Япон археологини ҳайратга солган мўъжиза

Ҳар бир халқнинг қонида аждодлари яратган маданий бойлик ва тафаккурнинг, донишмандликнинг йиғиндиси оқади. Бу йиғинди то қулай шароит пайдо бўлмагунча «мудраб» ётаверади. Қулай муҳит бўлдими, у гуркираб ривожланиб кетади

Саёҳат Ашхобод шаҳридан бошланиб, Олма-ота шаҳрида якунланиши режалаштирилган. Туркманистондаги саёҳатни якунига етказиб, Самарқандга етиб келдик. «Ер юзининг сайқали» ҳисобланган бу шаҳар, шубҳасиз, ҳар бир меҳмонни ўзига мафтун этади. Бу галги меҳмонлар шаҳардаги тарихий обидалар билан кифояланмасдан, унга яқин ҳудуддаги археологик ёдгорликлар билан ҳам танишишни ният қилган эдилар. Навбатдаги сафар — 1987-1992 йилларда Ургут туманидаги Жартепа қишлоғида очиб ўрганилган оташпарастлар ибодатхонасига бўлиб, меҳмонлар бу жой ҳақида эшитишганини гап-сўзларидан билиб олдик. «Буюк Ипак йўли»нинг Самарқанд — Панжикент оралиғида, Работи Хўжа тўғони яқинида барпо қилинган бу ибодатхонада аждодларимиз Зарафшон дарёсига атаб қурбонлик қилганлар, мадҳия, қасида куйлашган ва ҳар хил диний маросимларни ўтказишган.

Жартепа ёдгорлигида қадимий суратлар

Самарқанд шаҳрининг ҳайратомуз Регистон ансамбли, Гўри Амир, Шоҳи Зинда ёдгорликлари билан танишиб бўлгач, Жартепа ёдгорлигига ошиқдик. Йўлда кетяпмиз. Атроф сокин, бири пастда, бири баландда, бири қияликда қурилган қишлоқ уйларида хотиржамлик. Ёдгорликка яқинлашишимиз билан топилган археологик буюмлардан кўчма музей ташкил этилганини кўрдик. Бу — археология институтининг Самарқанд вилояти бўлими ёш мутахассислари ташаббусидир. 

Экспедиция аъзолари ёдгорлик бўйлаб айлана бошладилар. Унинг ички қисмини кўздан кечирган хитойлик археолог мен томон келиб, ёдгорлик меҳробига ишора қилди ва инглизчалаб нимадир деди. Таржимон қизга юзландим. Маълум бўлишича, хитойлик меҳмон ибодатхона меҳроби деворида сақланган қадимий суратни кўриб қолиб, ҳаяжонга тушган экан.

Унинг айтишича, Хитойдаги Турфан деган жойда ҳам кўплаб деворий суратлар топилган бўлиб, маҳаллий аҳоли улар қаердан кириб келганини билмасдан боши қотган экан. Хитойлик меҳмоннинг юзи маъноли кўриниш касб этиб, шундай деганини таржимоннинг ўзбекчага ўгирганидан билиб олдим: «Ҳа, бунинг сирини топдим. Деворга сурат солиш одати бизга Суғдиёнада яшаган сизнинг аждодларингиздан ўтган экан!»

Бошқаларни билмадиму хитойлик ҳамкасбимнинг ­эътирофидан кўнглим тоғдек юксалди. Экспедиция аъзолари дам бу суратларни қўли билан ушлаб кўришар, дам суратга олишар, дам ажабланиш маъносида бош ирғаб қўйишарди.

«Ёдгорликни менга совға қилинг!»

Меҳмонлар бири қўйиб, бири сўзларди. Улар орасида япониялик археолог, Ўзбекистонга кўп маротаба ташриф буюрган Кудзидо Като Сан ёдгорликка ҳаммадан кўпроқ қизиқиш билан қараётганини сезиб турардим. Жаноб Като Сан кутилмаганда барчамизнинг диққатимизни жалб қилиб, шундай деб қолди:

— Агар ушбу ёдгорликни менга совға қилсангиз, умримнинг охиригача шу ерда яшашга рози бўлардим!

Ажабо! Энг ривожланган давлатлардан бирининг вакили Ўзбекистондаги ёдгорлик учун жонини ҳам беришга тайёр турса! Кимга ёлғон, кимга чин? Меҳмонлар унинг гапига шубҳалангандек, кулиб юборишди. Россиялик археолог Григорий Семенов: «Като Сан, сиз комфортга ўрганган одамсиз, бу ерда яшай олмасангиз керак», – дея гапнинг пўскалласини айтди.

— Нега яшолмас эканман? Ахир, бу ёдгорликдан шундоққина тарих нафаси уфуриб турибди. Агар кечаси шу ерда ётсангиз, қадимги коҳинларнинг куй-қўшиқларини, «Авесто»дан куйланган мадҳияларни ҳам эшитасиз. Археологга бундан ортиқ нима керак? – дея жиддий қиёфада жавоб берди ҳозиржавоб Като Сан.

Биров у деди, биров бу деди. Англадимки, япониялик тадқиқотчига рус археологининг писандаси қилчалик ҳам таъсир қилгани йўқ. Ҳақиқий «фанат»ларгина шундай йўл тутиши мумкин. Айтилган гап барибир жойида қолади. Рус биродари айтганчалик, Като Сан бу ерда яшамаслиги аниқ. Аммо олис юртдан келган меҳмоннинг Ўзбекистондаги кичик бир ёдгорликка берган юксак баҳоси ва эътирофидан нафақат менинг, балки бошқа ўзбекистонликларнинг ҳам боши кўкка етди.

Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси

Бир неча марта Марказий Осиёга ташриф буюрган Като Сан Осака шаҳридаги «Ипак йўли» музейида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид доимий кўргазма ташаббускори бўлди.

Ўзбекистон тарихининг Япониядаги фаол тарғиботчиси Марказий Осиё тарихи ва маданиятига бағишланган «Ипак йўли чорраҳаларида», «Евроосиё тамаддунига саёҳат», «Ўрта Осиёнинг буюк сиймолари», «Далварзинтепа шаҳристони» каби асарларини япон, ўзбек ва инглиз тилларида нашр эттирди. Домла кўп йиллар мобайнида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги Далварзинтепа шаҳри ҳамда Термиз яқинидаги Қоратепа ва Фаёзтепа буддавийлик ибодатхоналарини ўрганишга бош-қош бўлди.

Като Сан 2002 йилда халқимизнинг маънавий мероси, тарихини Японияда тарғиб этиш борасидаги катта хизматлари, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан, «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги таклифи билан у киши Термиз шаҳри фахрий фуқаролигига қабул қилинди.

«Японлар сопол идиш ярата олмайди!»

Навбатдаги экспедициямиз Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Пойкент ёдгорлигига бўлди. Пойкент ёдгорлиги ҳудуди анча кенг бўлганидан экспедиция аъзолари ҳар томонга тарқалиб кетдилар. Мен Като Санга ҳамроҳман.

— Сиз, ўзбекларнинг бой тарихингиз билан биз баҳслаша олмаймиз. Антик даврда, V-VIII ва IX-XIII асрларда, айниқса, Темурийлар даврида аждодларингиз яратган буюк цивилизация олдида японларнинг техникаси нима бўпти? Бизда технология ҳар қанча ривожланмасин, — у шундай дея пастга энгашди ва ерда ётган қадимги сопол бўлагини қўлига олди, — мана, шу сопол идишни ярата олмайди. Бугунги технология билан ана шу сопол идишдан юз карра чиройли, пишиқ идишни ясаш мумкин, аммо бу янги буюм, қадимги идишни эса яратишга ҳеч ким қодир эмас. Сизда аждодларингиздан қолган буюк ўтмиш бор.

Ҳар бир халқнинг қонида аждодлари яратган маданий бойлик ва тафаккурнинг, донишмандликнинг йиғиндиси оқади. Бу йиғинди то қулай шароит пайдо бўлмагунча «мудраб» ётаверади. Қулай муҳит  бўлдими, у гуркираб ривожланиб кетади. Узоққа бормайлик, мўғуллар Марказий Осиёни шу даражада харобага айлантирдики, ҳеч ким бу мамлакатнинг қайта тикланишига умид ҳам қилмаган. Аммо Амир Темур хароба ва култепалар устида қудратли давлат ва цивилизация ярата олди. Бу қандай содир бўлди, биласизми? Чунки бу заминда юксак цивилизациянинг чўғи бўлган, фақат бу чўғнинг устини қалин кул қоплаган эди. Буюк аждодингиз Соҳибқирон бу кулни олиб ташлаб, чўғни қайта алангалатди.

...Донишманд Като Саннинг мулоҳазалари тугамайди, мен эса уни тинглайвераман. Ўтмиш, ўтмишдаги цивилизация намуналари улкан архив сифатида бизгача етиб келганини фахр-ифтихор билан сўзлаётган япон олимига ихлосим, ҳурматим ошгандан ошади. Ана шу архив ноёб ҳужжатлари — қадимий қўлёзма асарлар, археология объектлари, тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, аввало, ўзимиз учун қадрли бўлишини истаймиз. Зеро, қаёққа боришни билишдан аввал қаёқдан келганимизни англашимиз керак.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,

археолог.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш