Хавфдан огоҳ этиш, шунчалик мураккабми?

Яқинда оммавий ахборот воситаларида тарқатилган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги «Лангар» маҳалласида бир оиланинг етти нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарлангани, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 37 ёшли она ва катта фарзанд вафот этгани, отанинг оғир аҳволда қолаётганию бошқа оила аъзоларининг аҳволи қониқарли экани ҳақидаги хабар барчани ларзага солди...

Ҳар бир мавсумнинг ўзига хос муаммолари бўлади. Қиш фаслида эса уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларидан ва ис газидан заҳарланиш туфайли кўнгилсизликлар содир бўлиши мавсумий хавфларга айланиб улгурди. Афсуски, қанчадан-қанча тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, бу ҳолатларнинг ҳар йили такрорланаётгани ачинарлидир. Бу йил ҳам бундай ҳолатлар учраб турибди. Хўш, унинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?

Банка ичидаги заҳар

— Уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланишнинг энг хавфли тури – ботулизм касаллиги учраб туради, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Бозоров. — Бу қиш мавсумида кўпроқ кузатилади. Ўрганишлар давомида кейинги йилларда ботулизмга чалинишга 90 фоиз ҳолатда уй шароитида тайёрланган маҳсулотлар сабаб бўлаётгани аниқланган. Чунки бундай маҳсулотларни тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрларига тўла риоя қилинмайди. Натижада консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва ўзидан заҳарли токсинлар чиқаради. 2017-2018 йиллар давомида юртимизда ботулизм оқибатида 195 нафар фуқаро жабрланган, уларнинг 8 нафари тиббиёт муассасаларига ўз вақтида мурожаат қилмагани туфайли вафот этган.

Ҳар қандай касаллик каби ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Замонавий тиббиёт уй шароитида бодринг, помидор, бақлажон икраси каби консерва маҳсулотларини тайёрлашни тавсия этмайди. Чунки консерва заводларидаги каби юқори босим остида 120-125 градус ҳароратда ўтказиладиган стерилизация жараёнини уй шароитида бажариб бўлмайди.

Қандай билиш мумкин?

Помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлардан ҳар хил сифатли тузламалар, консервалар тайёрлаш учун юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш усуллари ва воситалари талаб этилади. Саноат корхоналарида бундай маҳсулотни тозалаш, юқори ҳароратда қайнатиш ва сақлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этилади. Уй шароитида эса бундай технологик жараёнлар, санитария меъёрларига риоя этилишини таъминлашнинг имкони йўқ.

Қолаверса, хонадонда консервани стандарт талаблари асосида сақлашга имкон бўлса-да, кўпчилик унга етарлича эътибор бермайди. Ботулизм билан зарарланган консерва маҳсулотининг кўриниши, ҳиди ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Кўзга ташланадиган белгиларидан бири, бу — шиша идишнинг тунука қопқоғи шишишидир.

Баъзилар консервани ейишдан олдин яна бир карра қайнатилса, истеъмол қилишга яроқли бўлади, деб ўйлайди. Бу мутлақо нотўғри. Чунки консервага тушган ботулизм споралари микроб эмас, заҳардир. Уни қайнатиш орқали зарарсизлантириб бўлмайди. Бундай маҳсулотдан заҳарланган одамда унинг асоратлари икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилади. Уй шароитида ўзи билганича дори-дармон қабул қилиш беморнинг ҳаётини хавф остида қолдиради.

Муаммонинг илдизи ўзимизда

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари тегишли ҳукумат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорларда, савдо мажмуаларида, белгиланмаган жойларда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказиб келмоқда.

Жумладан, маҳаллаларда, таълим масканларида давра суҳбатлари ўтказилиб, мавзу юзасидан фуқароларга атрофлича маълумотлар берилган. Профилактик тадбирлар натижасида жами 23 минг 450 литр уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари истеъмолдан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинган. Аммо ўз ишига масъулиятсиз муносабатда бўлаётган баъзи инсонлар туфайли соҳа ходимларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари етарлича самара бермаяпти. Тарғибот ишлари ўтказилаётган бўлса-да, аҳоли хавфсизлик ва сифати кафолатланмаган, уй шароитида тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмоқда. Бу эса кутилмаган кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.

Ис газидан заҳарланиш кўпаймоқда

Қиш мавсумининг яна бир муаммоси борки, у ҳам бўлса — ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Афсуски, кунда-кунора бундай ҳолатлар юз бераётгани, бунинг оқибатида одамлар вафот этаётгани хабар қилинмоқда.

Жумладан, 20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Навоий вилоятининг Хатирчи туманида охири ўлим билан якунланган ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган. Бунинг оқибатида учта оила аъзолари — уч эркак ва икки аёл ҳаётдан кўз юмган. 24 ноябрь куни эса Андижон вилоятининг Улуғнор тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида яшовчи 6 нафар фуқаро (2 нафар эркак, 3 нафари аёл, 1 нафар вояга етмаган қиз) ис газидан заҳарланган. Жабланувчилар шифохонага ётқизилган...

Совуқ кунлар бошланди, дегунча аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ҳар доимгидан ҳам ортади. Хонадонларни иситиш муаммоси туфайли газдан мақсадсиз фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпаяди. Бу эса, ўз навбатида, газдан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўпайишига олиб келади. Жумладан, юқорида қайд этилган бахтсиз ҳодисалар ҳам айни шу сабабдан юзага келган.

— Статистик маълумотларга кўра, республикада сўнгги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ, — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати ходими Жалолиддин Ҳакимов. — Ўтган қиш мамлакатимизда ис гази билан боғлиқ фожиалар кўп кузатилди. Ҳисоботларга кўра, мавсум давомида бундай ҳодисалар 83 марта рўйхатга олинган. Бунинг оқибатида 57 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 141 нафар инсон оғир аҳволда касалхонага жойлаштирилган. Жорий йилда ҳам бундай ҳолатлар, афсуски, кузатилмоқда. Сабаби нимада? Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти хавфсизлик чораларига риоя этмасликдан юзага келаётгани аниқланган.

Тарғибот нега самара бермаяпти?

Юқоридаги муаммолар қайтарилмаслиги учун мавсум бошланиши билан барча вилоятларда «Овқатдан заҳарланиш ҳамда ботулизм касаллиги профилактикаси» мавзусида семинарлар ўтказилмоқда. Уларда, асосан, таълим масканлари, маҳаллалар ва умумий овқатланиш шохобчалари иштироки таъминланаётир.

Бунда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир хонадонга кириб борилиб, зарур тушунчалар берилмоқда, сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилишнинг оғир оқибатлари тушунтириляпти. Аммо шунга қарамай, аҳоли ўртасида ҳамон уй шароитида тайёрланган консервалардан заҳарланиш ҳолатлари камаймаяпти. Демак, тарғибот ва тушунтиришларнинг янгича усулларидан фойдаланиш вақти келди. Мисол учун, қўл телефонига ботулизм хавфи ҳақида SMS-хабарномларни жўнатиш, унинг оқибатларини таъсирчан видеолавҳалар ҳолида намойиш этиш орқали ҳам одамларни огоҳликка чорлаш мумкин.

Худди шундай, ис гази бўйича ҳам ҳамон жабр чекаётганларнинг сони ортиб бораётир. Воҳаланки, 2018 йил 1 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган.

Афсуски, кўп жойларда ушбу қарорнинг ижроси ҳужжатлардагина қолиб кетаётгани ачинарли. Натижада олиб борилаётган тарғибот тадбирлари ўз самарасини бермаяпти. Демак, бу борада ҳам янги тарғибот усулларидан фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Бу жараёнда маҳалла фаолларининг масъулиятини ошириш ҳам долзарб масала. Зеро, ҳудуддаги оилаларни улардан бошқа ҳеч ким яхши билмайди. Айнан улар бу ҳолатнинг оқибатлари ҳақида бонг уриши, ҳар бир оилага кириб бориши, керак бўлса, ҳар бир хонадондаги газ тармоқларини масъуллар иштирокида кўриб чиқиши зарур. Бугунги вазият айнан шуни тақозо қилмоқда.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш