Ер олишдаги саргардонликларга барҳам берилади

Бундан ўн беш йилча аввал маҳалламиздаги фермер хўжалиги раҳбари аҳолига уй-жой қуриш, томорқа учун ер сотди. Шу боис кўп ўтмай маҳалламизга туташ ҳудудда янги қишлоқ пайдо бўлди. Бироқ маълум муддат ўтгач, ер ноқонуний сотилгани тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Ҳатто қурилган уйларни бузиб, ерни қайтариб бериш ҳақида огоҳлантириш хати ҳам келди. Шу йўсин бу борадаги миш-мишлар яна авж олди.

Кимдир қаердадир «катта» таниши борлигини, у масалани осонгина ҳал қилиб беришини айтса, бошқаси мевали дарахтлару уйлар ўрнини пахтазорга бўшатиб бериш ҳақида башорат қиларди. Ана шундай мураккаб вазиятда Президентимиз бу масалага оқилона ечим кўрсатди. Ноқонуний эгаллаб олинган ерлар аҳолига бериладиган бўлди. Ўшанда бу янгиликдан маҳалладошларимиз қатори кўплаб юртдошларимиз қувонгани ҳам бор гап. Чунки бундай ҳолат юртимизнинг барча ҳудудларига бегона эмас эди. Оқилона ечим билан халқ маълум вақт сарсон бўлганини ҳисобга олмаса, жабр кўрмади.

Муаммони келтириб чиқарувчи ҳолатлар бартараф этилиши керак

Аммо икки орада ерни пуллаб кетганлар-чи?! Умуман, ер давлат мулки экан, уни ким сотишга ҳақли? Ҳокимларми? Инсон омили иштирок этган жойда қонун бузилмаслигига ким кафолат беради? Ачинарлиси, бундай қонунбузарликлар ҳамон тўла бартараф этилмаган. Жумладан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси маълумотларига кўра, биргина Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани бўйича 222 та дала контурида 226 та ҳолатда 28 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва 2 гектар жойда (7 фоиз) уй-жой ва бошқа қурилиш ишлари амалга оширилган.

— Юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президент томонидан 2019 йил 13 августда «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун имзоланди, — дейди Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси ўринбосари Тўлқин Абдуллаев. — Жорий йилнинг 1 март кунидан кучга кирадиган ушбу қонун соҳада туб бурилиш ясади. Унга кўра, энди ер участкаларини очиқ савдо орқали сотиб олиш имконияти яратилади. Содда қилиб тушунтирсак, фуқароларимиз ер сотиб олиш учун идорама-идора сарсон бўлмайди. Битта ҳужжатга имзо қўйдириш учун ҳокимлик биносида умри ўтмайдиган бўлди. Ҳозирги кунда ушбу амалиёт Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида қўллаб кўриляпти.

Қандай ерлар хусусийлаштириш объекти ҳисобланади?

Ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари деганда, биринчидан, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва ободонлаштириш учун берилган ер участкалари тушунилади. Иккинчидан, юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, учинчидан, бўш турган ер участкалари, тўртинчидан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари киради.

— Муҳим жиҳати шундаки, хусусийлаштириш доимий фойдаланиш ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш ҳамда ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш шакллари орқали амалга оширилади, — дейди Т.Абдуллаев. — Хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектлари бирлиги, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бажарилади. Шу ўринда энди маҳаллий давлат ҳокимияти ер сотишга аралашмайдими, деган савол туғилиши табиий. Тан олиш керак, ер сотишни улар иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Аммо бунда уларнинг иштироки фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларига зид амалларни бажаришга йўл қўймайди. Яъни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади. Лекин ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза туман (шаҳар) ҳокими номига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Туман (шаҳар) ҳокимлигидаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан, 10 иш куни ичида уни кўриб чиқиб, ижобий ёки салбий хулосасини тузади. Бу хулоса туман(шаҳар) ҳокимининг тегишли қарорини чиқаришга асос бўлади. Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахсга ўтганда мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади.

Хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов комиссиянинг ижобий хулосаси тўғрисида ёзма ёки электрон билдиришнома олинганидан кейин 10 иш кунида амалга оширилади. Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш кунида қабул қилинади. Бу қарор суддан ташқари тартибда қайта кўриб чиқилмайди.

Хусусийлаштирилган ер участкасини олиб қўйиш мумкинми?

Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объекти ҳисобланади. Ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади. Хусусий мулк амалдаги қонунлар талаби асосида давлат томонидан ҳимоя қилинади. Қонунда хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган.

Умуман олганда, ушбу қонун соҳадаги коррупцион ҳолатларга барҳам бериб, ер участкасини сотиб олиш истагидаги ҳар бир фуқарога тенг ҳуқуқий имконият яратиб беради. Демак, эндиликда бир вақтлардаги каби фермерлар ўзи истаган жойни ноқонуний тарзда сотиб юриш, оқибатда оддий аҳоли жабр кўриши каби ҳолатлар бўлмайди. Бунинг учун эса ҳар биримиз ушбу қонун билан яқиндан танишишимиз, унинг ижроси таъминланишида бирдек хизмат қилишимиз зарур.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш