«Орзу» маҳалласи иш услубини амалиётга кенг татбиқ этиш зарур

Хабарингиз бўлса бундан қарийб уч йил олдин, яъни Президентимизнинг 2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Наманган шаҳрининг «Орзу» маҳалласи иш тажрибаси кўрсатилган эди. Шундан сўнг мазкур тажрибани республикамизнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этиш бўйича семинар машғулотлари ўтказилиб, бир қатор ижобий тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш борасида маҳаллаларда мутасадди раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар ва учрашувлар ташкил этилиб, фуқароларнинг муаммо ва қонунбузилишларнинг сабабларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор қилиш, уларнинг огоҳлигини кучайтириш, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида маҳаллаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни сайёр судларда кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳокимликлар, таълим муассасалари ҳамда фуқаролик институтлари билан ҳамкорликда таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, қонунга итоаткорлик, қонун бузилишининг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаётир.

Ўтказилган тажрибалар натижасида биргина 2019 йилнинг ўзида республикадаги 3074 та маҳаллада умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 2856 тасида ёки 31,3 фоизида жиноятлар камайишига эришилди.

Профилактика ишлари кучайтирилади

Мазкур тадбирларни янада кучайтириш ва тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида Наманган шаҳрининг «Орзу» маҳалласи иш услуби бўйича ҳар бир маҳалланинг чизма харитасини ишлаб чиқиб, йиғинга тегишли бўлган демографик маълумотларни жамлаш керак. Шунингдек, маҳалла ҳудудида иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллада яшовчи аҳоли ва оилалар сонидан келиб чиққан ҳолда ички ишлар органлари, маҳалла ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчилар билан профилактик ишларни кучайтириш лозим. Бунинг учун ҳисобда турувчиларни тоифаларга ажратиб, рўйхатларни қайтадан шакллантириш зарур.

Хўш, ҳисобда турувчилар қандай тоифаланади? Масалан, илгари судланганлар, айблов ҳукми қонуний кучга кирган, ЖПКнинг 84-моддасига мувофиқ айбдорлик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан туриб ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган ёхуд реабилитация қилинмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор чиқарилганлар, ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган жиноят содир этишда айбланувчилар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27 та моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганлар, Пробация хизмати ҳисобида турувчилар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар, ахлоқ-одоб доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлар ҳамда нотинч оилалар ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига кирувчи тоифалар ҳисобланади.

Маҳалла фуқаролар йиғинининг ички рўйхат ҳисобида турувчиларга эса ишсизлар, кам таъминланганлар, ёлғиз яшовчилар, ногиронлар ва бошқа тоифадагилар киради. Сурункали равишда спиртли ичимлик ичувчилар, гиёҳвандлар ва тажовузкор руҳий касаллар Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчилар ҳисобланади.

Тажрибадан мақсад нима?

Мазкур тажрибадан асосий мақсад – хонадонма-хонадон юриш орқали аҳолининг барча муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш учун тегишли чора-тадбирлар белгилаш ва белгиланган тадбирларни тизимли ташкил этишдан иборатдир.

«Орзу» маҳалласи иш услубининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ички ишлар органлари, маҳалла ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи ҳар бир шахсга халқ таълими бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар, «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман бўлимлари, уй, кўча бошчилари, намунали оилалар вакиллари ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат мураббийлар бириктирилади. Бириктирилган мураббийлар ҳар ой якунида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллаларда йиғилишлар ўтказиб, амалга оширилаётган ишлар сарҳисобини олиб боради.

Мазкур тизим асосида ички ишлар органларининг профилактик ҳисоб тоифаларида турмайдиган, лекин узоқ муддат давом этиб келаётган оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоли оилалар, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган оилалар, эр-хотиндан бири узоқ муддатга бошқа давлатга ишлаш мақсадида чиқиб кетган оилалар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан манзилли ишлар ташкил этилиши натижасида маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит соғломлаштирилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу тажриба иш услубини янада такомиллаштириш, барча фуқаролар йиғинларида тизимли жорий этиш зарур.

Даврон АЗИЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲПББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш