Ҳар бир маҳалланинг «қулф-калити» бўлади

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 18 февралдаги тегишли фармони ва қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Янги тузилма жамиятимизда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлиқ жорий этилишини таъминлайди. Ўтган қисқа фурсат ичида айни жиҳатдан келиб чиқиб, жойларда қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилдики, бу, ўз навбатида, одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда янгича ёндашувлар асосида иш олиб бориш юксак самара беришини кўрсатди.

Хусусан, маҳалла бинолари ҳамда моддий-техника базаси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, фуқаролар йиғинлари комплексларининг Намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳалар асосида босқичма-босқич — жорий йилда 794 та, 2021 йилда 928 та, 2022 йилда эса 920 та йиғин бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғига кўра, Хоразм вилоятининг барча туманларида бўлиб, 150 дан ортиқ маҳаллаларда оилаларнинг муаммоларини ўргандик, уларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишдик, ижтимоий-маънавий муҳитга оид кўрсаткичларни таҳлил қилдик. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳақиқатда жойларда тизим жуда тарқоқ ва сусткаш ҳолга келиб қолган экан. Камбағал, нотинч, боқувчисини йўқотган, бир сўз билан айтганда, давлатнинг кўмагига муҳтож оилалар ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар билан ишлаш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Маҳалла раислари ўз вақтида мазкур муаммоларни давлат ва жамоат ташкилотларининг олдига қўя олганида эди, аҳвол бу даражага етмасди.

Эндиликда ҳар бир маҳаллада камбағаллик, янаям юмшоқроқ қилиб айтганимизда, кам таъминланган оилалар сонини камайтириш учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш асосий фаолият йўналишимиз бўлади. Англадикки, агар ҳудудларга чиқиб, маҳаллага бориб, уйма-уй юриб, оилалар билан манзилли ва мақсадли ишламас эканмиз, билдирилган ишончни оқлай олмаймиз.

«Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини ҳаётга самарали татбиқ этишда амалга ошириладиган ишлар ва кутилаётган натижалар бўйича Урганч туманидаги «Оёқ-боғ» маҳалласи мисолида раис ва ўринбосарларнинг ойлик, ҳафталик ва кунлик, соатбай иш режалари ишлаб чиқилди. Ҳар бир вилоятда, туман (шаҳар) ва маҳаллада мавжуд ўзига хос муаммолардан келиб чиқиб, намунали маҳалла, намунали кўча, намунали хонадонларни шакллантириш бўйича «Йўл харита»лари ижрога қаратилди.

Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида аҳоли вакиллари, хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, шунга амин бўлдикки, камбағал, кам таъминланган фуқароларга ўз қизиқиши ва ҳудуддаги имкониятларни ҳисобга олиб, ёрдам бера олсак, аниқ натижага эришган бўламиз.

Айни жиҳатдан келиб чиқиб, олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Бугун жамиятимизда инсон омилига бўлган муносабат тубдан ўзгариб бормоқда. Сабаби, яратилаётган барча имконият ва қулайликлар инсон учун, унинг тўлақонли бахтли ҳаёт кечириши учун. Шундай экан, бизнинг асосий иш режаларимизда ҳам инсонга бўлган муносабат етакчи ўринда туради. Аҳоли муаммоларини ўрганиш, оғир вазиятларда унга елкадош бўлиш, уларга ҳуқуқий, молиявий ёрдам кўрсатиш учун барча керакли чора кўрилади.

Маҳаллаларда муаммоли оилалар билан алоҳида-алоҳида ишлаш, уларнинг камчиликларини ўз вақтида бартараф этиш тизими жорий этилади. Жиноятчилик ошган ҳудудларда жиноятга мойил бўлган, доимий иш билан банд бўлмаган, ичкиликка ружу қўйган шахслар билан якка тартибда иш олиб борилади. Уларни ишга жойлаштириш орқали муаммолари бартараф этилади.

18 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазифалар муҳокама қилиниб, тегишли топшириқлар берилди.

Жумладан, Президентимиз йиғилишда ҳар бир оила билан манзилли ишлайдиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган янги тажриба яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Бунда уларнинг муаммоларини аниқлаш, ечимини топиш, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиш зарурлиги уқтирилди. Айни жиҳатдан келиб чиқиб, эндиликда вазирлик ходимлари нотинч оилалардаги аҳволни олдиндан ўрганиб, муаммони бартараф қилиш бўйича манзилли равишда иш олиб боришади. Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни қийнаётган ҳар бир масалага индивидуал ёндашилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини касбга ўқитиш мақсадида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида бошланган «Ишга марҳамат» мономаркази тажрибаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллежда ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан ташкил этилади. Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида кутубхона, маданият уйлари, кинохона, мусиқа ва санъат тўгараклари ташкил этилади.

Йиғинлар жиноятчиликни жиловлашда ҳам ташаббускор бўлиши керак. Шу маънода Президентимиз одамлар тинч-тотув яшаши учун ҳар бир маҳалланинг «қулф-калити» бўлиши кераклигини алоҳида қайд этди. Эндиликда маҳалладаги вазиятга профилактика инспектори билан бирга Миллий гвардия вакили ҳам бирдек жавоб бериши фаолиятимиз самарасида яққол акс этади.

Раҳмат МАМАТОВ,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш