Президент фармони: аҳоли қурувчи фирибгарлардан ҳимояланади

Уй сотиб олиш кўпларнинг орзуси.  Бироқ йиллар давомида йиғиб-терган пулини уй қурилиш фирмасига ишониб берса-ю, у ноинсоф алдаб кетса...

Яқинда ана шундай муаммо билан Каттақўрғон шаҳри Зилола кўчаси 68-уйда яшовчи Дилдора Суюнова таҳририятимизга мурожаат қилди. У пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилаётган янги уйлардан бирини сотиб олиш учун қурилиш фирмасига аввалдан 100 фоиз тўлов қилган. 2018 йил январь ойида битиши керак бўлган уй 2020 йил бўлса-да, ҳамон «туя гўшти еб ётибди».

Яна бир ҳолатда эса, худди шу туманнинг «Спутник-6» даҳасида иккита 100 ўринли яшаш уйи қуриляпти. 5 қаватли бу уйнинг энди  4-қаватига девор урилган холос. Амалда эса, аксарияти сотиб бўлинган. Харидорлар 70 фоиз аввалдан тўлов қилишган.

Тўғри, бу бозор иқтисодиёти талаби. Аксар тадбиркорлар шу тарзда ишлаяпти. Аммо бизни иккилантирган жиҳат — уйлар бир неча олиб-сотарлар томонидан пулланяпти. Яна улар бир-биридан бехабар тарзда ишлаяпти. Нархлари ҳам турлича. Олиб-сотарларнинг айтишича, аввал бу уйлар қурилиши бошқа тадбиркор томонидан бошланган. Аммо маблағи етмагани учун сотган. Яна шубҳа туғилади: бу сафар ҳам қурилиш охирига етмай, аввалдан тўлов қилган харидорлар алданиб қолмасмикан?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ана шундай фирибгарликларнинг олдини олиш, қурилиш жараёнида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Фармондан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги матбуот котиби — вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси  Жамолиддин Қаландаров қуйидагиларни гапириб берди:

Фирибгарликнинг олди олинади

— Фармонда таъкидланганидек, уйларни улуш киритиш усулида қуриш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш Адлия, Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари, Марказий банк ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда бажарилади. Ҳужжат лойиҳаси бир қатор талабларга жавоб бериши керак.

Жумладан, улуш киритиш асосида уй-жойларни қуриш учун маблағларни жалб этишдан аввал келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари бор бўлиши, қурувчи ташкилотнинг банк ҳисоб рақамида жамланадиган улуш қўшганларнинг маблағларидан мақсадсиз фойдаланишни чеклаб қўйиш жорий этилади. Яъни уй қурилиши учун ажратилган пулдан ўзбошимчалик билан тадбиркорликнинг бошқа турларига пул ўтказиб юборилмайди.

Қурилишда улуш киритиш асосида иштирок этиш бўйича шартномаларни мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш учун маблағларни жалб этувчи қурилиш ташкилотларининг ягона реестри юритилади.

Улуш киритиш асосида қуриш қандай тартибда бўлади?

— Табиийки, уй қуриш учун кўп пул керак бўлади. Агар қурувчи хоҳласа керакли миқдордаги пулни банкдан олиши мумкин. Аммо катта фоизи билан қайтариши керак. Шу сабабли аксарият қурувчи ташкилотларга бу усул фойдадан кўра, зарарга хизмат қилади. Бунда улар учун энг яхши усул мижозлардан олдиндан тўлов йиғиб олиш ҳисобланади. Айнан мана шу жараёнда айрим қурилиш ташкилотлари томонидан истеъмолчиларни алдаш ҳоллари кузатилади.  Кўпинча молиявий пирамидага йўл қўйилади. Яъни қурувчи ташкилотлар йиғилган пулларнинг асосий қисмини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Ҳатто, бу пайтда уй қурилиши бошланмаган ҳам бўлиши мумкин. Юқоридаги фармон билан айни  шу қонунбузилишга тўсиқ қўйилди. Мисол учун, аҳолига 3 томонлама шартнома имзолаш усули таклиф қилинаётган бўлса, фуқаро банк ва қурилиш ташкилоти билан шартнома тузади. Пулни эса уйни қабул қилиб олгандан кейин тўлайди. Бунда фуқаро уйни ўзи топади, шартнома тузади. Қурувчи ўзига бириктирилган банк ҳисоб рақамини мижозга беради ва фуқаро бўлажак уйига тўлов қилади. Банк эса бу пуллар қандай мақсадда ишлатилаётганини кузатиб туради.

Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошади

— Фармон билан хорижий инвестиция ташкилотлари ва фирмалари учун муносиб қулайликлар, мақбул шарт-шароитларни яратиш ҳам кўзланган. Шу мақсадда республикамизда илк бор 2028 йил 31 декабрга қадар маълум бир шартлар асосида Европа иттифоқи, АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Буюк Британия, Жанубий Корея каби давлатларнинг шаҳарсозлик норма  ва қоидаларини қўллашга русхат этиляпти.  Лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш жараёнида хорижий эксперт ва консултантлар ҳам жалб қилинади. Шу билан бирга, Қурилиш вазирлиги қошида Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилади.

Марказ бинолар, иншоотлар ва уларнинг алоҳида элементларига бўлган хавфсизлик талабларини ишлаб чиқади. Норматив ҳужжатларнинг техник кутубхонаси ташкил қилинади. Мазкур электрон база нафақат миллий шаҳарсозлик нормаларини, балки хорижий илғор тажрибани ҳам ўзида жамлайди.

Яна бир муҳим жиҳат, бу — бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлик даражаси ёки иссиқлик ўтказувчанлик хусусияти ва бошқа техник параметрларига қараб, амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирларни ҳам нормативлар орқали белгилаб беради.

Барчаси аҳоли манфаатлари учун

— Буларнинг барчаси аҳоли ҳаётида қулайлик яратишга хизмат қилади. Биргина энергия самарадор қурилиш материаллари ва технологияларидан фойдаланиш орқали бинонинг энергия сарфи 40 фоизгача тежалади. Бунда, аввало, қурилиш объектининг нисбатан тезроқ муддатда ва арзонроқ  нархда битказилиши таъминланса, кейинчалик истеъмолчиларнинг, яъни  аҳолимизнинг электр ва газ таъминотига бўлган харажати сезиларли даражада қисқаради.

Фармонга асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат буюртмачилари ва давлат харид субъектлари томонидан молиялаштириладиган қурилиш ва реконструкция объектларининг лойиҳа ҳужжатлари, энергия самарадорлиги талабларига мувофиқ бўлиши шарт. 

Электрон рейтинг жорий этилади

— Шунингдек, лойиҳа-қидирув  ҳамда қурилиш пудрат ташкилотларининг элек­трон рейтингини жорий этиш ва уни «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграциялаш белгилаб берилди. Мазкур электрон рейтингларда эндиликда ташкилотларнинг иш тажрибаси, ходимлари, хусусан, малакали мутахассислари сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва ҳаттоки тўланган солиқларгача бўлган кўрсаткичлар акс этади. Бу билан хуфиёна иқтисодиётга барҳам берилади, соҳада коррупциянинг олди олинади.

Рейтингда пудрат ташкилотларига тегишли бўлган  қурилиши тугалланган объектлар ҳажми, шаҳарсозлик қонунчилигини бузиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларнинг мавжудлиги ва уларнинг ижроси каби кўрсаткичлар ҳам экс эттирилади.  Бу орқали буюртмачи ким бўлишидан қатъи назар, қурувчи ёки лойиҳачиларнинг энг муносибини танлаб олиш имконияти яратилади. Иккинчи томондан, соғлом рақобат шаклланиб, сифат яхшиланади.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб давлат харидларида иштирок этишда рейтингга киритилган ва тегишли мезонлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг дастлабки малакавий баҳолашдан ўтишлари, шунингдек, танлов (тендер) ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этишлари талаб этилмайди.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш