоизи аҳоли томонидан овоз бериш орқали ишлатилади.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёни қандай кечди?

Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати ҳисобланувчи Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни қабул қилишда чуқур ўйланган ҳолда ҳар бир фуқарога бевосита ва билвосита алоқадорлиги нуқтаи назаридан қонун лойиҳасининг муҳокамалари жонли, қизғин кечгани туфайли деярли ҳар бир норма баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Чунки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқароларнинг манфаатлари ва таклифларини ҳисобга олган оқилона ва мақбул бюджетни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонуни қабул қилингунга қадар бўлиб ўтган муҳокамаларда 100 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Улардан 60 га яқини принципиал таклифлардир.

Қайд этиш лозимки, билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳазага Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Давлат бюджети бошқармаси ҳамда Ишчи гуруҳи алоҳида эътибор қаратди. Умуман олганда, келиб тушган таклифлар асосида қонунга кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Биргина нормаларни содда ва равон акс эттириш ҳамда адабий тил қоидалари талабларига мослаштириш мақсадида 42 та ҳолатда таҳририй тузатишлар киритилди.

Шерзод ҲАСАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони Давлат бюджети бошқармаси бош маслаҳатчиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш