Ҳалқни рози қилиш-асосий мақсадимиз

Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Шампан” маҳалла фуқаролар йиғинида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” шиори остидаги хайрия тадбири бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, туман ҳокимлиги ва Президентнинг Паркент туманидаги Халқ қабулхонаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Дори-дармон” акционерлик компанияси ҳамда “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда тумандаги “Обод”, “Бозорбоши”, “Чинорли”, “Шампан”, “Навдак”, “Невич”, “Қизилсой” ва  “Янги Санганак”маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи нуронийлар, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик давомида диспансер назоратида бўлган беморларга ҳамда касаллиги аниқланган фуқароларга “Дори-дармон” акционерлик компанияси ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 266 нафар беморга 21 миллион сўмлик 5 турдаги дори-дармон ва гигиеник воситалар бепул тақдим этилди. Ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан ўз уйида тиббий текширувдан ўтказилди. “Обод”, “Булоқбоши”, “Қуёш”, “Самсарак” ва “Шампан” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 5 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик аравачалари берилди.

Шунингдек, тумандаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 35 миллион сўмлик компьютерлар жамламаси берилди. Бундан ташқари 2 та маҳаллага эса бунёд этилган кутубхоналар учун 100 донадан бадиий адабиётлар тарқатилди.

“Сурхи” ва “Бойқозон” маҳаллалардаги табиий газга уланмаган хонадонларга 92 та суюлтирилган газбалонлари, шунингдек эҳтиёжманд оилаларга 4 тонна кўмир маҳсулотлари тарқатилди. “Бозорбоши” ва “Чинорли” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари — Анорбой Жалилов, Қозоқбой Одиловларга туман ҳокимлиги томонидан 700 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва совға-саломлар берилди.

 

 

Тадбирда Республика маҳаллалар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев, Паркент туман ҳокими ўринбосари Н.Ниғматов томонидан 26 нафар фуқаро қабул қилиниб, 18 нафарининг  25 та муаммоси жойида ҳал этилди, 8 нафар фуқаро томонидан билдирилган мурожаатлар эса қўшимча вақт ва маблағ талаб қилганлиги боис мутасадди ташкилотларга топшириқ қилиниб, ижроси назоратга олинди.

Ғулом ХИДИРОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1

Изоҳ қолдириш