Тараққиётга ғов бўлган тўсиқлар бартараф этилади

Чорвачиликни ривожлантириш аҳолининг даромадини оширибгина қолмай, гўшт маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга ҳам хизмат қилади. Юртимизда чорвачиликка доир тўпланган тажрибалар, қўлга киритилган ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам оз эмас.

Зеро, бугунги давр чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳага замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли, арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш каби масалаларни кун тартибига қўймоқда. Чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам соҳа тараққиётини белгиловчи омиллардан ҳисобланади.

Жорий йилнинг 29 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида соҳани ривожлантиришга доир қатор янгиликлар, имтиёзлар белгиланиб, мутасаддилар зиммасига долзарб вазифалар юкланди. Мазкур қарордаги энг муҳим янгиликлар нималардан иборат, чорвачилик соҳасида қандай ўзгаришлар юз беради, гўшт нархини пасайтириш масаласига ечим топиладими? Шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бош мутахассиси Давлат Жўраевга мурожаат қилдик.

Аҳоли хонадонларида чорва боқилаётган бўлса...

— Президентимизнинг мазкур қарори билан соҳадаги қатор муаммоларни бартараф этиш мақсадида Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши ташкил этилиб, унинг устувор вазифалари аниқ белгилаб берилди. Бу — соҳа ривожи учун жуда катта янгилик бўлди, — дейди Д.Жўраев. — Қолаверса, республикамиздаги чорва молларининг насли яхшиланиши ва маҳсулдорлигини ошириш борасида муҳим ҳуқуқий асос яралди. Шу билан бир қаторда, бозорни гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда тухум билан таъминлаш, нархларни барқарор ушлаб туришга замин яратилди. Қарорда белгиланган яна бир янгилик — чорвачиликни ривожлантириш ва гўшт, сут ҳамда бошқа чорвачилик маҳсулотларининг ҳажмини ошириш учун Осиё тараққиёт банкидан150,0 миллион АҚШ доллари мақсадли маблағлар жалб қилиниб, саноат усулида чорвачилик маҳсулотлари етиштириш кенгайтирилади. Бу нима дегани? Биринчи навбатда, янги ишчи ўринлари яратилади, демакдир. Саноат усулида чорва молларини парваришлашнинг ортиши аҳоли хонадонларидаги чорва молларининг зотини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик ҳам ривожланади

Гўшт маҳсулотларига бўлган талабни қондиришда нафақат чорва молларини кўпайтириш, балки халқ дастурхонини парранда, балиқ ва қуён гўшти каби маҳсулотлар билан тўлдиришнинг ҳам аҳамияти катта. Эндиликда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам қатор имтиёзлар белгиланди. Шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этиш белгиланди.

Жамғарма томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.

Субсидия кимлар учун ва қай тартибда ажратилади?

Қарорда чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини субсидия бериш орқали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, субсидия етиштирилган тайёр маҳсулотлар ҳажмига мувофиқ равишда берилади. 2020-2022 йилларда республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида, хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга эса интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида, юртимизга импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида давлат томонидан субсидия ажратилиш белгиланди.

Шундай имтиёз «Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликлари учун ҳам тақдим этилди.

Озуқа базаси билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади

Чорвачиликни ривожлантиришда озуқа базасини яратиш энг муҳим омил ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда чорва озуқасига бўлган талаб 120 миллион тоннани ташкил этади, аммо ўтган йилда атиги 47 миллион тонна озуқа ишлаб чиқарилиб, эҳтиёж 40 фоизга қондирилган. Чорва учун озуқа навли буғдойдан гектарига 100 центнергача ҳосил олиш мумкин. Бироқ жойларда озуқа-емга бўлган дефицитни қоплаш чораларини кўриш ўрнига озуқабоп экин ерларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳоллари учраётгани, афсуски, сир эмас.

Шу боис Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига қатъий вазифалар топширилди. Улар 2020 йилда яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни озуқабоп экинларни етиштириш учун чорвачилик хўжаликларига ажратиб беришни таъминлайдилар. Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари экин майдонининг 10 фоизига беда экиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори чорвачилик соҳасини жадал ривожлантириш, халқимизга сифатли ва ҳамёнбоп нархлардаги гўшт маҳсулотларини етказиб беришда янги даврни бошлаб берди.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш