Конституция — ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

Бош қомусимизнинг ҳаётимиз, она Ватанимиз тараққиётида нечоғли муҳим ўринга эга эканлигини йиллар ўтгани сари янада теранроқ англамоқдамиз. Зеро, Асосий Қонунимиз фуқароларимизнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодини юксалтириш, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, уларнинг улуғ мақсадларини рўёбга чиқаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ортмоқда

Куни кеча пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 24-умумтаълим мактабида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 27 йил тўлиши муносабати билан «Конституция – менинг тақдиримда» номли кўрик-танловнинг туман саралаш босқичи ўтказилди. Унда иштирок этган ўқувчилар халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари, бой тарихий мероси ва халқаро андозаларни ўзида мужассам этган Бош қомусимиз билан янада яқинроқ танишиш имконига эга бўлдилар. Танлов 2-4-синф ўқувчилари ўртасида расм чизиш, 5-6-синф ўқувчилари ўртасида диктант, 7-8-синф ўқувчилари ўртасида баён ҳамда 9-11-синф ўқувчилари ўртасида иншо ҳамда юқори синф ўқувчиларидан ташкил топган жамоалар ўртасида ҳуқуқий билимлар беллашуви тарзида ташкил этилди.

— Ушбу танлов орқали Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти, ўзига хос жиҳатларини ўқувчилар онгига чуқур сингдириш, улар қалбида юртга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат туйғуларини шакллантириш, фарзандларимизнинг ҳуқуқий онгини янада юксалтиришни мақсад қилганмиз, — дейди Олмазор тумани Халқ таълими бўлими мудири Замира Азимбоева. — Ижодий ишларни баҳолашда иштирокчиларнинг Конституциямиз ҳақида нечоғли билимга эга эканлиги, давлатимиз томонидан берилган имкониятлар ва улардан унумли фойдалана олиш масъулияти ва ёшларнинг келажаги, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун  яратилаётган шароитлар ҳақида фикрлай олишига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишлари Тошкент шаҳар босқичида иштирок этиши учун Ташкилий қўмитага тақдим этилди.

— Ҳуқуқий маданият, бу — нафақат Конституциямизни билиш, балки юртимизда қабул қилинган қонунларга сўзсиз амал қилиш ҳам демакдир, — дейди Олмазор туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчиси, танловнинг туман саралаш босқичи ғолибаси Солиҳа Садриддинова. — Бош қомусимизнинг ҳар бир боб ва моддасида битилган сўзлар биз учун қадрли ва аҳамиятли бўлиб, уларни онгу шууримизга мустаҳкам жо этишимиз зарур. Келажакда етук ҳуқуқшунос бўлиб, юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшмоқчиман.

Конституция билимдонлари сараланди

Шунингдек, «Конституция – менинг тақдиримда» кўрик-танловининг Шайхонтоҳур туман саралаш босқичи ҳудудда жойлашган 324-умумтаълим мактабида юқори савияда ташкил этилди. Унда туманнинг 35 та умумтаълим мактаби ўқувчиларининг Конституция бўйича қанчалик билимга эга эканликлари яна бир бор синовдан ўтди.

Ҳар бир йўналиш бўйича ўтказилган беллашувларни кузатар эканмиз, ўқувчиларнинг Бош қомусимизга оид билимлари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани, улар ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, зиммаларидаги масъулият ва бурчни ҳам теран англаб бораётганидан беҳад қувондик.

— Барча тенгдошларим қатори менинг ҳаётимда ҳам Бош қомусимизнинг ўрни беқиёс, — дейди тумандаги 314-умумтаълим мактаби 11-«А» синф ўқувчиси, танлов ғолиби Рисолат Ҳожиаҳмадова. — Жумладан, билим олиш, ўз иқтидор ва салоҳиятимни намоён этиш, даволаниш каби асосий ҳуқуқларим айнан Конституция орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса мени ўз устимда янада ишлашга, ўқиб-изланишга, келажакда она Ватанимга муносиб фарзанд бўлишга ундайди. Келгусида бу ишончларни, албатта, оқлайман.

Танлов якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш