1000 нафардан ортиқ қашқадарёлик бедарак кетган

Яккабоғ туманидан Россиянинг Иркутск шаҳрига ишлаш учун кетган йигит экстремистик оқим таъсирига тушиб қолган. Туркияга, сўнг Сурияга ўтиб, террорчиларга қўшилган. Устига-устак, оиласининг 14 нафар аъзосини ўзи тушган уруш ўчоғига чақириб олган...

Қашқадарё вилоятида ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда шу каби мисоллар асосида мавзу доирасидаги вазият атрофлича таҳлил этилди. Қайд этилишича, 3 миллион 261 минг 240 нафар аҳоли истиқомат қилаётган вилоятда 77 минг 961 нафар ёш иш топа олмаган, 6271 та кам таъминланган оилалар, 124 минг 852 нафар ишсиз аҳоли, 127 минг 744 нафар чет элга чиқиб кетган фуқаролар, 30 минг 641 нафар чет элда ишлаб қайтиб келган фуқаро рўйхатга олинган.

Кўрсаткичлар шуни англатмоқдаки, вилоятдаги ҳар бир  маҳаллада — маҳалла раиси, масъул котиб, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мутаҳкамлаш бўйича мутахассис, профилактика инспектори ва уларнинг ёрдамчилари, 8 та жамоатчилик асосида фаолият юритувчи комиссия аъзоларини, нуронийлар ва ёшлар бўйича ўринбосарларни қўшиб ҳисоблаганда 100 га яқин салмоқли таркиб иши йўлга қўйилган бўлса-да, жойларда жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш ишларини бугунги жадал ислоҳотлар даврига мутаносиб деб бўлмайди.

— Мамлакатимизда диний эркинлик таъминланган. Афсуски, айрим юртдошларимиз буни нотўғри талқин қилган ҳолда ёт оқимлар таъсирига берилмоқда, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти  кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Омон Хушмуродов. — Бундай ҳаракатлар эса тинчлик-осойишталигимизга таҳдид солмоқда. Бугун кўплаб юртдошларимиз ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижда истиқомат қилишмоқда. Жумладан, минглаб қашқадарёликлар ҳам Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, ҳатто Панама давлатида бўлиб турибди.

Афсуски, айни пайтда чет элга чиқиб кетган 1000 нафардан ортиқ қашқадарёлик бир неча йилдирки бедарак.

Жамоатчилик назорати мустаҳкам бўл(ма)са...

Бундан уч йил олдин Қарши туманида яшовчи коллеж ўқувчиси ишлаш учун Россияга кетади. Отаси ва коллеж ўқитувчилари эса бу ҳолатни уч ой давомида яшириб келган. Тўртинчи ойда ўғил отасига Суриядан телефон қилиб, шу ерда «худони таниганини» айтади. Уйни сотиб, пулини юборишни, акс ҳолда ёмон бўлишини айтиб, таҳдид ҳам қилади. Ота шундан кейингина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ёрдам сўрайди...

Бугун деярли барча интернетдан фойдаланади. Аммо аксарият ҳолларда шунчаки қизиқиш билангина ижтимоий тармоқларда турли диний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ва ўсмирларимизнинг кўплиги кўнгилни хира қилади.

Ҳатто турли тариқатларга эргашиб, дунёдан воз кечганлар ҳам бор. Ўғлини ёки қизини «пир»лар ихтиёрига топширган ота-оналарни ким деб аташ мумкин?

— Бугун хорижга катта пул топиш учун кетганларни тушуна олмайман, — дейди Омон Хушмуродов. — Ахир, ҳар жойда тошу тарози бор. Ноқонуний тарзда кетганлар афсуски, хатосини кеч англайди. Муттасил қочиб юриш, барқарор иш ўрни ва маошнинг йўқлиги сабабли кўп қийналишади. Шундай вазиятга тушиб қолган инсонни эса турли гуруҳларга оғдириб олиш осон бўлади.

8 ой тутқунликда яшаган инсон

Миришкор туманилик 33 ёшли Мансур Саидов(исм-фамилияси ўзгартирилган)ни амакиваччаси Самара вилоятига ишга таклиф этади. Уни гўёки маиший чиқиндиларни саралаш корхонасига «ишга киргизиб» қўяди. Аммо ишнинг миси кейинроқ чиқади. Корхона вакиллари Мансурнинг паспортини олиб қўйишади. Устига-устак, уни чиқиндихонада мажбуран ишлатишади. Ҳатто, озиқ-овқат ҳам беришмайди. Турмуш ўртоғи эрининг бу аҳволидан хабар топгач, одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган «Istiqbolli avlod» республика ижтимоий ахборот маркази қошидаги «Долзарб алоқа тармоғи» телефон рақамига қўнғироқ қилади. Ниҳоят, марказ мутахассисларининг саъй-ҳаракати билан Мансур қулликдан озод этилади.  Қашқадарёга, оиласи бағрига қайтади. 

— Мақсадимиз — барча турдаги зўравонликка барҳам бериш, — дейди республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий ахборот маркази вилоят  бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. — Асосий вазифаларимиздан бири, одам савдоси қурбонларининг оиласи бағрига қайтишига кўмаклашиш ҳамда дастлабки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишдан иборат. Ушбу йўналишда хорижга ишга кетган юзлаб қашқадарёликларга ёрдам бердик.  19 нафар фуқаронинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашдик.

Ҳар ерни қилма орзу...

Бугун катта пул топиш илинжида иш излаб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрганларнинг ўз билганича йўл тутиб, таниш-нотаниш воситачилар найрангига чув тушгани, оқибатда соғлиғига путур етказгани ҳақида ҳам эшитиб қоламиз.

Санобар(исми ўзгартирилган) ёлғиз она.  Дугонасининг сўзларига ишониб, ёш боласини онасига ташлаб, хорижга кетади. Мусофир юртда, қийин аҳволда 12-15 киши битта хонада яшашади. Оғир меҳнат, носоғлом турмуш тарзи туфайли соғлиғини йўқотади.

— Мусофирликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўяркан, — дейди у. — 3 йил чет элда оғир шароитда ишладим. Аниқ ва узоқ муддатли ишимиз ҳам йўқ эди. Ким нима буюрса, шуни қилиб кетаверардик. Доимий яшаш манзилимиз йўқлиги сабабли жуда қийналдик. Охирги 3 ойда соғлиғим жуда оғирлашди. Ҳамроҳларим тиббий муассасага олиб чиқишди. Таҳлиллар натижасига кўра, менда юқумли касаллик аниқланди. Даволанай десам, даволанишга, уйга қайтай десам, йўлкирага пул йўқ. Яхшиям, юртдошларим бор, уларнинг кўмаги билан ортга қайтдим.

Уларнинг тақдирига ҳар биримиз жавобгармиз, аммо...

— Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йилнинг январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида хатлов асосида хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир маҳалла, қишлоқдаги ишсиз фуқарони аниқлаш ишлари давом эттирилмоқда, — дейди О.Хушмуродов. — Хатлов натижасида аниқланган ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар мутахассисликлари бўйича иш билан таъминланади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса, кредит маблағлари ажратилади. Хорижга ишга кетган фуқароларни юртига қайтариш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилади. Бу каби масалаларни амалга ошириш учун вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, котибият мудирлари ва бошқарма бошлиқлари маҳаллалаларга бириктирилди.

Хулоса

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозимлигини сезиш мумкин. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳар бир оила билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, уларнинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиш, зарурат туғилганда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш ҳам кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш