Мерос талашиш — ота-онага ҳурматсизликдир

Кейинги вақтларда халқимиз орасида меросни бўлиш ва олишга доир масалаларда айрим тушунмовчиликлар содир бўлмоқда. Натижада меросхўрлар — ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида турли оилавий низолар келиб чиқиши кузатил­япти. Хўш, аслида мерос қандай тақсимланади? Унинг илмидан қай даражада бохабармиз? Бу борада динимизда нима дейилган?

Мерос масаласи ўз ўрнида ҳал қилиниши керак

Азалдан ҳар бир халқ ва динда вафот этган кишининг мол-мулкини мерос қилиб олиш қонун-қоидалари бўлган. Жумладан, исломда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, оят, ҳадис ва ижмода ким қанча мерос олиши баён қилинган. Агар меросни бўлишда хатоликка йўл қўйилса, одамларнинг ҳақи бир-бирига ўтиб кетади.

Ислом динида оиланинг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берилади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида оила аъзоларининг ўзаро муомалалари билан бирга, молиявий муносабатлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Оят ва ҳадислардаги кўрсатмалар меросхўр бўлиб қолган қариндош-уруғларнинг ҳаётларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандлар, туғишган ака-ука, опа-сингил ва бошқа ворис қариндошлар ўртасида тотувлик, меҳр-оқибат давомли бўлиши учун вафот этган кишидан қолган мероснинг адолат билан тақсимланиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Мерос масаласининг муҳимлиги шундаки, унинг асосий масалалари Қуръони каримда ҳал этилган, яъни меросни Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига бўлиб берди, ўзгага топширмади. Буни Қуръони каримда шундай ифодалайди: «…Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким Зотдир» (Нисо сураси, 11-оят).

«Мерос» сўзи луғатда моддий ёки маънавий бойликни меросхўрга кўчиб ўтишини билдиради. Унинг шаръий истилоҳдаги маъноси эса қуйидагича: «Марҳумнинг барча мол-мулки тирик ворисларига ўтишидир». Бунда мерос мол, кўчмас мулк ёки шаръий ҳақлардан бири бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай буюрадилар: «Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир, у биринчи унутиладиган ва умматимдан олиб қўйиладиган нарсадир» (Имом Дорақутний ривояти).

Мерос масалаларининг биринчи унутилиб кетишига сабаб одамлар унга беэътибор бўла бошлайди, олимлардан ҳам бу ҳақда сўралмайди, сўралмагандан кейин ўқиб-ўрганилмайди, натижада аста-секин унутилиб кетади. Воқелик ҳам шуни кўрсатмоқдаки, мерос масаласи киши вафотидан ўн йиллар ўтгандан кейин кўтарилмоқда. Ваҳоланки, бу масала ўз ўрнида ҳал қилиниши керак эди. Албатта, мерос тақсимланишида мерос илмини биладиган уламолардан бирини чақириб, унинг тақсимотига рози бўлиб амал қилинса, ўзаро келишмовчилик, силаи раҳмнинг узилишига барҳам берилган бўларди.

Кимлар меросдан бутунлай маҳрум бўлмайди?

Киши вафот этганидан кейин у қолдирган мол-дунёга нисбатан тартиб билан қуйидаги тўрт амал бажарилади:

1. Марҳумни кафанлаш ва дафн қилиш. Мерос қолган молдан исроф ҳам, зиқналик ҳам қилмасдан сарфланади.

2. Кафанлаш ва дафндан сўнг марҳум қолдирган молдан унинг қарзлари тўлиғича адо қилинади. Гоҳида қолдирилган молдан марҳумнинг қарзлари узилмасдан меросхўрлар меросни бўлиб олишади ва бу билан катта гуноҳга ботишади. Баъзида қарздор киши уни адо қилишга етадиган мол қолдирмасдан вафот этади, бундай ҳолатда қарзни марҳумнинг номидан бошқа киши тўлаб берса ҳам, қарз адо бўлади. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қарздор одам ҳеч қандай мол қолдирмасдан вафот этса, уни тўлашга фарзандларини мажбурлаб бўлмайди.

3. Марҳумнинг васиятлари, агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар марҳум қолдирган молнинг учдан биридан адо қилинади. Меросхўрларга эса васият қилинмайди. Чунки улар шундай ҳам мерос оладилар.

4. Марҳумнинг юқоридаги сарф-харажатлардан ортиб қолган мол-мулки Қуръони карим, суннат ва ижмода кўрсатилганига биноан, ҳақдор меросхўрларга бўлиб берилади.

Шунинг учун мерос тақсим қилинмасдан олдин марҳумнинг молидан хайр-эҳсон қилиб юбормаслик керак. Айниқса, марҳумнинг балоғатга етмаган фарзандлари бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Ота ёшлик ҳолида оламдан ўтиб, ортидан етим фарзандлари қолса, унинг мол-мулки болалари то балоғатга етгунича авайлаб, сақлаб турилиши лозим.

Лекин кўпинча марҳумнинг хотини ёки ота-онаси бу мол-мулкни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло бу борада огоҳлантириб бундай деган: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва, албатта, дўзахда куйгайлар» (Нисо сураси, 10-оят). Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: «Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз» (Фажр сураси, 19-оят).

Муфассирлар ояти каримадаги «қўшиб еяверасиз» жумласини ҳалолга ҳаромни, ўзининг ҳиссасига бошқаларнинг ҳиссасини, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳиссасини қўшиб ейиш гуноҳи азим, деб тафсир қиладилар. Яна бир муҳим жиҳат шуки, марҳумнинг қариндошлари ичида 6 киши ҳеч қачон меросдан бутунлай маҳрум бўлмайди. Улар: ота, она, эр, хотин, ўғил ва қиз. Бу кишиларни заифлиги сабабли меросдан четлаштиришга ҳаракат қилмаслик керак, зеро, бу ўзганинг ҳақини ейишга сабаб бўлади.

«Бир ўғил учун икки қиз улуши» нима дегани?

Шариатда ҳар бир меросхўрга марҳумнинг қолдирган мол-мулкларидан муайян ҳисса ажратилар экан, аёл-қизларга ҳам муносиб улуш берилган. Албатта, исломдан аввалги жоҳилият даврида аёл-қизларга меросдан улуш ажратилмаган, улар доим ўз ота-оналари ва ака-укалари меросидан маҳрум қилинган. Аллоҳ таоло эса уларга улуш ажратилиши фарз амаллардан бири эканини Қуръони каримда баён қилиб берди: «Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир» (Нисо сураси, 7-оят).

Бироқ шариатда «битта эркакка икки аёлнинг ҳиссаси» миқдори белгиланган. Яъни «бир ўғил учун икки қиз улуши» ояти билан баён қилинди. Бу нарса Қуръони каримда бир неча марта эслатилган. Қиз фарзандларнинг ярим улуш олишлари ташқаридан қараганда адолатсиздек туюлса-да, лекин барча нафақалар эркакларнинг зиммасида экани, аёл киши шаръан барча нафақалардан озод қилинганини эътиборга олсак, бу нақадар ҳикматли тақсим экани маълум бўлади.

Эркаклар ҳамма вақт масъулиятни ўз бўйниларига олишга мажбурдирлар: ота-оналарига қарайдилар, оиласини тебратадилар, аёлларини ва қизларини боқадилар, опа-сингилларининг аҳволларидан хабардор бўлиб турадилар.

Бугунги кунда баъзи ҳолатларда шунга гувоҳ бўламизки, ота-оналар тирик бўлатуриб, фарзандлар ўзаро мерос талашиш дардига мубтало бўлишган. Бу нарсанинг ота-онага нисбатан қанчалик ҳурматсизлик ва ҳақорат эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Мол-дунё уларнинг кўзларини шунчалик кўр қилиб қўйганки, улар ота-оналари ёки бобо-бувиларига азият беришдан ҳам тап тортмайдиган бўлиб боришяпти. Лекин улар тез кунда ўзлари ҳам шу ҳолатга тушишларидан гўёки бехабардеклар.

*     *    *

Минг афсуски, асрлар давомида буюк қадрият бўлиб келаётган мерос масаласи бугунга келиб бузила бошлади. Натижада ака-укалар ва опа-сингиллар ота-она вафотидан сўнг мерос талашиб, элу юртга кулги бўла бошладилар, ўткинчи дунёда ҳеч кимга вафо қилмаган ёлғон дунёни деб уруш-жанжаллар гирдобида қолаётганларни, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетганларни эшитиб қоламиз.

Бунинг оқибатида динимизда фарз бўлган силаи раҳм узилиб кетяпти. Силаи раҳмнинг узилишига ҳам мерос илмини билмаслик ва унга амал қилмаслик сабаб бўлмоқда. Агар биз барчамиз бу нозик масалада ҳам муқаддас динимизнинг кўрсатмаларига амал қилсак, нафақат ўзимизга, балки жамиятга ҳамда ўтганларимизга ҳам фойда келтирган бўламиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУТДИНОВ,

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш