«Тез тиббий ёрдам» эндиликда ҳақиқатда тез ёрдам кўрсатади...(ми?)

Яқинингиз — отангиз, онангиз, турмуш ўртоғингиз, фарзандингиз, жигарингиз тоби қочиб, тана ҳарорати кўтарилади, артериал қон босими ошади, юрак хуружи тутади ва ҳоказо. Жон талвасасида ётган беморга шошилинч ёрдам зарур. Осмон йироқ, ер қаттиқ. Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Бундай вазиятда энг яхшиси — тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ. Техника асрининг имкониятини қарангки, мобил телефондан «103» рақамига қўнғироқ қилсангиз, жонга оро кирувчи шифокор хизматидан баҳраманд бўласиз.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш соҳасининг тез тиббий ёрдам тизимида хуш-нохуш якунланаётган бундай воқеалар тез-тез кузатилади. Ушбу тизимни такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган қатор камчиликлар борлиги ҳам сир эмас.

Жумладан, мурожаатларни саралашнинг амалдаги тартиби мавжуд куч ва воситаларни энг муҳим чақирувларга хизмат кўрсатиш учун йўналтириш имконини бермайди. Асоссиз чақирувлар сони ошгани боис автоҳалокат, куйиш, тўлғоқ, чўкиб кетиш сингари фавқулодда ҳодисаларда маълум қилинган манзилга зудлик билан етиб борилмайди. Ушбу хизмат турини жадал ривожлантириш, унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, тезкор, технологик ва самарали фаолият кўрсатишга эришиш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Қарор ижроси таъминланяпти...(ми?)

Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида тизимда тўпланиб қолган юқоридаги каби муаммолар нафақат кўрсатиб берилди, балки уларни ҳал этиш механизмлари ҳам белгиланди.

— Таҳлилларга кўра, 2016 йилга қадар тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақириққа кечикиб бориши 25-30 дақиқадан ортиқни кўрсатиб, бу келиб тушган мурожаатларнинг 15-18 фоизини ташкил қилган, — дейди вазирликнинг Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Мўминов. — Хизмат машиналарининг маънан эскиргани, улар етарли даражада дори воситалари ва тиббий анжомлар билан жиҳозланмагани ҳам бунга сабаб бўлган. Бу муаммоларни бартараф этиш учун 2017-2019 йилларда тизимга жами 1 минг 584 та замонавий автомобиль ажратилди. Бундан ташқари, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилди. Натижада 844 та қишлоқ оилавий поликлиникасида тез тиббий ёрдам таянч пункти ташкил этилиб, уларнинг хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 8-12 километргача қисқарди. Эндиликда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда.

Масъулларнинг қайд этишича, айни пайтда тез ёрдам автопаркини янада замонавийлаштириш ишлари тизимли давом эттирилмоқда. 2021 йилгача «Damas» автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андозалар даражасида жиҳозланган «Nissan», «Hunday», «Toyota» русумли замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. Барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизими тўлиқ йўлга қўйилади.

Эндиликда тез тиббий ёрдам машиналари ҳаракатланадиган йўлларни таъмирлаш, кўчаларни номлаш, уйларни рақамлаштириш борасида маҳаллий ҳокимликлардан ҳам жонбозлик талаб этилади.

Бодикамера нима учун зарур?

Аниқ, шаффоф, қулай ва тезкор ишлайдиган техник воситалар кўпроқ тиббиёт соҳасига татбиқ этилмоқда. Тошкент шаҳар «Тез тиббий ёрдам» станциясида тиббиёт ходимларини бодикамера билан таъминлашнинг тиббий-ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш бўйича тажриба-синов ишлари ўтказилмоқда.

Бу бир томондан, тиббий хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бемор ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, тиббий хизмат сифатини янада оширишга ижобий таъсир кўрсатса, бошқа томондан, тиббиёт ходимларининг турли таҳдид ва тажовузларга учраши эҳтимолининг олдини олишга хизмат қилади.

— Станциямизда 179 та тез тиббий ёрдам бригадаси мавжуд бўлиб, шундан 10 тасида бодикамеранинг ишлаш тизими ўрганилди, — дейди станция бош шифокори ўринбосари Илҳом Аслонов. — Уни муайян манзилга бораётган шифокор ишлатади. Бемор билан суҳбат, унга кўрсатилган муолажа тури, қолаверса, тиббиёт ходимларининг таҳдид ва тажовузга учраши бу технология серверида муҳрланади. Бодикамера тасвири фақат маъмурият рухсати билангина очиб кўрилиши мумкин. Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 2500-3000 та чақириқ бўлса, биз бу жараёнларнинг барчасини тўлиқ бодикамерага муҳрлаш имкониятига эгамиз. Аммо масаланинг ҳуқуқий-меъёрий томонлари чуқур ўрганиб бўлингандан сўнггина янги тизимга ўтишимиз мумкин.

Тизимдаги яна бир янгилик — «Саll марказ»ларининг ташкил этилгани билан боғлиқ. «Тез тиббий ёрдам» тизимида вақт жуда чегараланган. Қон босими ёки тана ҳароратини аниқлаш, белгиланган муолажани олиш, уйқусизлик, кўнгил беҳузурлиги каби ҳолатлар бўйича асоссиз чақириққа дуч келиш шифокорнинг чегараланган вақтдан унумли фойдалана олмаслигига шарт-шароит яратиб қўймоқда. Чақириқ ҳеч қачон режалаштирилмайди. Истаймизми-йўқми, асоссиз чақириқ турли шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тез тиббий ёрдам ходимларининг воқеа жойига етиб боришини анча кечиктиради.

Эндиликда чақириқ «Саll марказ»лари орқали автоматик равишда бемор манзилига яқин жойдаги тез тиббий ёрдам ходимлари планшетига узатилади. Бунда геолакация орқали манзилга қисқа фурсатда етиб бориш мумкин бўлади. Айтиш керакки, шу пайтгача чақириқни қабул қилиш учун 3-4 ходим овора бўлар, манзилни аниқлашнинг ўзи ҳам анча вақтни оларди.

Бундан ташқари, санитар авиация хизмати учун замонавий вертолётлар харид қилиниши режалаштирилган. Бу хизмат туридан фойдаланиш тартиби тасдиқланиб, санитар вертолётни тиббий анжомлар билан жиҳозлаш спецификацияси ишлаб чиқилди.

*  *  *

Катта кўчада елдек учиб кетаётган «Тез тиббий ёрдам» автомашинасига кўзингиз тушди. Кўнглингиздан ўтгани — кимдир тиббий кўмакка муҳтож. Ҳар бир дақиқани олтинга тенг кўриб, зудлик билан манзилга етиб борган шифокор бемор учун нажоткорга айланади. Зеро, «Тез тиббий ёрдам» хизматидан миллионлаб юртдошларимизнинг мамнун бўлиши улар хизматига берилган юксак баҳодир.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА

 «Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш