Судларда ишлар автоматлаштирилган тизим орқали тақсимланади

Инсоният тарихида одил судлов доим мураккаб, долзарб масала бўлиб келган. Шу боис одамлар одил қозиларни ардоқлаган, уларнинг номи авлодлар тилида достон бўлган. Чунки улар эл корига ярайдиган, жамиятда адолат учун курашадиган шахслардир. Асримизга келиб, судларнинг мустақил, судьяларнинг ҳолис бўлиши ҳар доимгидан-да, муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада дунёнинг ривожланган мамлакатлари маълум ютуқларга эришган бўлса-да, уларнинг иш тажрибасида ҳам айрим хатоликлар кузатилиб туради. Бу эса кўпинча инсон омили билан боғлиқ бўлади. Соҳага жорий этилаётган замонавий технологиялар эса ана шундай хатоларни камайтириш учун хизмат қилади.

Тизим автоматлашмоқда

Кейинги йилларда юртимизда мазкур соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, оқлов ҳукмлари, очиқ суд мажлислари сони ошиб боряпти. Сайёр судлар фаолияти йўлга қўйилди. Хўш, суд тизимида яна қандай янгиликлар, хусусан, инсон омилини пасайтириш борасида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

— Судлар фаолиятининг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, иш юритиш сифати ҳамда аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида соҳада замонавий АКТ жорий этиляпти, — дейди Олий суд АКТ ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Баҳром Очилов. — Буни амалга ошириш учун қонуний асос — қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 августдаги «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий АКТни жорий этиш дастури тасдиқланди.

Ҳар қандай соҳага АКТни жорий этиш учун, аввало, шу йўналишдаги инфратузилмани ривожлантириш керак. Шу боис дастлаб янги ташкил қилинган иқтисодий ва маъмурий судлар компьютер ва идора техникаси билан тўлиқ таъминланди. Судлар ўртасида маълумот алмашиш учун ягона корпоратив алоқани ташкил этиш мақсадида барча суд бинолари оптик толали алоқа тармоғи орқали Олий суднинг корпоратив тармоғига уланди. Қолаверса, барча судлар ички локал тармоқ билан тўлиқ таъминланди.

Буларнинг барчаси судларнинг бир-бири билан масофадан туриб ҳужжат алмашиши, демакки, ортиқча вақт ва харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

Ахборот тизимларининг қулайлиги нимада?

Шунингдек, иш юритиш тартибини соддалаштириш, судьялар ва суд ходимларига қулай меҳнат шароитини яратиш, қоғоз ва бошқа канцелярия товарлари сарфини кескин қисқартириш мақсадида иқтисодий, маъмурий, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига тегишлича
«E-XSUD» ҳамда «E-SUD» ахборот тизимлари жорий қилинди.

— Соҳага жорий этилаётган ҳар бир янгилик, дастур муайян енгилликларни яратишга хизмат қилиши шарт, — дейди Б.Очилов. — «E-XSUD» ҳамда «E-SUD» ахборот тизимлари ҳам судлар фаолиятидаги яна бир янги босқич бўлиб хизмат қилади. Жумладан, тизим жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий судларга келиб тушган ишларни электрон тартибда рўйхатдан ўтказади. Суд ишларини кўриб чиқиш билан боғлиқ барча процессуал тартиб ва муддатларга риоя қилиниши устидан ҳамда статистик ҳисоботларни алоҳида, ҳудудий ва марказлаштирилган ҳолда онлайн тарзда мониторинг қилиш имконини беради.

Қолаверса, юридик ва жисмоний шахслар томонидан судларга тақдим этилган мурожаатларни электрон тартибда рўйхатдан ўтказиб, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш муддатларига риоя этилишини мониторинг қилиб боради. Бу ўз-ўзидан соҳадаги инсон омилини камайтириб, суд фаолиятининг шаффофлигини таъминлайди. Содда қилиб айтганда, судга иши тушган киши номаълум сабабларга кўра ҳукмни узоқ вақт кутишга, судьянинг вақти билан «ҳисоблашиш»га мажбур бўлмайди.

Энди суд раислари ишларни тақсимламайди

Юқорида қайд этилган янгиликлар суд тизимининг янгича ва самарали фаолият юритишида қўл келиши шубҳасиз. Лекин бу соҳада бажарилиши мўлжалланган барча юмушлар амалга оширилганини англатмайди. Зеро, тасдиқланган дастурда белгиланган ишларнинг бир қисми энди амалга ошади. Бунинг учун ҳам қонуний асос керак эди. Шу боис «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда кўриб чиқилди.

— Судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда, инсон аралашувисиз, автоматик равишда тақсимлаш тартиби амалиётга тўлиқ жорий этилади, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова. — Бу тартибнинг жорий этилиши билан суд иш юритувини оптималлаштириш ва соддалаштириш ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, муайян ишни кўриш учун суд таркиби шакллантирилишида судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиш, ишларни автоматик тарзда тақсимлаш учун суд раисларининг мазкур ваколатини бекор қилиш режалаштирилган.

Эътиборлиси, 2020 йил 1 февралдан бошлаб юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилди. Иқтисодий процессуал кодекснинг 150-моддасига даъвогар томонидан даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда юбориш имкониятини назарда тутадиган қўшимча киритилди. Бунда даъвогар-солиқ тўловчи ҳужжатлар юборилгани ҳақидаги тасдиқловчи маълумотни кейинчалик судга тақдим этиш учун ахборот тизими орқали юклаб олиш имкониятига эга бўлади.

МИБга электрон ҳужжат юборилади

— Судлар томонидан тўғридан-тўғри Мажбурий ижро бюросига юборилиши лозим бўлган ижро ҳужжатларини электрон кўринишда жўнатиш амалиёти жорий этилди, — дейди Б.Очилов. — Мазкур дастурий таъминот қатор имкониятларни яратди. Хусусан, судлар томонидан чиқарилган қарор (ижро варақаси, суд буйруғи) уларни ўз вақтида ижро этиш учун юборилади. Яъни тизим электрон бўлгани сабабли ҳукм чиқиш санаси ва унинг ижрога йўналтирилган кунини аниқлаш осонлашди. Қолаверса, бу ижрога доир маълумотларни электрон тарзда олиш имконини берди. Муҳими, бу жараёнда идоралараро турли хил солиштириш маълумотлари инсон омилисиз, электрон шаклда автоматик тарзда шакллантирилади.

Умуман олганда, суд тизимига АКТнинг кенг жорий этилиши нафақат ишларни шаффоф ва холис кўриб чиқишда, балки унинг ижросини тўла таъминлаш ва иқтисодий жиҳатдан ҳам тежамкорликка сабаб бўлади. Масалан, шу пайтгача судларда 20,1 мингдан зиёд суд мажлислари видеоконференц­алоқа режимидан фойдаланган ҳолда ўтказилиш натижасида тарафларнинг 14,4 млрд. сўм маблағи тежаб қолинган. Демак, қисқа фурсатларда бундай янгиланишлар сабаб судлар том маънода мустақил институтга айланади ва адолат тимсоли дея ҳақли равишда эътироф этилади.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 5
Mushtariy

2020-03-20 15:58:27

Хозир хам ишни бошка талкинда курадиган судиялар куконда сероб

Изоҳ қолдириш