Автомобиль йўллари нега сифатсиз?

Бирор чет давлатга юмуш билан борган инсон ушбу мамлакатнинг қанчалик тараққий этганлигини билиш учун унинг ишлаб чиқариш саноати билан танишиши, пул бирлигининг қанчалик қудратли эканига эътибор бериши шарт эмас. Шунчаки, самолётдан тушиб, энг биринчи фойдаланилган автомобиль йўлининг ўзиёқ, ўша юрт тараққиёти ҳақида етарлича «сўзлай» олади. Шу боис ривожланишни истаган ҳар бир мамлакат, аввало, автомобиль йўллари сифати, унинг эксплуатациясига жиддий эътибор қаратиши зарур. Акс ҳолда тараққиёт ҳақида бирор сўз айтишдан маъно йўқ.

«Бойишни истасак, йўл қуришимиз керак»

Мисол учун, Хитойни олайлик. Ушбу мамлакат ярим аср аввал ҳам автомобиль йўлларининг узунлиги бўйича дунёнинг энг қолоқ ўлкаларидан бири эди. Фақат ўтган асрнинг саксонинчи йилларига келибгина ҳукумат замонавий йўл инфратузилмасисиз тараққиёт бўлмаслигини англаб етди ва соҳага йирик маблағлар йўналтира бошлади. Халқ орасида «Бойишни истасак, йўл қуришимиз керак» деган шиорлар пайдо бўлди. Натижада Хитой бугун тараққий этган давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллади.

«Тизимда шу қадар муаммо кўпки, уни бирдан ҳал этишнинг имкони йўқ»

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам замонавий транспорт коммуникация тизимини яратиш, халқаро ва ички аҳамиятга эга автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, тан олиш лозим, қилинаётган бу саъй-ҳаракатлар соҳадаги муаммоларга тўлиқ ечим бўлаётгани йўқ. Афсуски, бугун умумий фойдаланишда бўлган ички йўлларимизнинг сифати ва уларнинг таъмири юзасидан фуқароларимизда кўплаб эътирозлар пайдо бўлмоқда. Тизимдаги муаммоларни ҳал этиш учун амалга оширилаётган ишлардан эса кўнгил тўлмайди.

Аслида қандай соҳа бўлмасин, унинг ривожида илм-фанга қаратилган эътибор муҳим ўрин тутади. Айниқса, сифатли йўл қуриш тармоғида етук ва малакали кадрларга доим талаб юқори бўлган. Шу боис сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида олимларнинг илмий тадқиқот ишлари, илғор янгиликларини амалиётга татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бизда-чи?

— Юртимизда ўтган 15-20 йил давомида соҳа учун малакали кадрлар тай­ёрлашга жиддий эътибор берилмади, илмий тадқиқот ишларига эса панжа орасидан қаралди, — дейди Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти Автомобиль йўлларини қуриш ва эксплуатация қилиш кафедраси мудири, техника фанлари номзоди, доцент Аслиддин Ўроқов. — Жумладан, мустақиллик йилларида ташкил қилинган «Йўл» фонди (бугунги кунда ушбу фонд тугатилган) маблағларидан илмий тадқиқот ишлари учун етарли пул ажратилмади. Натижада автомобиль йўлларини лойиҳалаш ва қуриш борасида ён қўшниларимиздан ҳам ортда қолиб кетдик. Оддий мисол, биз ҳалигача нефтдан олинадиган эски битум қоришмасини йўл қуришда боғловчи материал сифатида фойдаланамиз. Ваҳоланки, дунёда бу борадаги ўзгаришлар анча йиллар олдин бошланган. Ҳатто, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бугун йўлсозликда полимер боғловчилардан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, йўлсозликда иқлимни ҳам ҳисобга олиш зарур. Маълумки, мамлакатимиз иқлими кескин континентал бўлиб, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида асфальтбетон тез юмшаб, автомобиль йўлларининг юкка нисбатан кўтарувчанлик қобилияти пасаяди. Шу боис бу муаммога қарши тура оладиган, жазирамада ҳам ўз ҳолати ва хусусиятини йўқотмайдиган асфальтбетон қоришмасини ишлаб чиқиш лозим. Хўш, бунинг учун бизга нима тўсқинлик қилмоқда? Салоҳиятли кадрлар йўқми? Керакли маҳсулот ёки технологияларни топишда муаммо борми? Ўйлайманки, бу масалаларни ижобий ҳал этса бўлади. Фақат янгиликларни амалиётга татбиқ этиш учун хоҳиш-истак бўлса, бас. Хабарингиз бор, 2017 йилда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бугун вазирлик томонидан юртимизда соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, аммо тизимда муаммо шу қадар кўпки, уни бирдан ҳал этишнинг имкони йўқ. Яқинда вазирликка юртимиз автомобиль йўллари соҳасидаги долзарб бўлган 20 га яқин масала бўйича таклиф киритдик. Агар мазкур лойиҳалар амалиётга татбиқ этилса, тизимдаги кўп муаммоларга ечим топилади.

«Бор йўлларимизни ҳам асрамаяпмиз»

— Бугун мамлакатимиз йўлларида транспорт харажатлари жуда юқори, ҳаракат қулайлиги ва хавфсизлиги паст даражада, — дейди техника фанлари бўйича фалсафа доктори Абдувоҳид Юнусов. — Ваҳоланки, ҳайдовчи ёнилғи харид қилаётганда давлатга солиқни ўз вақтида тўлайди. Хўш, энди нима учун у сифатсиз йўлдан юришга мажбур бўлиши керак? Ахир, тўланган солиқ учун унга етарли шароит яратиб берилиши керак эмасми? Яна бир гап. Янги йўллар қуриш ва таъмирлаш борасида оқсаётганимиз рост, бироқ бугун биз бор йўлларимизни ҳам асраётганимиз йўқ. Ҳозирги кунда юк ташувчиларнинг кўпчилиги хусусий бўлгани боис улар истаган оғирликдаги юкни исталган автомобилда, истаган йўли орқали ташимоқда. Ҳеч ким назорат қилаётгани йўқ. Ваҳоланки, йўлларнинг тоифасига қараб автомобилларга ҳаракатланиш учун рухсат берилиши лозим. Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳаво ҳарорати 30 даражадан юқори бўлганда оғир юкли махсус автомобилларнинг йўлларда ҳаракатланиши кундузги вақтда чекланади. Айрим мамлакатлар жазирама пайтида транзит ҳаракатларига ҳам маълум чекловлар ўрнатади. Яқиндан бошлаб мамлакатимиз йўлларида ҳам тарози назоратини ташкил қилиш белгиланди. Афсуски, шу вақтгача бизда бу масала устида ҳеч ким бош қотирмаган.

17 триллион сўмдан зиёд маблағ керак, аммо...

Ҳозирда мамлакатимиздаги қарийб 90 фоиз йўл тармоғи таъмирга муҳтож. Имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олсак, йилда 5-6 фоиз йўлни таъмирлашга имконимиз етади. Бироқ қолгани-чи?!

— Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллар тармоғи 184 минг километрдан зиёд узунликда бўлиб, ундан 42 минг 676 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидир, — дейди Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Фахриддин Бекназаров. — Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини талаб даражасида ушлаб туриш учун 17 триллион сўмдан зиёд маблағ зарур. Жорий йил давлат бюджетидан 4 триллион сўм атрофида маблағ ажратилган. Аммо бу пуллар йил мобайнида бажариши лозим бўлган ишларимизга етмаслиги боис чет эл ва хусусий сектор маблағларини жалб қилиш бўйича қатор ишларни амалга оширяпмиз. Жумладан, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё ин­фра­тузилмани ривожлантириш банки, Саудия тараққиёт банки билан турли лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз.

«Кунлик муаммоларга қарши курашяпмиз, холос»

Йўл қуриш тармоғида илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳа ривожида муҳим ўринга эга. Бунинг учун масъул ташкилотлар томонидан давлат грантлари эълон қилиниб, танловлар ташкил этилса, илмий лойиҳалар сараланиб, ғолибларга керакли маблағлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.

— Айни пайтда олийгоҳимизда бир қанча фан докторлари, фан номзодлари, PhD, ёш олимлар илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқда, — дейди Аслиддин Ўроқов. — Аммо уларнинг илмий лойиҳаларини саралаб, амалиётга татбиқ этишда анчайин оқсаяпмиз. Ваҳоланки, ҳар бир соҳага масъул бўлган ташкилот қошида илмий бўлим фаолият юритиши зарур. Афсуски, бизда бундай тизим мавжуд эмас. Нима учун дунё мамлакатлари ўзларининг етакчи олимлари яратган илғор ишланмаларни ўз вақтида амалиётга татбиқ этади-ю, бизда 10-15 йиллик илмий изланишлар чанг босиб ётиши керак?! Нима учун бепарволик ва ишга бўлган нотўғри муносабатимиз ортидан мамлакат иқтисоди, қолаверса, халқимиз моддий зарар кўриши керак? Масалани ҳал қилиш учун эса кунлик муаммоларга қарши курашишни одат қилганмиз, холос. Аҳолидан шикоят тушса, ўша жойга борамиз ва бузилган йўлни кимдир кўрмаслиги учун тезда ямаб қўямиз. Шу билан кунимиз ўтади. Эртага шунга ўхшаш яна бир муаммони ҳал қилсак, олам гулистон. Қулоғимиз тинчийди. Кўряпсизми, биз истиқболли режалар, келажак лойиҳалар ҳақида мутлақо ўйлаётганимиз йўқ. Шундай бўлгандан кейин сифатли йўллар ҳақида қандай гапириш мумкин?! Президентимиз бежизга ҳар бир соҳада узоқ йиллик режалар бўлиши лозимлиги ҳақида куюниб гапирмаяптилар, ахир! Аслида соҳанинг етук мутахассисларида мавжуд муаммолар юзасидан етарлича таклифлар бор, фақат уларни қўллаб-қувватлаш зарур.

Хулоса ўрнида

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, юртимиз автомобиль йўллари соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш, уларни ижобий ҳал этишга бугунданоқ киришиш зарур. Акс ҳолда муаммолар янада кенгайиб, илдиз отиб бораверади.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1
Бобир

2019-12-06 08:49:36

автомобиль йўллари қўмитаси ташриф кутилаётган йўналишни ташрифдан олдин қорайтириб келиш билан шуғилланиш билан банд. Масалага давлат нуқтаи назаридан ёндошадиган соҳа рахбари талаб этилади.

Изоҳ қолдириш