1995 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келганларга фуқаролик берилади

— Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 1995 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келганларга фуқаролик берилишини айтиб ўтганди. Бу жараён қачондан бошланади?

Умиджон ҲАЛИМОВ.

Қашқадарё вилояти.

Беҳруз ИНОЯТОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими:

— 2020 йилнинг 13 март санасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди. Қонуннинг 6-моддаси 1-бандига мувофиқ, 1995 йил 1 январга қадар мамлакатимиз ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонун билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланди. Жумладан, Комиссия Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид илтимосномаларни кўриб чиқади, Президентга ушбу масалалар юзасидан таклифлар киритади. Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик шакллантирилади.

Ушбу қонуннинг 58-моддасига кўра, ҳужжатнинг 6-моддаси 1-банди 2020 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш