Стипендия тўлашнинг янги тартиби: кимга фойдаю кимга зарар?

Сўнгги кунларда баҳс-мунозарага сабаб бўлган мавзулар орасида талабалар стипендияси масаласи кўпчиликнинг эътиборини тортди, албатта. Унинг атрофида турли фикрлар янгради: «Талабаларга тўланган стипендиялар қайта ҳисобланаркан», «Аксарият талабалар стипендиясиз тизимни танлаган эди, улар нима қилишади?», «3» баҳога ёпганларга қийин бўлди, улардан стипендияларини қайтариб олишаркан», «Аълочилар дўпписини осмонга отсин, қайта ҳисоб-китобда уларга пул тўланармиш...»

Хуллас, турли деди-дедию шахсий қарашлар «болалади». Хўш, ўзи нима гап? Ростдан, талабаларга стипендия тўлаш тартиби ўзгардими? Шундай бўлса, унинг тартиб-тамойиллари қандай?

Стипендия тўлаш тартиби ўзгаргани ростми?

Ҳа, ўзгарди. Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳада бир нечта янгиликлар жорий этилди.

Қарор билан 2020 йил 1 февралдан бошлаб давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминланиши қайд этилди.

Тоифаланган стипендиялар «қайтди»ми?

Таъкидлаш жоизки, аввал амалда бўлган ўзлаштириш кўрсаткичига қараб белгиланадиган стипендия тўлов тизими амалиётга қайтмади. Аммо ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига эга талабалар стипендияси базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилди. Бу аълочилар бошқаларга нисбатан кўпроқ стипендия олишини англатади.

Фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётганларга навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинланмайди. Бу тартиб ҳам 2019-2020 ўқув йилида ўқишни тамомлайдиган талабаларга нисбатан қўлланилмайди.

Тўлов-контракт асосида таълим олаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга стипендия тўловлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади. Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларни белгиланган стипендияларга нисбатан Жамғарма ҳисобига қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантириш кўзда тутилган.

Стипендия бўйича тафовут қайтариладими?

Кўпчиликни қизиқтирган ва қийнаган савол айнан шу бўлди. Хўш, талабалар билан ҳисоб-китоб қилинадими? Бу қандай амалга оширилади?

— Талабаларга 10 февралдан стипендиялар бўйича тафовутни тўлаш амалга оширилади, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов. — Бу жараён бироз вақт талаб қилади. Шунинг учун узоғи билан 15 февралга қадар барча талабалар билан ҳисоб-китоб тўлиқ амалга оширилади. Шу билан параллел равишда 20 февралга қадар февраль ойи учун стипендиялар ҳам тўлаб борилади. Агарда қайсидир ОТМда январь ойида сессиялар якунланган бўлса, мазкур ойдан бошлаб, уларга янги тартибдаги стипендия тўланади.

Грантлар қайта ҳисоб-китоб қилинадими?

Нима учун айнан грант асосида таълим олаётган талабалар билан қайта ҳисоб-китоб қилинади?

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги қарори билан талабаларга стипендияли ва стипендиясиз таълим олиш имкони яратилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўлов-контракт қийматини белгилаш ваколати Молия вазирлигига берилди.

Белгиланган контракт қийматида тўланадиган стипендия миқдори 6 ой учун ҳар ойда 400 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўм этиб базага киритилган. Шунда талаба 6 ой давомида ўзи учун белгиланган 400 минг сўмни қайтариб олади ва унга қўшимча пул берилмайди. Грант асосида ўқиётган талабаларга компенсация тўланишининг асосий сабаби — уларнинг таълим олишлари учун харажатлар давлат томонидан қопланишидадир.

Имтиёзлар ҳам бор

Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз кўпроқ стипендия тайинланади. Шунингдек, бундай вазиятда давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга базавий стипендия миқдорида тўлов тайинланади.

Стипендия комиссияси нима билан шуғулланади?

Энди ОТМларда талабаларга стипендия тайинлаш учун ҳар бир ўқув йилида ўқув ишлари бўйича проректор раислигида стипендия комиссияси ташкил этилади. Комиссия тавсия этган талабалар рўйхати ОТМ ректори буйруғи билан тасдиқланади. Бюджетда ўқиётган, ўқув семестри учун узрсиз сабабларга кўра, академик қарзи бўлган ОТМ талабаси кейинги ўқув семестрининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ўқув режаси асосида амалга оширилган малака амалиёти даврида талабанинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади. Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Аслида стипендиянинг паст ёки баланд бўлиши талабани билимли ёхуд билимсиз қилиб қўймайди. Боиси баҳолар ҳамиша нисбий қўйилган ва унинг «аъло» ёки «қониқарсиз» бўлиши ишга жойлашишда роль ўйнамайди. Бироқ ҳар қандай соҳа ва даражада кишини руҳлантирувчи, уни маълум марраларга ундовчи мотивацион восита бўлгани яхши. Янги қарорда бу жиҳатга эътибор қаратилгани эса қувонарли. 

Навбатдан ташқари имтиёз кимлар учун берилди?

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналари орқали ўқишни кўчириш истагидаги фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сонли баёни билан қўшни давлатлар (Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон)даги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишини республикамиз олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ариза қабул қилишга рухсат берилди.

Унга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўқишини кўчириш истагини билдирган ва ўқиши кўчирилишга рухсат берилган фуқароларга ўқиётган хорижий олий таълим муассасаларида тегишли ҳужжатларни олиш билан боғлиқ юзага келадиган муаммоларни бартараф этишда мамлакатимизнинг қўшни давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналари орқали амалий ёрдам кўрсатилади.

Садоқат МАХСУМОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш