Фуқаронинг ер мулки ноқонуний тортиб олинганми?

Таҳририятимизга Самарқанд туманидаги «Қозиариқ» маҳалла фуқаролар йиғини 16-уйда истиқомат қилувчи Жамшид Жалиловдан шикоят хати келди. Хатда айтилишича, «Самарқанд — Қарши» автомагистралининг «Қўштамғали» йиғини ҳудудидан ўтувчи қисмида жойлашган темирчилик устахонаси бундан 6 йил муқаддам ноқонуний равишда бузилиб, унинг 20 сотихдан иборат майдони «Қутфи бобо» хусусий фирмасига ёнилғи қуйиш шохобчаси қуриш учун бериб юборилган.

Мазкур хатни ўрганиш мақсадида «Қўштамғали» ва «Қозиариқ» маҳаллаларида бўлиб, хат муаллифи, фаоллар ва мутасаддилар билан учрашдик.

Ҳокимлик устахонани бузиб, жойини текислаб беришди

Ҳукумат томонидан тасдиқланган Самарқанд шаҳрини ривожлантиришнинг Бош режасига кўра, эшкак эшиш канали атрофида сайёҳлик мажмуаси барпо этилиши муносабати билан айни пайтда ҳар иккала йиғин ҳудудида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шу боис бу ер катта қурилиш майдонини эслатади.

— Жамшид Жалилов бизнинг маҳаллада эмас, қўшни маҳаллада яшайди, аммо у даъво қилаётган ер майдони бизнинг ҳудудда жойлашган, — дейди «Қўштамғали» йиғини раиси Хайрулла Узоқов. — Унинг ўзи 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Билишимча, туман мутасаддилари унга бузилган устахонаси учун 18 миллион сўм миқдорда товон пули бериб, устахона учун бошқа яқинроқ ҳудуддан ер майдони таклиф қилишган. Аммо у бунга кўнмаяпти. Ўзимнинг эски жойимни олиб беринглар, деб туриб олган.

Раис айтган ва хатда келтирилган ҳудуд ҳозирда «Қутфи бобо» хусусий фирмасига тегишли бўлиб, ҳозир бу ерда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолият кўрсатмоқда.

— Мен бу жойни туман ҳокимининг тегишли қарори асосида 2011 йилда олганман, — дейди фирма раҳбари Зайниддин Алоҳиддинов. — Ўша пайтда мазкур ҳудудда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, мотель барпо этилиши керак эди. Бу ер эса эгасиз, ташландиқ ҳолатда ётганди. Шундай бўлса-да, мен устахонани бузиб, жойини текислаб беришса, кейин у ерда қурилиш қиламан, деб ҳокимлик вакилларига шарт қўйдим. Чунки объектнинг эгаси билан «сен-менга» бориб қолишдан чўчигандим. Сўнгра ҳокимлик вакиллари устахонани бузиб, жойини текислаб беришди. Дарвоқе, Ж.Жалилов жазони ўтаётганида солиқдан 9 миллион сўм атрофида қарз бўлиб қолган экан. Уни ҳам мен тўлаб бердим. У эса давлатдан товон пули олганига, бошқа ҳудуддан ер ажратишларига қарамай, ҳамон шу жойни олмоқчи.

Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида «Қозиариқ» йиғини раиси Давлат Аҳроров билан учрашдик.

— Жамшид Жалилов оқланиб келганидан буён бирорта ножўя хатти-ҳаракат қилгани ёки жамоат тартибини бузгани йўқ, — дейди у. — Ўзининг уйида темирчилик қилиб, фарзандларини боқади. Шу касбнинг орқасидан икки ўғлини уйлантириб, қизини чиқарди. Жамшид аканинг ер бўйича қилаётган даъвосидан бехабарман. Чунки унинг ўзи бу масалада маҳаллага чиқмаган. Шунинг учун ҳам бирор нарса дейишга ҳайронман.

Ер майдони нега тортиб олинган?

— Шу масалада ёрдам беришларини сўраб, беш йилдан бери мен ёзмаган ташкилот қолмади ҳисоб, аммо ҳеч кимдан маънили жавоб чиқмаяпти, — дейди Жамшид Жалилов. — Ниҳоят, туман ҳокимлиги ва Мажбурий ижро бюроси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президенти номига шикоят ёздим. Яқинда шу аризамга Самарқанд туман прокуратурасидан жавоб хати келди.

Хатни ўқир эканмиз, Ж.Жалиловга тегишли бўлган битта объект хатнинг икки жойида икки манзилда кўрсатилгани бизни ҳайрон қолдирди. Эътибор қилинг:

«Самарқанд туман, Қозиариқ маҳалласида яшовчи фуқаро

Дж.Джалиловга.

Мурожаатга жавоб

Хатингизни ўрганишда собиқ Ўзбекистон ширкат хўжалигига қарашли Самарқанд туман «Қўштамғали» мағалласида жойлашган умумий ер майдони 0,20 га. бўлган 535 кв.метр қурилиш ости майдонидан иборат 1970 йилда қурилган ишлаб чиқариш ва пайвандлаш цехи 26.11.2003 йилда тузилган олди-сотди шартномасига асосан, Сиз томонингиздан сотиб олинган... Бундан ташқари, Сиз Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, жазони ўташ муассасасида жазони ўтаётган вақтингизда Сизга тегишли бўлган тумандаги «Конигил» маҳалласида жойлашган 0,20 га. ер майдонидаги 535 кв.метрдан иборат ишлаб чиқариш ва пайвандлаш цехи бузилган...»

«...Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2009 йилдаги 277-сонли «Ўзбекистон миллий автомагистраль ёқасидаги объектларни ривожлантириш тўғрисида»ги чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура қурилиш қўмитасининг 02.01.2009 йилдаги
355/19/1-02 сонли хати ҳамда йўл ёқасидаги объектларни жойлаштириш бўйича республика комиссиясининг 01.01.2009 йилги 05/1-140 сонли баённомаларига асосан, туман ҳокимининг 20.04.2011 йилдаги 487-Қ сонли қарори билан «Қутфи бобо» хусусий фирмаси ва фуқаро Р.Шералиевларга МЧ «Конигил агротехсервис» агрофирмаси ҳудудидан мотель комплексини қуриш учун 1,05 га. ер майдони ажратиб берилган. Юқоридагиларга кўра, Сиз томондан сотиб олинган 535 кв. метрдан иборат ишлаб чиқариш ва пайвандлаш цехи биноси жойлашган 0,20 га. ер майдони қисман «Қутфи бобо» хусусий фирмаси ва фуқаро Р.Шералиевга қўшиб берилган...»

Туман прокурори Ж.И.Санаев»

«Менга бошқа жой керак эмас»

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2018 йил 28 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, Ж.Жалиловга етказилган моддий зарарни ундириш ва ҳудуддан 20 сотих ер майдонини ажратиб бериш Самарқанд тумани ҳокимлиги зиммасига юклатилган.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлимининг ҳисоб рақамига туман ҳокимлигининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маблағлари ҳисобидан Ж.Жалиловга тўлаш учун 17 миллион 373 минг 484 сўм товон пули кўчириб берилган. Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан М-39 «Тошкент — Термиз» автомагистрали ёқасидан товон тариқасида устахона қуриб олиш учун Жамшид Жалиловга ер майдони ажратиб бериш ҳам таклиф қилинган.

— Йўқ, менга бошқа ердан жой керак эмас, ўзимнинг еримни олмоқчиман, — дейди Ж.Жалилов. — Чунки улар таклиф қилаётган ҳудуд катта йўлдан ҳам, маҳалла марказидан ҳам анча чеккада жойлашгани боис у ерда устахона қуриш бефойда. Негаки, мижозлар жуда кам бўлади. Менга эса гавжум жой керак. Шунинг учун ўзимнинг еримни қайтариб олмоқчиман. Менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Ҳозирча уйда темирчилик билан шуғулланяпман. Болаларим билан дарвоза, панжаралар ясайман. Қора қозон ҳар ҳолда қайнаб турибди. Агарда шу масала ҳал қилинмаса яна ёзаман...

Хўш, бу масалада ким ҳақ?

Ер кодексининг 19-моддасида ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун берилиши белгиланган. Кодекснинг 36-моддасида айтилишича, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда ёки юридик шахс тугатилгандагина бекор қилинади.

Эътибор қилган бўлсангиз, Ер кодексининг 9-моддасига кўра, Жамшид Жалилов устахона учун ажратилган ерини умрбод мерос қилиб ололмайди ёки бошқага қолдиролмайди. Аммо айни пайтда шу кодекснинг 36-моддасига кўра, Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳам унинг мулки сифатида давлат кадастрида эътироф этилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишга ҳаққи йўқ. Хўш, унда бу масалада ким ҳақ? Ж.Жалиловми, унинг устахонасини бузиб, ерини бошқа кишига бериб юборган маҳаллий ҳокимликми?

Бизнингча, мазкур чигал низоли ҳолат юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2018 йил 28 ноябрдаги ҳал қилув қарори икки томон учун ҳам ягона одилона ечимдир. Энди Ж.Жалилов маҳаллий ҳокимлик томонидан товон сифатида ажратилган маблағ ва таклиф этилаётган ерни олиб, ундан фойдаланиши лозим. Акс ҳолда бу можаронинг охири кўринмайдиганга ўхшайди.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш