Олис маҳаллалар мутасаддилар эътиборидан ҳам «олисда»ми?

Самарқанд вилоятининг энг олис ва чекка тумани бўлмиш Пахтачида ҳозир 59 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатади. Маълумотларга қараганда, мазкур йиғинларнинг 23 таси ўз биносига эга эмас. Улар турли ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотларнинг биносида ижарада фаолият кўрсатмоқда.

«...Қоровулхона бўлса-да, хонамиз иссиқ, шароитлари ёмон эмас...»

Жумладан, «Тўғолон» маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари шу ҳудуддаги 3-умумтаълим мактаби филиалининг қоровулхонасида ишлаяптилар.

— Қоровулхона бўлса-да, хонамиз иссиқ, шароитлари яхши, — дейди йиғин раиси Қаҳрамон Тўраев. — Энди бу, албатта, вақтинча. Биномиз йўқлиги ҳақида туман мутасаддилари яхши билишади. Яқин йиллар ичида янги бино қуриб беришса, ажаб эмас.

Йиғин ҳудудида 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Одамларни йиллар давомида қийнаб келаётган долзарб муаммолардан яна бири йиғин ҳудудидаги қарийб 2 километр келадиган ички йўлнинг мутлақо яроқсизлиги, қишда лой-балчиқ, ёзда эса тизза бўйи тупроқ билан қопланиб ётишидир.

— Яқинда маҳалла фаоллари ёрдами билан кўчамизга тош-шағал ётқизган эдик, — дея сўзида давом этади Қ.Тўраев. — Аммо, афсуски, кейинги кунлардаги ёғингарчиликлар туфайли шағал лойга сингиб, аралашиб кетди. Натижада кўча аввалгидан ҳам баттарроқ ҳолга келиб қолди. Кўчамизни таъмирлаш ва маҳаллага янги бино қуришни туман раҳбарлари 2021-2022 йилларда ишлаб чиқиладиган дастурлар, «Йўл харитаси»га киритишни ваъда беришяпти. Насиб қилса, аҳволимиз яхши томонга ўзгариб қолар.

Тумандаги биносиз маҳаллалар ҳақида гап кетганда, фуқаролардан бирининг уйида фаолият юритаётган «Тараққиёт» ва «Истиқбол» йиғинлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Номлари ҳавас қилгулик даражада жарангдор бўлган мазкур маҳаллаларнинг шароити «Тўғолон»никидан ҳам ночорроқ.

Масъуллар нима дейди?

Хўш, мазкур биносиз йиғинларнинг келгусида тақдири нима бўлади? Улар учун қачон муносиб шароит яратилади? Аҳолини қийнаётган ички йўллар қачон таъмирланади? Шу саволлар билан Пахтачи тумани ҳокимининг қурилиш масаласи бўйича ўринбосари Шуҳрат Мусурмоновга боғландик.

— Айни пайтда туман бўйича қарийб 700 километрга яқин ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, — дейди Ш.Мусурмонов. — Йиллар давомида тўпланиб қолган бу муаммони, афсуски, 1-2 йилда ечиб бўлмайди. Чунки уларнинг ечими, асосан, маблағ билан боғлиқ. Шу боис келгуси икки йил мобайнида маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағи ҳисобидан шундай йўлларни таъмирлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Аммо бу дегани, келгусида барча кўчалар асфальтланади дегани эмас. Аксариятига ҳозирча тош-шағал ётқизилади.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йили туманда 2-3 тадан маҳалланинг янги бинолари қурилиб, фойдаланишга топшириляпти. «Тўғолон» йиғини сиз айтганингиздек қоровулхонада эмас, балки 3-умумтаълим мактаби филиалининг ёрдамчи биносида жойлашган. Тўғри, бино эски, аммо вақтинча фойдаланиш мумкин. Ҳозирча мазкур йиғин учун янги бино қуриш режамизда йўқ. Аммо имконият туғилиши билан йиғин ходимларини бошқа яхшироқ манзилга кўчирмоқчимиз. Келгусида бу каби йиғинлар учун ҳам алоҳида бино қуриб берилади.

Яроқсиз йўл масаласи биргина «Тўғолон» маҳалласида эмас, балки тумандаги бошқа қатор йиғинларда ҳам долзарблигича қолмоқда.

«Муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳам ҳал қилса бўларди»

Сўнгсўз ўрнида шуни айтиш жоизки, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов туманларда ўтказаётган сайёр қабулини жорий йилда айнан Пахтачи туманидан бошлади. Қарийб етти соат давом этган сайёр қабулда 496 нафар фуқаронинг мурожаати рўйхатга олиниб, уларнинг ечими юзасидан масъулларга тегишли вазифалар берилди.

— Бугунги сайёр қабул жойларда хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш масаласи кейинги пайтда ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатди, — деди вилоят раҳбари. — Чунки аксарият аҳоли маиший ва оилавий муаммолар бўйича мурожаат қилишди. Ахир, бундай муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳам ҳал қилса бўларди.

Дарҳақиқат, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти айнан маҳаллий раҳбарларнинг салоҳияти, иқтидори, интилувчанлигига боғлиқ. Қаерда масъуллар фидойи бўлса, юзага келаётган муаммолар ўша ернинг ўзидаёқ, албатта, ижобий ечимини топади.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш