Ички ва ташқи босимлар остидаги Эрон: Ғазаб ва нафрат илдизи узоқларга бориб тақалади...(ми?)

Эрон Ислом Республикасида бензин нархи ошганидан ғазабга келган оломон кўчаларга чиқди. 40 йилдан бери халқаро санкциялар қаршисида тишини-тишга қўйиб, чидаб келаётган ватанпарвар эронликларни тўхтатиб бўлмай қолди. Қадимий ва кўҳна шаҳар Шерознинг марказий майдони анча пайтлардан бери бу қадар катта издиҳомга мезбон бўлмаган эди. Биргина Шерозда эмас, республиканинг камида 20 та шаҳрида одамлар ҳукуматга қарши шиорларни кўтариб чиқишди. Намойишчилар мамлакатнинг олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий портретларини ҳам ёқишди.

Бензин нархи икки баробарга ошди

Расмийлар берган маълумотга қараганда, 12 нафар норозилик намойиши иштирокчиси ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлган, 600 киши қамоққа олинган. «Amnesty International» ташкилоти вакилларининг ҳисоб-китобига кўра эса камида 106 нафар инсон қурбон бўлган. Юз берган ҳодисалар саҳнида Эрон армиясининг илғор бўлинмаси — Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат улкан зиён кўрганини айтиб, агар исён тўхтамаса, норозиларни куч билан бостириш борасида огоҳлантирди. Шундан кейин намойишчилар икки кун ўтиб тинчиди.

Норозилик чиқишларига бензин харидини чеклаш, бензин нархига субсидия қисқариши ва унинг нархи кескин кўтарилиши борасида ҳукумат эълон қилган қарор сабаб бўлди. 15 ноябрь куни ҳукумат ёнилғи нархини икки баробар ошириш (1 литри 15 минг риал)га фармойиш берди. Автомобиль эгалари шу нархда ойига 60 литрдан ортиқ бензин сотиб ололмайдилар, чекловдан ортиқ бензин эса 30 минг риалдан сотилади. Ҳукуматнинг баёнотига кўра, нарх ошишидан олинадиган даромадлар 18 миллион эронлик оилаларни субсидиялашга йўналтирилади. Таъкидлаш керакки, шу пайтгача дунёдаги энг арзон бензин Эронда сотилган.

Норозиликлар бошланганидан кейин расмийлар позицияни бироз юмшатдилар. 18 ноябрь куни нархлар ошишидан энг кўп жабр чеккан аҳолининг энг қашшоқ қатламига қўшимча тўловлар ажратилиши эълон қилинди. Уларга биринчи ҳафтада 2 миллион риалгача (18 доллардан) ажратишга ваъда беришди, ундан кейин субсидиялар ҳар ойда ажратилиши белгиланди. Шунга қарамай, бу қарор фуқароларнинг умумий кайфиятига таъсир кўрсатмади, норозиликлар давом этди. 

Эрон иқтисодиёти нефтга боғланган...(ми?)

Ғазаб ва нафрат илдизи узоқларга бориб тақалади. Эронда узоқ йиллардан бери оғир иқтисодий вазият ҳукмрон. Тадқиқотларга кўра, 2016 йилда айрим провинцияларнинг 40 фоизга яқин аҳолиси қашшоқлик остонасида кун кечирган. Бироқ ўшанда мамлакатдаги вазият ҳозиргидан кўра яхшироқ бўлган. 

Ҳамма муаммо нефть деб аталмиш «бало»да. «Қора олтин» Эрон иқтисодиётининг пойдевори ҳисобланади, шу сабабли нархларнинг ҳар қандай тебраниши мамлакатга таъсир кўрсатади. АҚШнинг 2018 йил май ойида киритган жазо чоралари жиддий муаммо туғдирди: Америка Эрон ядровий дастурига оид қўшма умумҳаракатлар режаси келишувидан бир томонлама чиқиб кетганидан кейин Вашингтон Эрон нефти экспортига тўлиқ эмбарго ўрнатди. Натижада Вашингтон санкцияларидан қаттиқ зарар кўришдан чўчиган Теҳроннинг асосий нефть харидорлари «қора олтин» сотиб олишни кескин камайтирди. Оқибатда Эрон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 3,8 фоизгача пасайди. Экспертлар пасайишнинг яна давом этишини башорат қиляптилар. 2021 йилда ЯИМ ўсиши икки мартага қисқариши кутилади. Америкалик мутахассисларнинг айтишича, санкциялар туфайли Ислом Республикаси 50 миллиард долларгача зиён кўрди. 

Мамлакатнинг яна бир жиддий муаммоси — ёшлар ўртасида ишсизликнинг юқори даражаси ҳисобланади. 2019 йилда бу борадаги кўрсаткич 28 фоизга етди. Умуман олганда, эронликлар санкциялар оқибатида катта иқтисодий босимга учраган, аҳвол абгор, кўплар учун нархлар кўтарилиши сўнгги томчига айланди. Мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи 30 ёшга етмаган ёшлар эканини инобатга олсак, муаммо нақадар хатарли нуқтага етганини кузатишимиз мумкин.

Дарвоқе, оғир иқтисодий вазият билан боғлиқ норозиликлар мамлакат учун янгилик эмас: Эрон бу каби ҳодисаларни 2017-2018 йиллар остонасида ҳам бошдан ўтказган. Ўшанда ҳам одамлар кўчаларга ҳозирги каби шиорлар билан чиқиб, аввал ички муаммоларни ҳал қилиш, кейин ташқи сиёсатга эътибор қаратиш хусусида бонг урганлар. Ўхшаш кайфиятлар бугун ҳам кузатилади. Одамлар Ҳоманаий режимининг ташқи кампанияларга ҳомийлик қилиш, Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтириш, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» каби ташкилотларни молиялаштириш ишларига бош қўшаётганидан норози. Аста-секин ислоҳотлар талаби Оятуллоҳ шаънига айбловлар ёғдиришга айланди.

Аввалги норозиликларни ёритган ва бугунги Эронни кузатиб бораётган америкалик журналистлар бир овоздан бу галги инқилоб Ҳоманаий режими учун сўнггиси эканини таъкидламоқда. Маълумки, Эронда охирги ҳокимият алмашинуви 1979 йилда юз берган эди. Норозиликларнинг олтинчи кунида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний «минтақанинг реакцион кучлари, сионистлар ва америкаликлар» яна ҳукуматни ағдариб ташлашга уриниб, намойишларга аралашдилар, бироқ Эрон халқи ғалаба қозонганини айтди. Мамлакатдаги кескинлик аста-секин ўз измига тушиб борар экан, президент Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига воқеаларни текшириш топшириғини берди.

«Одамлар душманларига ўз ҳиссиётлари устида ўйнашга имкон бермайди»

Эрон намойишлари ҳақида гапирганда танганинг орқа томонини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Айрим провинцияларда ҳукуматпараст одамлар режимни ҳимоя қилиб кўчаларга чиқди. Улар назарида исёнчилар душман хизматкорлари. Бироқ одамлар нефть нархининг ошиши ортидан озиқ-овқат нархи кўтарилишидан хавотирга тушаётганини ҳам унутмаслик керак. Мамлакатда АҚШ санкциялари оқибатларини енгиш осон бўлмаяпти.

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар дунё миқёсида оммавий чиқишларга ва давлат тўнтаришларига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Шунинг учун қанчалар танқидлар ёмғири остида қолмасин, ҳокимият намойишларнинг биринчи куниданоқ интернетни ўчириб қўйди. Фақат 21 ноябрь куни у қисман тикланди. Энди аҳолининг 10 фоизи тармоқларга кира олиши мумкин. Ҳукумат қарорини тушунса бўлади: у 2011 йилдаги «араб баҳори» такрорланишини истамайди. Биласиз, ўшанда бутун Яқин Шарқ ёшлари норозилик намойишларига чиқди, улар ҳақидаги маълумотлар «Twitter» орқали тарқалди. Гарчи намойишлар чоғида Ҳоманаийни йўқ қилиш чақириқлари онда-сонда учраган бўлса-да, одамлар 1979 йилги воқеалар такрорланишини истамайдилар. Оддий халқ инқилоблар фақат қашшоқликка, оммавий қотилликларга олиб келишини яхши тушунади.

Тўғри, одамлар иқтисодий ўзгаришларни хоҳлайди. Аммо Вашингтоннинг Эрон жамияти ўртасига нифоқ солишга уриниши, аксинча уларнинг жипслашувига хизмат қилмоқда, холос. Масалан, АҚШнинг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террорчи ташкилотлар сафига киритиш қарорини халқ бир овоздан қоралади. Эрон халқида яхши маънодаги миллатчилик бор. Улар ички муаммолар қаршисида ўзаро бўлиниши мумкин. Аммо ташқи хавфу хатарлар қаршисида бирдам.

2017 йилги намойишлар пайтида Америка раҳбари Дональд Трамп шундай ёзган эди: «Эрон халқи ниҳоят шафқатсиз ва коррупциялашган режимга қарши бош кўтарди. Барча пуллар террорчилар чўнтагига келиб тушди. Одамларда деярли егулик йўқ, мамлакатда инфляция кучли, ҳеч қандай инсон ҳуқуқлари йўқ. АҚШ кузатиб боради!» Афтидан, ҳали кўп кузатишга тўғри келади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний айтганидек: «Одамлар душманларига ўз ҳиссиётлари устида ўйнашга имкон бермайди».

* * *

Мамлакат 40 йил ичида мунтазам инсон ҳуқуқлари ва айниқса, аёллар ҳуқуқларига эътиборни кучайтириб келади. Исломий Республика аёлларнинг кийинишига қаттиқ тургани билан Саудия Арабистонидек аёллар ҳуқуқларини қўпол равишда оёқости қилмайди. Эрон аёллари бемалол бизнес билан шуғулланади, мол-мулкка эгалик қилади, машина ҳайдайди ва муҳим сиёсий амалларни эгаллаган. Жорий ҳукумат инқилобдан бери анчайин либераллашган. Эҳтимол, Оятуллоҳ Ҳоманаий бундай ҳолатга йўл қўймаган бўлур эди, аммо айнан муросасозлик йиллар мобайнида Исломий Республикани қулашдан сақлаб келди. Бугун ҳам либераль ва консерватив йўналишдаги сиёсатчилар ўртасида мамлакатни бошқариш юзасидан шаклланган мўрт муроса ҳали мавжуд экан, Ҳоманаийнинг инқилоби жон сақлаб қолаверади.

Абдували САЙБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш