Ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса, жиноятга ўрин қолмайди

Бахт, бу — оила аъзоларинг билан соғ-саломатликда бир дастурхон атрофида жам бўлишинг. Аммо биз ҳар доим ҳам бу неъматнинг қадрига етмаймиз, қадрини англамаймиз. Нега? Чунки юртимиз тинч, маҳаллаларимиз йилдан-йилга жиноятдан холи бўлиб бормоқда. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Унинг ортида минглаб маҳалла фаоллари ва ички ишлар органлари ходимларининг, қўйингки, барча соҳа вакилларининг катта меҳнати бор.

Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, маҳаллаларимиз орасида жиноятчилик сони ортганлари ҳам йўқ эмас. Хўш, асл ҳолат қандай? Чиндан ҳам, вазият йилдан-йилга яхшиланмоқдами? Ёки жойларда ҳали-ҳануз ҳисоботларга тикиб қўйиш учунгина ишланяптими? Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида бу саволларга ойдинлик киритилмоқда. Аслида тизим раҳбарининг бундай ўрганиш олиб бориши соҳа ходимларини сергакликка чорлайди, вазифаларга масъулият билан ёндашишга ундайди. Бу, ўз навбатида, ҳудудлардаги ижтимоий муҳит барқарорлашувига хизмат қилади.

Бухорода вазият қандай?

Ишчи гуруҳи аъзолари дастлаб Бухоро вилоятидаги ҳолат билан яқиндан танишди. Маълум бўлишича, ўтган йили вилоятда содир этилган жиноятлар сони 8,5 фоизга камайган. Ҳудуддаги 179 та маҳаллада эса умуман жиноят содир этилмаган. 170 та маҳаллада жиноят кўрсаткичи камайишига эришилган.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ўтган йилдан бошлаб Бухорода хотин-қизлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида янги тизим — «Бухоро тажрибаси» қўлланила бошланди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Аҳрор Ғуломов. — Тажриба асосида хотин-қизлар қўмиталари аъзолари, маҳалла фаоллари, аёллар билан иш олиб борувчи профилактика инспекторлари, мутахассис-психологлар ўзаро ҳамкорликда ишламоқда. Бу билан чекланиб қолинмайди, албатта. Аёллар ҳуқуқбузарлиги ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни олиб боришда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтирамиз.

Ишчи гуруҳи вакиллари бу борада хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш учун вилоятда ҳимоя ордерларини юритиш, тегишли ташкилотлар ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинуви тизими яратилиши керак, деган таклифни илгари суришди. Шунигдек, Ғиждувон туманидаги «Чоғдари» маҳалласи ҳудудий профилактика инспектори, лейтенант У.Бўриевга рағбат тариқасида «катта лейтенант» унвони берилди.

Маҳаллалардаги аҳвол қандай?

Афсуски, вилоятнинг айрим ҳудудларида ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги тизимли олиб борилмаган. Хусусан, вилоятнинг 109 та маҳалласида жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан ошган. Чунончи, «Ашрафий», «Шайҳон», «С.Айний», «Работиқалмоқ», «Шарқ», «Помўза», «Афросиёб», «Зарафшон» ва «Дўстлик» маҳаллаларида вазият оғирлашган.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар таҳлил қилинганда, Қоракўл туманида қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик, ўғирлик, ўлим билан якун топган йўл-транспорт ҳодисалари, безорилик каби жиноятлар сони ошгани, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл, Жондор ва Пешкў туманларида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан кўпайгани ойдинлашди.

Тўғри, иш бор жойда хато бўлади. Аммо бу вазифаларга масъулиятсиз ёндашиш мумкинлигини англатмайди. Хатонинг ўз вақтида тузатилмаслиги эса кейингилари учун замин яратади. Айни шу жиҳат эътиборга олиниб, хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган ички ишлар бўлимлари ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Навоийда нима гап?

Навоий вилояти ўрганилганда, ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам сув юзига қалқиб чиқди. Дастлаб жорий этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган пробация хизмати фаолияти таҳлил этилди. Очиғини айтиш керак, ҳудудда ўтган йил давомида жиноят содир этиб, пробация ҳисобида турган шахслар билан олиб борилган ишлар натижасида ҳудуднинг криминоген вазияти яхшиланиб, жиноят содир этишга мойил шахсларни тўғри йўлга йўналтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Қувонарлиси, вилоятнинг ҳар учинчи маҳалласида жиноят юз бермаган. Вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноят турлари камайган. Бунга маҳаллаларда 4 та сектор раҳбари томонидан 1 010 та жиноят бўйича ўтказилган муҳокамалар таъсирчанлиги замин яратган.

307 та маҳалла нега жиноятдан холи бўла олмади?

Таассуфки, баъзи маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлиги бузилган. Жиноятчиликни жиловлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида масъул идораларнинг ҳамкорликдаги камчиликлар сабаб 307 та маҳаллада содир этилган ҳар еттинчи жиноят «Меъмор», «Ким­ёгар», «Хончорбоғ», «М.Баҳром», «Шибзон», «Навбаҳор», «Дамариқ» ва «Бешработ» маҳаллалари ҳиссасига тўғри келган.

Хўш, бу маҳаллаларда вазиятни ўнглаш учун нима қилмоқ керак? Аввало, ҳудудларда жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилган «Жамоатчилик назорати масканлари» фаолиятини тизимли йўлга қўйиш лозим. Тўғри, масканлар фаолияти йўлга қўйилди, дегани маҳаллада жиноят содир этилмаслигини кафолатламайди. Бу тажриба самарадорлиги унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш ва юритишга ҳам боғлиқ. Ўйлаймизки, масъуллар айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишади.

— Аёл — жамиятнинг гултожи, оиладаги муҳитнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ, — дейди Навоий шаҳар 2-ички ишлар бўлими Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори Сарвиноз Душанова. — Бугун хотин-қизлар ўртасида жиноятлар, ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар, ажралишлар, ўз жонига қасд қилиш каби иллатларнинг содир этилаётгани афсусланарлидир. Уларнинг олдини олиш борасида ҳудудимиздаги 7 та маҳаллада тизимли ишлар олиб боряпмиз. Хотин-қизлар ўртасида 2018 йил 125 та жиноят содир этилган бўлса, 2019 йилда бундай ҳолатларни 79 тага камайтиришга эришилди.

Ўз хизмат бурчини сидқидилдан адо этиб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди. Уларнинг ота-оналарига ташаккурнома тақдим этилди.

Ишчи гуруҳи қандай таклифларни ўртага ташлади?

Эндиликда ҳар ойда туман-шаҳар сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудида криминоген вазияти оғир, энг кўп жиноят содир этилаётган маҳаллалар аниқланиб, келгусида уларнинг жиноятчиликни жиловлаш борасидаги режалари бўйича ҳисоботи вилоят сектор раҳбарлари ҳузурида муҳокама қилиш тартиби жорий этилади. Ҳар ойда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Демак, йўналишда эришилган ютуқлар қаторида ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Уларни тез ва самарали ҳал этиш мумкинми? Албатта, мумкин. Бунинг учун ҳудудларда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бироз масъулият ҳис этилса, вазифаларга сидқидилдан киришилса, ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса, кифоя.

«Mahalla» мухбири

Садоқат МАХСУМОВА

Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрлади.

Изоҳ 2

Изоҳ қолдириш