Учувчисиз учиш воситаларидан ноқонуний фойдаланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўладими?

Техника мўъжизаси одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қилади. Жумладан, учувчисиз учиш воситалари ҳам турли вазиятлар, воқеалар, фавқулодда ҳолатларни юқоридан туриб тасвирга олишда беминнат дастёрдир. Аммо ундан оқилона фойдаланмаслик салбий оқибатларга олиб келади.

— Бу каби қурилмаларнинг кўпайиб бораётгани туфайли улардан фойдаланишни тартибга солишга аксарият давлатлар жиддий киришмоқда, — дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев. — Жумладан, Ўзбекистон ҳам дунё миқёсида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тартибга солган давлатлар сирасига киради. Бунинг бир қанча омиллари бор. Энг аввало, фуқароларнинг мазкур қурилмадан нима мақсадда фойдаланаётганини билиш мушкул. Жаҳон тажрибасига кўра, учувчисиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиш хавфсизликни таъминлаш, тинчлик-хотиржамликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Кейинги пайтда Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, фойдаланиш ва сотишда ноқонуний ҳолатлар кўпайган. Шу сабабли тизимни тартибга солиш мақсадида фақатгина белгиланган ташкилотларга сабаби кўрсатилгандагина ушбу қурилмани олиб кириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Кимлар шундай ҳуқуқга эга?

Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти – «ЎзГАШКЛИТИ», «Геоинформкадастр» давлат унитар ташкилоти, Маданият вазирлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, «Ўзбек­озиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги «Геоинновация маркази», Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси қошидаги «Зиё» медиа маркази юртимизга учувчисиз учиш воситаларини олиб кириш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жиноий жавобгарлик белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида юртимизда учувчисиз учиш қурилмаларини эксплуатация қилиш тартиблари ишлаб чиқилган. Ўтган йили эса қонунчилигимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ҳаво ҳудудидан санкциясиз фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Жорий йил 2 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2444-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, учувчисиз учиш аппаратларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, учувчисиз учиш аппаратларини, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш – уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳаракат такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар одамлар ўлимига, ҳалокатга ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мақсад — хавфсизликни таъминлаш

— Бундай тартибни белгилаш зарурати, энг аввало, жамиятда ҳаёт ва соғлиққа ҳамда давлат тузумига қарши ҳаракатларни содир этиш таҳдидларининг мавжудлиги билан боғлиқдир, – дейди Ўзбекистон парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг учувчисиз учиш аппаратларини рўйхатга олиш ва фойдаланишини назорат қилиш  бўлими етакчи мутахассиси Равшан Худойқулов. — Яъни бу аппаратни ҳамма ҳам сотиб олиб, учириш имкониятига эга. Энг яхшилари 1 кг.дан ортиқ бўлиб, соатига 60 км. тезликда учади. Агар ёмон инсонлар қўлига тушса, бу жиҳоз кимнингдир ҳаётига жиддий хавф туғдириши мумкин. Мисол учун, «дрон» билан теракт содир этиш осон. Унга портловчи моддани боғлаб, объектга юборилса, на қўриқчилар, на девор ёрдам беради.

Шу боис ҳам учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланиш учун бир қатор талаблар қўйилган. Жумладан, махсус ваколатли орган – Ўзбекистон парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясидан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан, Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун Ҳаво ҳудудидан фойдаланишни бошқариш ягона тизимидан, Мудофаа вазирлигидан рухсат олиш керак.

Қандай йўллар билан кириб келмоқда?

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, тақиқланган бўлса-да, бу қурилмани юртимизга олиб кириш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Равшан Худойқуловнинг маълум қилишича, бунда асосан, «дрон»лар айланма йўллар орқали олиб кирилмоқда. Қонунга ўзгартириш киритилганининг бош сабаби ҳам шунда. Мақсад — шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш.

Дарвоқе...

2019 йилнинг 30 октябрь кунига қадар, 41 ҳолатда 64,9 милллион сўмлик 45 дона учувчисиз қурилма (дрон) билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Жумладан, «Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона постида фуқаро Н.Н. 1 дона учувчисиз учиш қурилмасини республикамиз ҳудудига яширинча олиб киришга уринган. 

«Урганч аэропорти» чегара божхона постида «Москва–Урганч» рейси билан учиб келган фуқаро Н.Ю. 1,5 миллион сўмлик учувчисиз учиш аппаратини Россиядан Ўзбекистонга олиб келаётгани маълум бўлди.

Тошкент халқаро аэропортида ҳам хориждан учиб келган фуқаро А.Д.нинг хатти-ҳаракати божхоначилар эътиборини тортди. Ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, юклари орасидан декларацияда кўрсатилмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган 1 дона учувчисиз учиш қурилмаси (дрон) борлиги аниқланди.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш