Ишсизлик барҳам топмаса...

Тасаввур қилинг: ҳаво ҳарорати минус ўттизни кўрсатиб турибди. 13-қаватнинг очиқ майдонида мазутни эритиш учун суюлтирилган газ баллонига уланган горелкани тутиб турибсиз. Горелка учидаги олов афсонавий аждарнинг ҳамласини ёдга солади ва музлаб ётган мазутни сувдай суюлтиради. Аммо унинг тафти бармоқларингиз учига ҳам етиб келмай, совуқ ҳавога сингиб кетади. Шу зайлда 8-9 соат ишлайсиз.

Энди ана шундай жисмоний машаққатларга оила соғинчи, уч-тўрт сўмни деб сизни сотиб юборишга шай турган «дўст»ларни, бир зум тин олсанг, пешонангга «ишёқмас» тамғасини босадиган бригада бошлиғининг зуғумини ҳам қўшинг! Бундай азобли туйғуни муҳожирлик нонини тотиб кўрганлар яхши билади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, 2019 йилда Россияда қийин аҳволга тушиб қолган 3 минг 323 нафар фуқаро давлат ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келинган. Аянчлиси, ўтган йил давомида 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади юртимизга қайтарилган. Айниқса, жорий йилнинг 21 январь куни Россиянинг Томск областидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ўн бир нафар юртдошимиз ҳалок бўлгани барчамизни қайғуга солди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: қачон чет давлатларга ишлаш учун кетган юртдошларимизнинг хавфсизлиги тўла таъминланади?

Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёш кириб келади

— Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги фармони соҳада қатор қулайликларни яратди, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов. — Жумладан, вақтинчалик меҳнат қилиш учун хорижга жўнаб кетадиган фуқароларимиз харажатларини қоплаши учун имтиёзли микроқарз олиш имконияти яратилди. Шунингдек, хорижда ишлаш даврида ҳаёти, соғлиғи, ишлаш учун рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг рад этилиши таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта полиси тўлови билан боғлиқ харажатларни субсидиялаш амалиётга жорий этилди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш орқали ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишларга замин яратилди.

Ҳар йили республикамиз меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёш кириб келяпти. Бундай вазиятда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган амалий тадбирлар кўрилаётганига қарамай, ташқи меҳнат миграциясига тўла барҳам бериш осон эмас. Шу боис меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш учун хорижнинг ваколатли ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш талаб этилади. Ана шу мақсадда агентлик тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий давлатларнинг ташқи меҳнат бозоридаги эҳтиёжларини доимий ўрганиб боради.

Масалан, бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия, Польша, Туркия, Латвия, БАА, Болгария, Қозоғистон, Кувайт давлатларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган тартибда меҳнат фаолияти билан таъминлаш билан шуғулланувчи 60 та иш берувчи ва бандлик агентликлари билан аниқ келишувлари мавжуд. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари томонидан 2019 йилда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 20 минг 934 нафарига маслаҳат хизмати ва 830 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Қолаверса, уларга 578 минг 564 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари хорижий иш берувчилардан ундириб берилган.

Касб ва тил билмаслик муаммоларни кўпайтиряпти

Меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлаш учун бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани қувонарли, албатта. Лекин бу чора-тадбирлар қачон тўла ижобий натижа кўрсатади?

— 2019 йилда 4 минг 500 нафар фуқаро Россияга ишлашга ташкилий равишда жўнатилди, — дейди Б.Турсунов. — Ўзлари мустақил равишда Россияга кетаётганлар билан солиштирсак, албатта, бу жуда кам. Лекин ўзлари таваккал қилиб, бировнинг таклифига кўра ёхуд қаердандир хабар топиб ишга кетганлар сони жуда катта миқдорни ташкил этади. Айни пайтда ташкилий тартибда ишга жўнатиладиган фуқароларнинг сонини кўпайтириш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз.

Бироқ бунда қатор қийинчиликларга дуч келаётганимиз ҳам бор гап. Масалан, бизга мурожаат қилган хорижлик иш берувчиларнинг ўзига хос талаблари бор ва бу табиий. Жумладан, ишга бораётган шахс ўша давлат тилини билиши, бирон касб-ҳунарни эгаллаган бўлиши лозим. Айрим ҳолатларда ёшга ҳам чеклов қўйилади. Айни масалага бу фақат юртдошларимизнинг муаммоси, деб жим қараб бўлмайди. Шу боис ҳар битта вилоятда тил ва касбга ўргатиш марказлари фаолияти ривожлантирилмоқда.

Умуман олганда, меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифамиз ҳисобланади. Юрт раҳбари ҳам, юртдошларимиз ҳам ҳақли равишда биздан айнан шуни талаб қиляпти. Аммо бунинг учун ҳар икки томон — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам, хорижга ишга кетган ёки йўл тараддудида бўлган юртдошларимиз ҳам, том маънода, бир-бирини тушуниб иш тутиши керак.

Агар юртимизда муносиб иш ўринлари яратилса, ҳеч ким уйи, оиласидан олисга кетиб иш изламайди. Шу боис Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши лозимлиги, жорий йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратишни таъминлаши зарурлигини қайд этди. «...Ҳар бир тармоқ, соҳа, вилоят ва туманда яратилган тадбиркорлик субъектлари ва янги иш ўринлари ана шу тузилмалар раҳбарлари фаолиятини баҳолашда энг асосий мезон бўлади», дея алоҳида таъкидлади. Демак, юрт раҳбарининг ушбу кўрсатмаси тез орада ҳаётимизда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, албатта.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш