ДНК экспертизаси қайси ҳолларда бепул амалга оширилади?

— ДНК экспертизаси кўплаб мавҳумликларга ойдинлик киритиб, суд жараёнида адолатни таъминлашда асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу экспертиза нархлари қандай ва у қайси ҳолларда бепул амалга оширилади?

Шаҳриёр ЖАББОРОВ,

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани.

Д.АҲМЕДОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази лаборатория мудири в.б.:

— Тергов органлари томонидан тайинланган экспертизалар бепул амалга оширилади. Фуқаролик ишлари бўйича тайинланган ва аризалар асосида ўтказилган экспертизалар тўлов асосида ўтказилади. Ҳозирги кунда оддий ДНК экспертизасининг (1 дан 5 нафаргача бўлган шахс намуналари тадқиқотларини ўтказишда) нархи 2 083 707 сўм, ўртача турдаги тадқиқотлар (6 дан 9 нафаргача шахс намуналари тадқиқотларини ўтказишда) 4 021 189 сўм ва мураккаб тадқиқотлар 6 млн. сўмдан юқори. Тадқиқотлар нархи тақдим қилинаётган объектлар сонига ва турига қараб белгиланади. Экспертизани тақдим қилиш муддатлари эса уларнинг мураккаблигига қараб 30 кунгача бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кам харажат талаб қиладиган тадқиқот объектлари бор. Булар қон ва сўлак намуналари ҳисобланади. Бундай тадқиқотларнинг оддий турига, соч ёки қўл териси билан бирга олинган тирноқлар бўйича қилинадиган тадқиқотлар ўртача турига тўғри келади. Мураккаби эса суяк намунасини эксгумация қилиш – бу, асосан, тергов жараёнларида қўлланилади ва деярли буюртма асосида ўтказилмайди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш